Ҳолат юзасидан "Hududiy elektr tarmoqlari" АЖ расмий изоҳ берди.
Қайд этилишича, Президентнинг 2026 йил 22 сентябрдаги ПФ–202-сон Фармони билан тадбиркорлик субъектлари учун электр энергияси бўйича 15 фоизлик олдиндан тўлов механизми жорий этилган.
Ушбу тартибга мувофиқ, намунавий истеъмолчи мақомига эга юридик шахслар ҳисобот ойи бошлангунига қадар шартномада белгиланган электр энергияси қийматининг 15 фоизини тўлайди. Қолган маблағ эса ой давомида эҳтиёждан келиб чиқиб, қисмларга бўлиб тўланиши мумкин.
Бироқ мазкур имтиёз барча тадбиркорлик субъектларига тааллуқли эмас. Ундан фойдаланиш учун корхона қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭҲНАТ) уланган бўлиши;
масофадан бошқариш имкониятига эга ҳисоблагич билан таъминланган бўлиши;
электр энергияси учун муддати ўтган қарздорлиги бўлмаслиги;
электр энергиясидан фойдаланиш ва уни ҳисобга олиш қоидаларини бузмаган бўлиши.
Шунингдек, сўнгги икки ой давомида тўлов интизомига риоя қилмаган истеъмолчилар ушбу имкониятдан фойдалана олмайди.
Расмий маълумотга кўра, 15 фоизлик олдиндан тўлов тартибидан фойдаланиш ҳуқуқи ЭҲНАТ ва ҳисоб-китоб маълумотлари асосида автоматик аниқланади. Бунинг учун тадбиркорлардан алоҳида ариза ёки қўшимча келишув талаб этилмайди.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ маълум қилишича, мазкур тизимни жорий этиш бўйича техник ишлар тўлиқ якунланган.
Агар тадбиркорлик субъекти белгиланган талабларга жавоб берса-да, 15 фоизлик тўлов тартибидан фойдалана олмаётган бўлса, 1154 қисқа рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.