Шу маънода, туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилишида айнан таълим, илм-фан ва инновациялар стратегик аҳамият касб этмоқда. Чунки мазкур йўналишлар нафақат иқтисодий ўсиш ёки кадрлар тайёрлашга, балки халқлар ўртасидаги маънавий яқинлик, умумий цивилизацион макон ва келажак тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади.

Президентимиз саъй-ҳаракати билан тур­кий давлатлар билан муносабатларда мутлақо янги муҳит шаклланди. Айниқса, олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги кенг кўламли лойиҳалар туркий интеграциянинг амалий механизмига айланиб бормоқда. Айни пайтда Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркманистон билан юзлаб университетлараро шартномалар, қўшма таъ­лим дастурлари, академик алмашинувлар ва илмий тадқиқот лойиҳалари амалга оширила­ётгани шундан далолат.

Яқинда Қозоғистонда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий самми­тида ҳам таълим, илм-фан, инновациялар ва сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорлик тур­кий интеграциянинг устувор йўналиши сифа­тида эътироф этилди. Хусусан, Тошкентдаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгари­шини ўрганиш университетида Туркий давлат­лар ёшлари учун 2026-2027 ўқув йилида 50 та грант ажратилиши маълум қилинди. Бу ташаб­бус туркий давлатлар ўртасида экологик илм- фан ва “яшил” таълим соҳасида ҳамкорликнинг янги йўналишини шакллантирмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон олий таълим му­ассасалари ўртасида 280 дан ортиқ шартнома ва меморандумлар амал қилмоқда. Сўнгги йил­ларда икки давлат ўртасида талабалар алмаши­нуви кескин ошди. Хусусан, 2025/2026 ўқув йилида Ўзбекистон ОТМларида таҳсил ола­ётган қозоғистонлик талабалар сони 1000 дан ошган. Шу билан бирга, Қозоғистон олий таълим муассасаларида 5500 дан зиёд ўзбе­кистонлик талаба ўқимоқда. Ўз навбатида, олийгоҳлар филиалини очиш амалиёти туркий таълим интеграциясининг янги босқичини бошлаб берди. Жанубий Қозоғистон универ­ситетининг Чирчиқ шаҳридаги филиали ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини ме­ханизациялаш муҳандислари институти Мил­лий тадқиқот университетининг Олмаотадаги филиали ана шундай муҳим лойиҳалардан. Бу кадрлар тайёрлаш билан бир қаторда умумий таълим стандартларини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Қирғизистон билан ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Икки мамлакат олийгоҳлари ўртасида 90 дан ортиқ шартнома ва меморан­дум имзоланган. 2023 йили Ўш шаҳрида, 2024 йили эса Самарқандда икки давлат ректорлари­нинг форуми ўтказилиб, ўнлаб янги келишув­ларга эришилди. Бу форумлар туркий давлат­лар олий таълим маконини шакллантиришда муҳим платформа вазифасини бажармоқда.

Ўзбекистон томонидан қирғиз ёшлари учун давлат грантлари ажратилиши ҳам муҳим. 2021 йилдан бошлаб Қирғизистон фуқаролари учун ҳар йили 100 та давлат гранти ажратиляпти. Бу эса таълим орқали инсон капитали интеграция­сини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Озарбайжон билан ҳамкорликда эса мада­ний-маърифий йўналишлар алоҳида ўрин ту­тади. Икки мамлакат олийгоҳлари филология, адабиёт, санъат, туризм, нефть-газ иши ва тиб­биёт соҳаларида қўшма ташаббуслар амалга оширилмоқда.

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Фузулий номидаги Озарбай­жон маданияти, таълими ва тадқиқотлари маркази фаолият юритиши, Бокуда Алишер Навоий илмий маркази ташкил этилиши икки халқ ўртасидаги маънавий яқинликнинг ёрқин намунасидир. Бу каби марказлар туркий халқларнинг умумий адабий ва маданий меро­сини чуқур ўрганишга хизмат қилмоқда.

Туркий давлатлар интеграциясининг маъ­навий асосларини мустаҳкамлашда буюк аждодлар меросини биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилиш муҳим. Айниқса, ҳазрат Алишер Навоий мероси туркий халқларни бирлаштирувчи улкан маънавий кўприк вази­фасини бажармоқда. 2026 йил 13 февраль куни ТУРКСОЙ бош қароргоҳида Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан “Алишер Навоий — туркий адабиётнинг буюк намояндаси” мавзусида халқаро анжуман ўт­казилди. Унда туркий дунё мамлакатларининг илм-фан, адабиёт ва дипломатия соҳаси вакил­лари, нуфузли олимлар ва ижодкорлар иштирок этди.

ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев Навоийни туркий дунёнинг умумий виждони ва цивилизацион тимсоли сифатида эътироф этди. Анжуманда Навоий асарларини замона­вий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш, қўлёзмаларни ўрганиш, нашр ва таржима ишларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, “Хамса”нинг озарбайжон тилига тўлиқ таржима қилиниб нашр этилга­ни, “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг қатор тур­кий тилларга ўгирилгани Навоий меросининг умумтуркий маънавий бойликка айланганини кўрсатади.

Анжуман доирасида Тошкент давлат ўз­бек тили ва адабиёти университети томонидан амалга оширилаётган халқаро илмий лойиҳа­лар тақдим этилди. Шунингдек, туркий дунё маданияти ва адабиёти ривожига қўшган ҳисса­си учун қатор ўзбек олим ва ижодкорларининг ТУРКСОЙ медали билан тақдирланиши ҳам маънавий ҳамкорликнинг юксак эътирофи бўл­ди.

Туркий давлатлар ўртасидаги илмий-ма­даний ҳамкорликда туркология соҳаси алоҳи­да ўрин тутади. 2025 йил 8 апрель куни Боку Славян университетида I туркологик қурултой­нинг 100 йиллигига бағишланган халқаро тур­кологик тадқиқотлар конференциясининг ўтка­зилиши бу борадаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатди. Анжуманда Озар­байжон Миллий Фанлар академияси, Туркия, Қозоғистон ва Ўзбекистон олий таълим муас­сасалари раҳбарлари, етакчи олимлар ҳамда Наманган давлат университети делегацияси иштирок этди. Конференция доирасида турко­логия соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг ис­тиқболли йўналишлари, умумий тарихий-ма­даний меросни ўрганиш ва халқаро академик ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳо­кама қилинди.

Туркманистон билан ҳамкорликда эса гума­нитар ва илмий йўналишлар уйғун ривожлан­моқда. Ўзбекистон ва Туркманистон олимлари ўртасида қўшма тадқиқотлар, олимпиадалар, халқаро конференциялар ва илмий лойиҳалар мунтазам ташкил этилмоқда. Хусусан, икки мамлакат ўртасида қўшма илмий лойиҳалар танловининг йўлга қўйилиши ва 2024 йилдан бошлаб 4 та қўшма тадқиқотнинг молиялашти­рилиши муҳим ўринга эга.

Туркия билан ҳамкорлик эса туркий инте­грациянинг энг йирик ва институционаллаш­ган йўналишларидан. Сўнгги йилларда Ўзбе­кистон ва Туркия олий таълим муассасалари ўртасида 200 дан ортиқ ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Икки мамлакат ректорлари форум­лари доирасида эса ўнлаб янги лойиҳаларга старт берилди.

Туркиянинг нуфузли университетлари би­лан қўшма таълим дастурлари, технопарклар, муҳандислик ва юқори технологиялар соҳаси­даги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, TUSAŞ компанияси билан дрон технологиялари бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, “Yildiz” технопарки концепцияси асосида инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркини барпо этиш, Тошкентда Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университети филиалининг фаолияти туркий ин­новацион ҳамкорликнинг янги моделидир.

Бугун туркий давлатлар интеграцияси фақат маданий яқинлик ёки тарихий муштараклик би­лан чекланиб қолмаяпти. Энди у инновациялар, стартаплар, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, муҳандислик ва илмий тадқиқотлар орқали янгича мазмун касб этмоқда.

Шу билан бирга, туркий давлатлар ўртаси­да академик мобилликнинг кучайиши, диплом ва квалификацияларни ўзаро тан олиш, ягона таълим платформаларини яратиш, илмий жур­наллар ва тадқиқот фондларини ташкил этиш бўйича таклифлар ҳам илгари сурилмоқда. Энг муҳими, мазкур жараёнлар ортида инсон капиталига инвестиция, ёш авлодни умумий қадриятлар асосида тарбиялаш ва интеллектуал бирликни таъминлаш ғояси мужассам. Чун­ки XXI асрда давлатлар тақдири нефть ёки газ билан эмас, балки билим, технология ва ин­новациялар билан белгиланади. Шу маънода, таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик туркий давлатлар интеграциясининг энг барқарор, энг истиқболли ва энг кучли драй­верига айланмоқда. Бу жараён туркий халқлар­ни янада яқинлаштириш баробарида Евроосиё маконида янги интеллектуал ва технологик мар­каз шаклланишига ҳам хизмат қилади.

Туркий давлатлар интеграциясини янги босқичга олиб чиқаётган муҳим омиллардан бири олий таълим муассасалари ўртасидаги институционал ҳамкорликнинг мустаҳкамла­наётганидир. Бугун Ўзбекистон 100 дан ортиқ олий таълим муассасасини бирлаштирган.

Туркий университетлар иттифоқи (TÜRKÜNİB)га 2025-2026 йилларда раислик қилаётгани мамлакатимизнинг мазкур йўна­лишдаги фаол ва ташаббускор сиёсатини яққол намоён этмоқда. 2025 йил 15 октябрь куни Тошкент халқаро университетида “Туркий илм-фан ва инновациялар кунлари” доирасида иттифоқнинг 8-бош ассамблеяси бўлиб ўтди. Ассамблеяда Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Венгрия, Шимолий Кипр ва Ўзбекистондан 69 та университетнинг қарийб 200 делегати қатнашди.

Тадбир доирасида “TurkBarometer” лойиҳаси натижалари тақдим қилиниб, туркий давлатлардаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва интеграция тенденциялари муҳокама қилин­ди. U2U – “University-to-University” формати­даги учрашувлар эса университетлараро янги шериклик алоқалари учун амалий майдон ва­зифасини ўтади.

Бугун туркий давлатлар ўртасида ягона академик маконни шакллантиришга хизмат қилаётган муҳим институционал платформа­лардан бири Тошкент шаҳрида ташкил этилган Туркий давлатлар халқаро университетидир. Мазкур университет туркий мамлакатлар ўрта­сида таълим, илм-фан ва инновациялар соҳаси­даги ҳамкорликни чуқурлаштириш, замонавий кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий тадқиқот­ларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Университетда таълим йўналишлари, бошқарув модели ва академик жараёнлар тур­кий давлатлар ўртасидаги ўзаро интеграция тамойиллари асосида шакллантирилмоқда. Шунингдек, мазкур олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар ва талабалар академик алмашинувини кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга оши­риш учун муҳим мулоқот майдони вазифасини бажармоқда.

Туркий давлатлар ўртасидаги интеграция фақат таълим ва илм-фан билан чекланиб қол­маяпти. Ёшлар сиёсати, талабалар алмашинуви ва спорт дипломатияси ҳам мазкур жараённинг муҳим қисмига айланмоқда. Хусусан, 2025 йил сентябрда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар III уни­версиадасида Ўзбекистон делегациясидан 80 нафар талаба-спортчи иштирок этди. Мазкур мусобақалар туркий мамлакатлар ёшлари ўр­тасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкам­лаш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда умумий ёшлар маконини ривожланти­ришга хизмат қилмоқда.

Бугун туркий давлатлар ўртасида шаклланаётган интеллектуал ҳамкорлик нафақат университетлар ёки илмий муассасаларни, балки халқларни ҳам бир-бирига яқинлаштир­моқда. Бу эса умумий тарих ва маънавий ме­росга таянган ҳолда замонавий тараққиётнинг янги моделини яратиш имконини бермоқда. Шу маънода, таълим, илм-фан ва инновация­лар туркий давлатларнинг умумий келажагини боғлаб турувчи энг кучли маънавий ва интел­лектуал кўприкка айланмоқда.

Назокат АБДУҚУНДУЗОВА,

Олий таълим, фан ва инновациялар

вазирлиги ахборот хизмати раҳбари