Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мутахассисларининг таъкидлашича, нитратлар ўсимликлар ўсиши учун зарур табиий бирикма бўлса-да, уларнинг меъёрдан ортиқ тўпланиши инсон саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин.

Санитария қоидаларига мувофиқ, тарвузда нитратларнинг рухсат этилган миқдори 60 мг/кг, қовунда эса 90 мг/кгдан ошмаслиги керак.

Нитратлар маҳсулотнинг ташқи кўриниши ёки таъми орқали ҳар доим ҳам аниқланмайди. Улар организмга тушгач, нитритларга айланиб, қондаги гемоглобиннинг кислород ташиш қобилиятини пасайтириши мумкин. Бу эса бош оғриғи, кўнгил айниши, ҳолсизлик каби салбий оқибатларни келтириб чиқаради.

Мутахассислар нитратлар миқдорини аниқлаш махсус лабораторияларда ионометрия, спектрофотометрия ва хроматография каби усуллар орқали амалга оширилишини маълум қилди. Истеъмолчилар эса нитрат-тестерлар ёки экотестерлар ёрдамида маҳсулотларни дастлабки баҳолашлари мумкин.

Тарвуз танлашда пўстлоғининг бутунлиги, бандининг қуригани ва ерга теккан қисмидаги доғнинг тўқ сариқ рангда бўлишига эътибор бериш тавсия этилади. Қовун эса хушбўй ҳид таратиши, пўстлоғи қаттиқ ва ташқи кўриниши шикастланмаган бўлиши лозим.

Шунингдек, полиз маҳсулотларини фақат расмий савдо нуқталари ва деҳқон бозорларидан харид қилиш, кесилган тарвуз ва қовунни сотиб олмаслик ҳамда маҳсулотлар лаборатория назоратидан ўтганлиги ҳақидаги маълумот билан қизиқиш тавсия этилмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълумотига кўра, жорий мавсумда тарвуз ва қовунларда нитратлар миқдорининг белгиланган меъёрдан ошган ҳолатлари аниқланмаган. Айни пайтда бозорлар ва савдо нуқталарида профилактик назорат тадбирлари мунтазам олиб борилмоқда.