Қуйидагилар ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгиланди:
- 2026-2027 йиллар давомида республиканинг ҳар бир ҳудудида ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган 14 та “яшил” техникумлар фаолиятини йўлга қўйиш;
- 2030 йилгача республиканинг ҳар бир ҳудудидаги “яшил” техникумларда 10 000 нафар ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш учун экологик таълим ва илмни янада ривожлантириш.
2026–2028 йилларда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасида илмий даража олган номзодлар сонини 150 нафаргача етказиш.
2026/2027 ўқув йилидан мазкур қарорда кўрсатилган таълим муассасалари “яшил” техникумлар сифатида қайта ташкил этилади ҳамда уларда ҳудуднинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий шароитларидан келиб чиқиб, соҳалар учун ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.
“Яшил” техникумларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ва таълим сифатини ошириш мақсадида улар Касбий таълим агентлиги билан келишув асосида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Университет) га бириктирилади.
“Яшил” техникумларда Экостипендия таъсис этилади
Қарорга кўра, Университет ҳамда “Яшил” техникумлар таълим тизимининг узвийлигини таъминлаш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
- “яшил” техникумларда таълим жараёни Университет томонидан ишлаб чиқиладиган ва Касбий таълим агентлиги тасдиқлайдиган таълим дастурлари асосида ташкил этилади;
- “яшил” техникумларда мажбурий ва танлов фанлари Университет томонидан белгиланади;
- Университетнинг 1-босқичида ўқитиладиган мутахассислик фанлари “яшил” техникумларнинг 2-босқич ўқув дастурларига махсус курс сифатида киритилади;
- “яшил” техникумларни муваффақиятли битирган инглиз тилидан В2 даражага эга бўлган битирувчиларга Университет томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан (GPA) келиб чиқиб, бакалавриатнинг 2-босқичидан ўқишни давом эттиришга рухсат берилади;
- “яшил” техникумларда Экостипендия таъсис этилади ва ҳар йили 10 нафаргача иқтидорли ўқувчиларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда стипендия тўланади.
“Ёш эколог” кўкрак нишони таъсис этилади
Қарорга кўра, 2026 йилдан олий таълим ташкилотлари томонидан яшил кампус лойиҳалари ишлаб чиқилади ва Экология қўмитаси билан келишилади.
2026 йил 1 майдан “10 минг қадам пиёда” тажрибаси қайта тикланади ҳамда “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фаолияти йўлга қўйилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 майдан бошлаб қуйидаги даражаларда “Ёш эколог” кўкрак нишони таъсис этилади:
- мактаб ўқувчилари ўртасида III даражали “Ёш эколог”;
- техникум ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида II даражали “Ёш эколог”;
- халқаро ва маҳаллий миқёсда юқори натижаларга эришган ёшлар ўртасида I даражали “Ёш эколог”.