Янги музей фаолияти мамлакат ҳарбий тарихи ва миллий армиянинг шаклланиш босқичларини кенг жамоатчиликка етказиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий меросни асраб-авайлашга қаратилган.

Музейнинг асосий вазифалари қаторида ҳарбий тарих ва меросни тарғиб қилиш, соҳага оид илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, кўргазмалар ва маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш белгиланган.

Янги муассасада замонавий технологиялар кенг жорий этилиши режалаштирилган. Жумладан, 3D сканерлаш ва фотограмметрия, сунъий интеллект асосидаги аудио-гидлар, AR/VR технологиялари, 360 даражали виртуал турлар ҳамда интерактив мультимедиа инсталляцияларидан фойдаланилади.

Шунингдек, музейда онлайн чипта сотуви, электрон реестр, рақамли нусхалар базаси ва онлайн экскурсия хизматлари йўлга қўйилади.

Экспозициялар қадимги даврлардан тортиб Янги Ўзбекистон давригача бўлган ҳарбий тарихни қамраб олади. Уларда тарихий воқеалар, миллий ҳарбий мерос, махсус операциялар ҳамда интерактив тажриба зоналари ўрин олади.

Лойиҳа аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида миллий ғурур, тарихий хотира ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.