XXI асрда рақамли технологиялар иқтисодиётнинг алоҳида тармоғи эмас, балки барча соҳаларни ҳаракатга келтирувчи янги инфратузилмага айланди. Шу маънода, рақамлаштиришни фақат компьютер, дастур ёки электрон хизматларни жорий этиш билан изоҳлаш тўғри эмас. У бошқарув маданиятини ўзгартириш, қарор қабул қилиш сифатини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, вақтни тежаш, шаффофликни таъминлаш ва энг муҳими, тараққиётнинг янги иқтисодий моделини шакллантириш демакдир.

Мамлакатимизда кейинги йиллардаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида рақамлаштириш ана шундай стратегик мазмун касб этмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, давлат бошқарувини замонавий талаблар асосида ташкил этишда рақамли технологиялардан фойдаланиш, инсон омили иштирокини қисқартириш, ортиқча бюрократик жараёнларни бартараф этиш ва давлат хизматларини аҳоли учун янада қулайлаштириш устувор вазифалардан бирига айланди. Бу борада белгиланаётган мақсадлар кўламига эътибор берсак, масаланинг нечоғлиқ муҳим эканини англаш қийин эмас. Электрон ҳукумат платформасини тубдан янгилаб, давлат хизматлари, минглаб функция ва вазифалар, юзлаб маълумотлар базаси ҳамда ахборот тизимларини ягона рақамли муҳитга интеграция қилиш вазифаси белгиланган. Бу эса давлат бошқарувида “маълумот — қарор — натижа” занжирини янги сифат босқичига олиб чиқишни англатади.

Энг муҳими, рақамлаштириш иқтисодиёт учун шунчаки техник янгилик эмас. У ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширадиган иқтисодий механизм. Масалан, бирор жараён қоғоз шаклида амалга оширилганда вақт, меҳнат, қоғоз, архив, транспорт ва бошқа харажатлар юзага келади. Шу жараён электрон шаклга ўтказилганда эса нафақат қоғоз, балки инсон меҳнати ва вақт сарфи ҳам қисқаради. Демак, рақамлаштиришнинг биринчи иқтисодий натижаси — харажатларни оптималлаштириш.

Иккинчи муҳим натижа — шаффофлик. Рақамли тизимдаги ҳар бир амалиёт, ҳар бир қарор ва ҳар бир ҳаракат муайян даражада электрон из қолдиради. Бу эса субъектив ёндашув, манфаатлар тўқнашуви, коррупциявий хавфлар ва яширин иқтисодий муносабатларнинг олдини олиш имконини кенгайтиради. Шу жиҳатдан рақамлаштириш иқтисодий бошқарув билан бир қаторда ҳалоллик ва институционал ишончни мус­таҳкамлаш воситаси ҳамдир.

Учинчи жиҳат — тезкорлик. Анъанавий бошқарувда маълумотни йиғиш, саралаш, таҳлил этиш ва қарор қабул қилиш учун анча вақт зарур. Рақамли бошқарув эса маълумотларни реал вақтга яқин режимда таҳлил қилиш, муаммони олдиндан кўриш ва тегишли чораларни ўз вақтида белгилаш имконини беради. Бугунги рақобат муҳитида эса вақтнинг ўзи иқтисодий ресурсдир.

Тўртинчи жиҳат — маълумотнинг қиймати. Илгари корхона ёки муассаса учун ер, бино, техника, маблағ ва меҳнат ресурс­лари асосий ресурс сифатида кўрилган бўлса, бугун улар қаторига ишончли ва тизимлаштирилган маълумот ҳам қўшилди. Қайси йўналишда қанча ресурс сарфланмоқда? Қайси жараён самарали? Қайси харажатни оптималлаштириш мумкин? Қайси инвестиция кўпроқ натижа беради? Бундай саволларга аниқ рақамларсиз жавоб бериш қийин.

Шу боис, замонавий молиячи учун рақамлаштириш бухгалтерия дастури ёки электрон ҳужжат айланишидан анча кенг тушунча. У далилга асосланган молиявий бошқарув тизимидир. Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт жадал ривожланаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ялпи қўшилган қийматнинг ўртача ўсиш суръати 24,8 фоизни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатидан 3,5 баробар юқори бўлган. Ахборот ва алоқа соҳасида иш билан таъминланганлар сони ҳам сезиларли кўпайган. Демак, рақамлаштириш энди келажакнинг мавзуси эмас, балки бугунги иқтисодий ўсишнинг муҳим омилларидан.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, рақамлаштиришнинг ҳақиқий самараси ­технология сифатида эмас, инсон имко­ниятларини кенгайтирувчи восита сифатида ишлаши билан белгиланади. Технология инсон ўрнини босиш учун эмас, аксинча, унинг вақтини тежаш, қобилиятини очиш, қарор қабул қилишини енгиллаштириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш учун хизмат қилса, ҳақиқий тараққиёт омилига айланади.

Шу нуқтаи назардан, олий таълим тизимидаги рақамлаштириш алоҳида аҳамиятга эга. Чунки университет фақат таълим берувчи муассаса эмас. У бир вақтнинг ўзида катта инсон капитали, молиявий ресурслар, моддий-техник база, ахборот оқими, илмий салоҳият ва бош­қарув қарорлари жамланган мураккаб ­ижтимоий-иқтисодий тизимдир.

Фарғона давлат университетида рақамлаштириш масаласига айнан ана шу нуқтаи назардан ёндашилмоқда. Бугун ­ОТМда рақамли таълим технология­ларини ривожлантиришга ихтисослашган алоҳида марказ фаолият юритмоқда. Унинг вазифаси таълим ва бошқарув ­жараёнларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳамда ушбу жараёнларни мувофиқлаштиришдан иборат. Марказ таркибида дастурчилар, тизим ва тармоқ администраторлари, веб-дизайнер, контент-менежерлар ва бошқа мутахассислардан иборат жамоа шакллангани университет рақамли инфратузилмаси оддий техник хизмат кўрсатиш даражасидан институционал бошқарув босқичига
кўтарилаётганини кўрсатади.

ОТМда рақамлаштириш фақат таълим билан чекланиб қолмаяпти. 2026/2027 ўқув йилига тайёргарлик жараёнида талабаларнинг турли масалалар бўйича электрон ариза топшириши, талабалар турар жойларига жойлашиш асносида рақамли платформалардан фойдаланиши каби имкониятлар кенгайди. Бундай ёндашув талаба учун вақт ва оворагарчиликни камайтирса, университет учун бошқарув жараёнини тартибга солиш, маълумотларни тизимлаштириш ҳамда ресурсларни самарали тақсимлаш имконини беради. Бунинг яна бир муҳим жиҳати бор: рақамлаштириш ресурсларни аниқ ҳисоблаш имконини оширади.

Рақамли трансформациянинг энг катта иқтисодий фалсафаси харажатни эмас, натижани бошқаришдир. Масалан, таълим жараёнида бирор лабораторияга маб­лағ ажратишнинг ўзи ҳали натижа эмас. Натижа шу лабораториядан қанча талаба фойдаланди, қандай илмий ишланмалар яратилди, қандай лойиҳалар амалга оширилди, қандай мутахассислар тайёрланди, уларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги қандай ошди деган саволларга жавоб билан белгиланади.

Бугун университетлар молиявий бош­қарувига янги талаблар қўйилмоқда. Энди молия бўлими фақат ҳисоб-китоб юритувчи тузилма бўлиб қолмаслиги керак. Замонавий молия хизмати стратегик қарорлар учун таҳлилий марказга айланиши зарур. Шу маънода, Фарғона давлат университетида таълим, илмий фаолият, талабалар билан ишлаш, бошқарув ва молиявий жараёнларни бир-биридан алоҳида эмас, ягона рақамли экотизим сифатида кўриш муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, сунъий интеллектнинг кириб келиши бу жараённи янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу ерда эътиборли жиҳат талабаларнинг сунъий интеллектни тайёр технология сифатида қўллаши эмас, балки унинг имкониятларидан фойдаланиб, янги ечимлар ишлаб чиқишга интилаётганидир. Чунки келажак иқтисодиётининг энг катта бойлиги технологиянинг ўзи эмас, аксинча, технология ярата оладиган инсон бўлади. Шу боис, университетнинг рақамлаштириш сиёсатида икки вазифа параллел равишда бажарилиши керак. Биринчиси, жараёнларни рақамлаштириш бўлса, иккинчиси рақамли иқтисодиёт учун янги авлод кадрларини тайёрлашдир.

Фарғона давлат университетида АT, сунъий интеллект, ахборот тизимлари ва технологиялари, молия ва молиявий технологиялар каби йўналишлар ривожланиб бораётгани ана шу эҳтиёжга ҳамоҳанг. ОТМнинг вазифаси — рақамли технологиялардан фойдаланадиган мутахассис тайёрлаш билан бирга рақамли муҳитда иқтисодий фикрлай оладиган, маълумотни таҳлил этадиган, инновацион қарорлар қабул қиладиган ва ўз ғоясини маҳсулотга айлантирадиган инсон капиталини шакллантириш.

Ўзбекистоннинг АT хизматлари ва дас­турий маҳсулотлар экспорти қийматини 5 миллиард долларга етказиш, соҳада юз минглаб ёшни банд қилиш, электрон ҳукумат соҳасида етакчи мамлакатлар қаторига кириш каби мақсадлар фақат технологик инфратузилма баробарида янги иқтисодий тафаккур ҳам талаб этади. Бундай шароитда университетлар олдидаги вазифа янада масъулиятли тус олади. Чунки рақамли иқтисодиётнинг кадрлар базаси айнан олий таълим тизимида шаклланади. Дас­турчи, иқтисодчи, молиячи, муҳандис, педагог, ҳуқуқшунос, журналист ёки файласуф, қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, замонавий мутахассис рақамли саводхон бўлиши, маълумот билан ишлай олиши ва технологиянинг ижтимоий оқибатларини тушуниши зарур.

Шу ўринда рақамлаштиришнинг яна бир муҳим жиҳати — рақамли маданият масаласига тўхталиш лозим. Технология қанчалик кучли бўлмасин, ундан фойдаланадиган инсон масъулиятсиз бўлса, кутилган натижага эришиш имконсиз. Рақамли муҳитда ахборот хавфсизлиги, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, кибермаданият, академик ҳалоллик, интеллектуал мулк ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш масалалари аҳамияти тобора ошмоқда. Зеро, рақамлаштиришнинг энг катта хавфи — технологияни мақсад деб қабул қилиш. Аслида, технология — восита. Мақсад эса инсонга қулай, иқтисодий жиҳатдан самарали, шаффоф, адолатли ва рақобатбардош тизим яратишдир. Шу нуқтаи назардан, рақамлаштириш фақат техник ислоҳот эмас. У давлат бошқаруви, иқтисодиёт, таълим, илм-фан ва жамият ҳаётининг ички мантиғини ўзгартираётган тамаддуний жараёндир.

Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида бу жараённинг стратегик аҳамияти шундаки, рақамлаштириш бизга ресурслари чекланган шароитда ҳам самарадорликни ошириш, инсон капиталига таянган иқтисодий ўсишни таъминлаш ва давлат хизматларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.

Фарғона давлат университетида бу жараён таълим, бошқарув, талабалар билан ишлаш, инновация ва рақамли технология­ларни ривожлантириш йўналишларида намоён бўлаётир. Бугун ОТМда жорий этилган ҳар бир замонавий рақамли ечим эртанги иқтисодиёт учун тайёрланаётган кадр, тежалаётган вақт, самарали бошқарилаётган маблағ, оширилаётган таълим сифати ва шаклланаётган янги тафаккурдир. Энг муҳими, рақамлаштириш инсонни тизимга мослаштириш эмас, тизимни инсон учун янада ақлли, тезкор, адолатли ва қулай қилиш тамойилига хизмат қилиши керак.

Янги Ўзбекистоннинг рақамли келажагини қуриш ҳақида гапирар эканмиз, унинг асосий пойдевори технология эмас, инсон эканини унутмаслик зарур. Зеро, энг замонавий дастур ҳам, энг кучли сунъий интеллект ҳам, энг мукаммал рақамли платформа ҳам одам манфаатига хизмат қилгандагина ҳақиқий иқтисодий ва ижтимоий қийматга айланади. Фарғона давлат университетининг бу жараёндаги вазифаси эса фақат рақамли технологиялардан фойдаланиш эмас, балки рақамли иқтисодиётни яратадиган, бошқарадиган ва унинг инсонпарвар мазмунини таъминлайдиган янги авлодни тарбиялашдир.

Позилжон ОТАҚУЛОВ,

Фарғона давлат университети

молия-иқтисод ишлари бўйича

проректори, доцент