2026 йил Рамазон ойида муҳташам қиёфада очилган Имом Бухорий мажмуаси остонасидан ҳатлаб ўтишим билан ичимдаги “расмий журналист” бирдан сукут сақлади-ю, ўрнини оддий мўмин, бир ўзбек зиёлисининг ҳайрати ва ҳаяжони эгаллади.
Биз бу ерга келганда нимани кутган эдик ва аслида нимани топдик? Кўпчилик шунчаки кенгайтирилган масжид ёки чиройли зиёратгоҳ кўришни кутган бўлиши мумкин. Аммо меъморчиликнинг ушбу улуғвор дурдонаси қаршисида турганда инсон ўз-ўзидан кутмаган, фақат қалб кўзи билан илғаб олинадиган шундай самимий ҳақиқатларга дуч келар эканки, бу ҳақда шукрона билан ёзмасликнинг иложи йўқ.
Асрларга татигулик маҳобат
Рақамлар ҳақида гапирганда ақл шошади: лойиҳа асосида мажмуа майдони нақд 45 гектарга кенгайтирилди. Марказда 10 минг кишини бир вақтнинг ўзида бағрига оладиган улкан масжид, баландлиги 75 метр бўлган 4 та улуғвор минора ва миллий услубда ишланган 154 устунли муҳташам айвон қад ростлабди. Илгари бу ер бир кунда аранг 12 минг зиёратчини қабул қилган бўлса, бугун ушбу муқаддас қадамжонинг қуввати 65 минг кишини ташкил этмоқда. Мажмуага ёндош 15 гектар майдонда замонавий меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилган.
Журналист сифатида мен бу улкан маҳобат ортида, аввало, Президентимизнинг юксак миллий ғурури, сиёсий иродаси ва қатъиятини кўрдим. Ушбу мажмуани қайта қуриш ғояси илк бор ўртага ташланганда кўпчилик бунчалик кенг кўламли, асрларга татигулик лойиҳани амалга ошириш мумкинлигига шубҳа билан қараган эди. Аммо давлатимиз раҳбари шахсан ўзи қурилишнинг ҳар бир босқичини назорат қилиб, бу ер нафақат зиёратгоҳ, балки дунё ислом маърифатининг энг катта маркази бўлиши керак дея қатъий талаб қўйди. Президентимизнинг мана шу қатъияти ва узоқни кўра билиш сиёсати туфайли бугун Самарқанд тупроғида миллатимизнинг минг йиллик юзини ёруғ қиладиган мўъжиза содир бўлди.
Муҳаддислар султони бўлмиш Имом Бухорий бобомиз ўз даврида илм излаб минглаб чақирим йўл босган. У зотнинг ҳаёти заҳмат ва машаққатдан иборат эди. Мана, орадан асрлар ўтиб, Яратган у зот ётган тупроқни шундай улуғлади. Дунёнинг тўрт бурчагидан келган мўмин-мусулмонлар ҳеч қандай қийинчиликсиз, шоҳона шароитда бобомизнинг меросини ўрганмоқда. Бу бизга илм ва ихлос йўлидаги ҳеч бир амал беиз кетмаслигини кўрсатади. Янгиланган мажмуанинг ҳар бир мармар тоши бизни сабр ва меҳнат ортидаги мукофотга ишонишга, Яратганнинг ушбу кунларига шукрона айтишга ундайди.
Оддийликдаги буюклик
Қурилиш жараёни бир неча йил давом этди. Шу йиллар давомида бир ҳақиқатга гувоҳ бўлдик: давлатимиз раҳбари Самарқандга ҳар гал ташриф буюрганида, албатта, Хартангга — Имом Бухорий мажмуасига киради.
Мени журналист, инсон сифатида энг қаттиқ таъсирлантирган, кўзимга ёш қалқитган жиҳат бошқа нарса бўлди. Президентимиз қурилиш майдонига келганида фақат чизмаларга қарамади. Атрофдаги маҳаллаларда яшовчи оддий одамлар, хонадон эгалари билан, қўллари қадоқ ғишт терувчи усталар, ёғоч ўймакорлари билан соатлаб самимий суҳбат қурди. Уларнинг ҳол-аҳволини, бола-чақасининг соғлиғини сўради.
Ҳатто ишониш қийин бўлган бир воқеани айтиб беришди: Президентимиз қурувчиларнинг ётоқхонаси, яшаш шароити ва энг муҳими — кундалик ейдиган ош-овқатигача суриштирган. Усталаримиз нима еяпти? Овқати тўйимлими, гўшти жойидами? Улар уйидан узоқда меҳнат қиляпти, уларга ҳамма шароитни қилиб беринглар деб куйинган экан.
Қанчалар бағрикенглик! Дунёда давлат раҳбари кўп, лекин улкан глобал муаммолар, халқаро сиёсат қайнаб турган бир пайтда қурилишдаги оддий ишчининг иссиқ-совуғи ва қозонидаги овқатигача суриштирадиган давлат раҳбарини топиш жуда қийин. Мана шу меҳр, мана шу оддийлик ва бағрикенглик Имом Бухорий бобомиз бутун умр китобларига битган ўша олийжаноб мусулмон аҳли хулқининг амалдаги ифодаси эмасми?!
Устунлар шивири ва ижодкор қалби
Мажмуанинг айвон қисмига қадам босганимда юқорига тикилиб, беихтиёр тўхтаб қолдим. Ёғоч ўймакорлигининг олий намунаси бўлган 154 устун худди тирик дарахтлардек саф тортиб турибди. Бу устунлар шунчаки бинони ушлаб турган тиргаклар эмас, балки ҳар бирида юртимизнинг узоқ-узоқ қишлоқларидан келган усталарнинг меҳнати, қалб қўри ва дуолари яширинган.
Бу устунларга қараб туриб, ўзликни англаш нақадар муҳимлигини тушунамиз. Биз кимнинг авлодларимиз? Биз фақат бой тарихга эга эмас, балки ўша тарихни бугун ҳам давом эттиришга қодир, қўлигул миллатмиз! Айвон остидаги устунлар оралаб юрганингизда майин эсаётган шамол ёғочларнинг ифорини димоғингизга олиб келади. Шунда қалбингиздан бир туйғу ўтади: “Аллоҳим, бизга ўз ота-боболаримизнинг санъатини, иймонини ва маданиятини мана шундай гўзал шаклда тиклаш бахтини берганинг учун Ўзингга ҳамдлар бўлсин!”.
Биз кутмаган мўъжиза
Янги мажмуанинг мен учун энг кутилмаган ва ҳайратланарли масканларидан бири Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган инновацион музей бўлди. Ушбу музей 9 та тематик павильондан иборат бўлиб, у ерда энг илғор ахборот технологиялари ва рақамли тизимлар ўрнатилган.
Музей ичига кирар экансиз, шунчаки қадимий экспонатларни кўрмайсиз, балки VII-IX асрлар муҳитига, ҳадис илмининг шаклланиш жараёнига саёҳат қиласиз. Экранларда Имом Бухорийнинг туғилган жойи, Макка, Мадина, Бағдод, Басра ва Куфа шаҳарларига илмий сафарлари харитаси жонланади. Қуръони каримда исми зикр этилган пайғамбарлар тарихи, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажаралари визуал шаклда намойиш этилади.
Кўпчилик дин ва фанни, иймон ва технологияни бир-бирига қарама-қарши деб ўйлайди. Аммо ушбу инновацион музей замонавий технологиялар иймонга, илмга ва маърифатга қандай гўзал хизмат қилиши мумкинлигини кўрсатиб берди. Биз фарзандларимизни телефон ва гаджетлардан чалғитолмай хуноб бўлаётган бир даврда ушбу музей технология орқали ўғил-қизларимизнинг қалбига Имом Бухорий меросини сингдириш мумкин экан. Бу қандай катта неъмат ва қандай буюк шукрона сабабидир!
Тарих адолати
Имом Бухорий мажмуасининг янгиланиши бизга яна бир катта дарсни беради. Ислом оламида Қуръондан кейинги энг ишончли манба деб тан олинган “Саҳиҳи Бухорий” китоби мана шу заминда туғилган. Аммо яқин тарихимизда — шўролар даврида бу китобларни ўқиш, сақлаш тақиқлангани, бобомизнинг қабри қаровсиз ва унутилган бир аҳволда бўлганини катта авлод, ота-оналаримиз яхши эслайди.
Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ айнан мана шу маънавий адолатни тиклашга киришди. Бу шунчаки қурилиш эмас, балки миллатнинг йўқолган қалбини ва тарихий хотирасини ўз эгасига қайтариш лойиҳаси эди. Бугун мажмуа ҳузурида нафақат зиёратгоҳ, балки Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби фаолият юритмоқда. Бу ердан дунё даражасидаги олимлар етишиб чиқмоқда. Тарихнинг энг катта адолати шудир. Тошлар ва бинолар вақт ўтиши билан емирилиши мумкин, аммо ҳақиқий илм ва маърифат умрбод яшайди.
Кўз ёшларида акс этган бирдамлик
2026 йил Рамазон ҳайити намози ушбу янги мажмуада ўзгача руҳда адо этилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари бошчилигида мамлакатимизнинг барча ҳудудидан келган нуронийлар, уламолар ва ўн минглаб оддий инсонлар янги масжид саҳнида елкама-елка туриб намоз ўқиди.
Ўша куни намоздан сўнг қилинган дуолардан жуда кўпчиликнинг, жумладан, менинг ҳам кўзимга ёш келди. Бу қувонч ва шукрона ёши эди. Чунки инсонлар янгиланган мажмуада фақат гўзал меъморчиликни эмас, балки миллатнинг бирдамлигини, қалбларнинг яқинлигини ҳис қилди.
Хартанг қишлоғидаги ушбу янгиланган обидадан ортга қайтар эканман, машинам ойнасидан узоқлашиб бораётган тўртта улуғвор минорага қараб хаёлга толдим. У ерда фақат янги биноларни эмас, балки миллатимиз руҳиятининг янгиланишини, давлатимиз раҳбарининг халқнинг маънавий ҳаётига ва ҳар бир оддий инсон тақдирига чексиз ҳурмати, асрларга татигулик жасоратини кўриб қайтдим.
Бугун ҳар бир юртдошимга, замондошимга айтар сўзим бор: келинг, мана шундай буюк аждодларнинг вориси эканимиздан фахрланиш билан бирга бизга берилган тинчлик, фаровонлик ва илм неъматининг ҳам қадрига етайлик. Бобомиз Имом Бухорий ўз ҳаётини бағишлаган гўзал хулқ, тўғрилик ва илм йўлидан юриш бизнинг у зотга ва ушбу муқаддас заминни тиклаганларга бўлган энг катта миннатдорчилигимиз бўлади.
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
Журналист