Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жами 389 йўналиш ташкил этилган бўлиб, 140 корхонанинг 2522 дона автотранспорт воситалари аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Ушбу йўналишларнинг 34 таси шаҳар ичидаги, 329 таси шаҳар атрофидаги ҳамда 26 таси шаҳарлараро йўналишлардан иборат. Нукус шаҳрида 29 та микроавтобус, 5 та автобус йўналишлари мавжуд. Автобус йўналишларидан 5 таси брутто-шартнома асосида 61 та автобуслар хизмат кўрсатмоқда. 2026 йил январь-сентябрь ойлари давомида брутто шартномаси асосида ҳаракатланадиган автобусларда 1 миллион 800 мингдан ортиқ йўловчи ташилди, корхоналарга бюджет маблағларидан 11,6 миллиард сўм тўлаб берилди.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида жами 70 та автобус сотиб олинди. Шундан, 56 таси брутто талабига жавоб берадиган автобуслар. Бундан ташқари, «Sapsan Trans Nukus» МЧЖ томонидан Хитой Халқ Республикасидан замонавий 54 дона электробуслар йил якунига қадар олиб келиш режалаштирилган. Брутто талабига жавоб берадиган автобуслар «Sapsan Транс Нукус» МЧЖ томонидан 12 дона электробус, «Файз авангард» МЧЖ томонидан 32 дона ва «Mangit Лесторг» МЧЖ томонидан 12 дона автобус олиб келинди. 2025 йил давомида 16 та автобус ва 83 та микроавтобус олинган. Шу билан бирга, Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан ажратиладиган кредит маблағлари ҳисобидан Нукус шаҳри учун 112 дона электробус харид қилиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа асосида замонавий электробуслар учун депо қурилиши режалаштирилиб, Нукус шаҳри «Жанабазар» МФЙдан 8,6 гектар ер майдони ажратилган. Айни пайтда Транспорт вазирлиги ҳузурида 100 фоиз давлат улуши билан электробусларни эксплуатация қилувчи корхона ташкил этилмоқда. Нукус шаҳрининг Бош режасига асосан, 20 та йўналишга 234 та автобус қатнови йўлга қўйилиши белгиланган. Шунингдек, брутто-шартномаси асосида фаолият юритадиган йўналишлар тармоғини агломерация ҳудуди доирасида кенгайтириш орқали Хўжайли, Тахиатош ва Нукус туманлари ҳам қамраб олинади. Натижада, агломерация ҳудудидаги 30 дан ортиқ маҳалла қўшимча жамоат транспорти хизматлари билан таъминланади. Шу билан бир қаторда, автобус йўналишлари тўлиқ ишга туширилгандан сўнг шаҳар ичида хизмат кўрсатиб турган микроавтобуслар ва эски автобуслар босқичма-босқич шаҳар атрофи ва туман ҳудудларига жойлаштирилади.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 5 та автовокзал, 17 та автостанция ва 1395 та автобус оралиқ бекатлари мавжуд. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида Тахиатош туманида янги автостанция қурилди ҳамда Нукус шаҳридаги Марказий автовокзал тўлиқ реконструкция қилинди.
Мухтасар айтганда, жамоат транспорти соҳасини янада ривожлантириб, транспорт қатновларини узлуксиз таъминлашни мунтазам равишда давом эттирамиз.
Бахитбой Сейтмуратов,
Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазири.