Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси маълум қилишича, Тошкент тумани ҳокими ўринбосари тадбиркорга қурилиш технологиялари ва композит эшиклар ишлаб чиқариш саноат мажмуасини ташкил этиш учун туман ҳокимлиги балансида бўлган 1 гектар ер майдонини олиб беришни ваъда қилган.
У давлат активларини бошқариш тизимидаги танишлари орқали ушбу ерни аукцион савдоларига чиқариш ва тадбиркорга олиб бериш эвазига 25 минг доллар талаб қилган.
ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс сўралган пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «г» банди ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.