Икки кун давом этадиган мазкур анжуманда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг оммавий ахборот воситаларига таъсири борасидаги илмий қарашлар ўртага ташланади. ЎзЖОКУ, Тошкент давлат юридик юниверситети, Қорақалпоқ давлат университида ташриф буюрган профессорлар ва ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар замонавий медиамаконда контент яратиш ва тарқатиш жараёнларида юзага келаётган ҳуқуқий ва ахлоқий масалаларини ўз маърузалари орқали таҳлил қилмоқда.

Айниқса, сунъий интеллект орқали яратилаётган материаллар, уларнинг ишончлилиги, муаллифлик ҳуқуқи ва журналистика стандартларига мослиги каби жиҳатлар муҳокаманинг марказида бўлди.

Анжуманнинг биринчи кунида соҳанинг етакчи тадқиқотчилари ва профессор-ўқитувчилари иштирок этиб, ўз илмий қарашлари ва таҳлиллари билан ўртоқлашди. Иккинчи кун эса ёш изланувчилар — магистратура талабалари учун ажратилган бўлиб, улар ўз илмий ишланмалари ва тезислари билан қатнашади.

Муҳокамалар доирасида сунъий интеллектнинг журналистикадаги ўрни, фактчекинг жараёнларига таъсири, телерадиоканаллар ва глобал рақамли платформалар ўртасидаги рақобат, шунингдек, журналистларнинг янги технологиялар шароитидаги кўникмалари каби қатор муҳим масалалар кўтарилди.

Мазкур конференция медиа соҳасидаги ўзгаришларни илмий жиҳатдан баҳолаш, мавжуд муаммоларга ечим излаш ва янги тенденцияларни шакллантиришда муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.