Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари пойтахтнинг муҳим транспорт йўналишларидан бири — Махтумқули кўчасидаги транспорт оқимларини таҳлил қилди.
Ҳаракат интенсивлиги, транспорт оқимининг кун давомида тақсимланиши, светофор сиклларининг давомийлиги ҳамда чорраҳалар орасидаги ҳаракатланиш вақтига оид маълумотлар асосида светофорлар иши "яшил тўлқин" тамойили бўйича ўзаро мувофиқлаштирилди.
Амалга оширилган ишлар доирасида Махтумқули кўчасидаги 11 та светофор объекти ўзаро мувофиқлаштирилди.
Ушбу йўналишда суткалик ўртача транспорт оқими қарийб 90 мингта автомобилни ташкил этади.
Тизим транспорт оқимининг асосий йўналишини инобатга олган ҳолда икки хил режимда ишлайди:
00:00 дан 13:00 гача — Тошкент шаҳри маркази йўналишида, Махтумқули ва Янги Ўзбекистон кўчалари кесишмасидаги уч даражали йўл ўтказгичдан Амир Темур хиёбони томон;
13:00 дан 00:00 гача — Тошкент вилояти йўналишида, Амир Темур хиёбонидан Махтумқули ва Янги Ўзбекистон кўчалари кесишмасидаги уч даражали йўл ўтказгич томон.
Мувофиқлаштирилган йўналиш бўйича ҳисобланган ҳаракат тезлиги 55 км/соатни ташкил этади. Тавсия этилган тезликда ҳаракатланганда автомобил кейинги чорраҳаларда яшил чироқ учун ҳисоблаб чиқилган вақт оралиғига кетма-кет тушиб боради.
Амалга оширилган оптималлаштириш натижасида:
йўналишнинг ўтказувчанлик қобилияти 12 фоизга ошди;
йўналиш бўйлаб ўртача ҳаракатланиш вақти 10 фоизга қисқарди.
Шу ўринда муҳим жиҳатни таъкидлаш лозим: "яшил тўлқин" бутун йўналиш давомида светофорнинг узлуксиз яшил ёниб туришини англатмайди. Бу — светофор сиклларининг математик ҳисоб-китоблар асосида ўзаро мувофиқлаштирилган тизимидир.
Ҳақиқий ҳаракатланиш вақти айни пайтдаги йўл вазиятига ҳам боғлиқ. Жумладан, транспорт оқимининг зичлиги, ҳайдовчиларнинг белгиланган тезликка риоя қилиши, транспорт воситаларининг қатор алмаштириши, жамоат транспорти ҳаракати, пиёдалар учун ажратилган фазалар ҳамда йўл ҳолатидаги вақтинчалик ўзгаришлар бунга таъсир кўрсатиши мумкин.
Йўл-транспорт ҳодисаси, ҳаракат тасмасининг вақтинча ёпилиши, йўл-таъмирлаш ишлари ёки маълум бир ҳудудда транспорт оқимининг кескин ортиши кузатилган ҳолатларда ҳаракат кўрсаткичлари ҳисобланган параметрлардан вақтинча фарқ қилиши мумкин. Йўлдаги вазият меъёрига қайтгач, мувофиқлаштирилган тизим белгиланган режимда ишлашда давом этади.
Шундай қилиб, "яшил тўлқин" тизимининг асосий вазифаси — автомобилнинг ҳар бир тўхташини бутунлай бартараф этиш эмас, балки тўхташлар сонини имкон қадар камайтириш, чорраҳалардаги кутиш вақтини қисқартириш ва бутун йўналиш бўйлаб транспорт оқимининг бир маромда ҳаракатланишини таъминлашдан иборат.
Натижада йўлнинг қатнов қисмини жисмонан кенгайтирмаган ҳолда мавжуд кўча-йўл инфратузилмасидан янада самарали фойдаланиш имконияти яратилади.
Марказ мутахассислари Тошкентнинг бошқа ҳудудларида ҳам транспорт оқимларини таҳлил қилиш ва светофорларни ўзаро мувофиқлаштириш бўйича ишларни давом эттирмоқда.