Халқаро экспертлар жаҳон иқтисодиётидаги ҳозирги мураккаб вазият узоқ давом этишини прогноз қилишмоқда. Масалан, сўнгги бир ойда жаҳон бозорларида буғдой нархи 36 фоизга, шакар хом ашёси 10 фоизга, ўсимлик ёғи нархи 2 баробарга ошган. Бу эса ички бозордаги нарх-навога, айниқса, озиқ-овқат нархлари ва инфляцияга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.
Шу боис, бу омиллар Президентимиз раҳбарлигида мунтазам таҳлил қилиниб, зарур чоралар кўриб бориляпти. Бунинг натижасида ички бозорда мўътадиллик таъминланмоқда. Хусусан, гўшт, сут, картошка, тухум, гуруч нархининг ошишига йўл қўйилмади.
Жорий йил 31 март куни Президентимиз раислигида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, бизнесни қўшимча қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда ички нархлар мўътадиллигини сақлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, товар бозорларида нархларнинг мўтадил ва барқарор ушлаб туришнинг энг самарали усули бу бозор воситалари ва механизмларидан фойдаланиш ҳисобланади. Биржа савдолари эса мана шу вазифаларни ўз зиммасига олади.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида савдолар очиқ-ойдинлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказилади, нархлар эса фақатгина талаб ва таклиф асосида шаклланади. Бу, ўз навбатида, тадбиркорларнинг товар ресурсларидан эркин фойдаланиш имкониятлари кенгайиши, ҳақиқий бозор нархларининг шаклланиши ва соғлом рақобатнинг ривожланишига хизмат қилмоқда. Хусусан, ўтган уч ой мобайнида биржанинг товар сегментлари бозорда шаклланган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, ўсиш ва пасайиш ҳолатларини намоён этди.
Мисол учун, жорий йилнинг бошидан буён АИ-91 маркали автомобиль бензинининг биржада шаклланган ўртача кунлик нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 12 075,6 минг сўмдан 10 422,3 минг сўмгача, яъни 14 фоизга тушган. Шунингдек, 2022 йил январь-март ойларида биржа котировкалари ўзининг юқори даражасидан сульфат аммоний бўйича 88 фоизга, кўмир – 49, техник чигит – 43, полиэтилен – 22, ўсимлик ёғи ва пахта линти – 14, омухта ем – 12 ва қора металл – 10 фоизга пасайган.
Шу билан бирга, биржа бозорининг айрим товар сегментиларида ўсиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Масалан, жорий йилнинг 1-17 март кунлари давомида шакарнинг биржадаги нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 11 921,9 минг сўмгача кўтарилди. Бироқ кейинги кунларда биржа савдоларига қўйилаётган шакар ҳажмининг сотувчи корхоналар томонидан сезиларли даражада оширилиши эвазига унинг нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8 981,6 минг сўмгача, яъни 25 фоизга пасайди. Бошқача айтганда, биржада бозор механизми ва чораларини қўллаш орқали, яъни таклиф даражасини кўтариш йўли билан шакарнинг нархи пасайтирилди.
Бироқ, айрим вазиятларда мамлакатда ички ишлаб чиқариш салоҳияти ўсиб бораётган талабни тўлақонли қондириш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда ушбу маҳсулотни импорт қилиш масалани ижобий ечимларидан бири, баъзида эса ягона йўли ҳисобланади.
Маҳаллий тадбиркорларимиз ушбу йўналишда ҳам биржада яратилган кенг имкониятлардан фойдаланиб келишяпти. Айни пайтда биржанинг халқаро савдо тармоғи турли мамлакатларда фаолият юритаётган 19 та хорижий савдо майдончасидан иборат бўлиб, улар орқали ортиқча сарсонгарчиликларсиз экспорт-импорт операциялари муваффақиятли амалга ошириляпти.
Йиғилишда чет эл корхоналарига товар-хомашё биржасида озиқ-овқат маҳсулотларини сотиши учун қўшимча шароитлар яратилгани ҳам таъкидланди. Бунга хориждаги таянч офисларимизнинг биржа савдоларига бевосита товар ишлаб чиқарувчилар ва якуний истеъмолчиларни жалб қилиши ҳамда операцион харажатларни қисқартирилиши орқали эришиляпти.
Кейинги пайттда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида ушбу савдо майдончалари орқали 127 миллион АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотлар харид қилинди. Масалан, биржа орқали 276,7 минг тонна буғдой импорт қилинган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 39 фоизга кўпдир.
Жорий йилнинг биринчи чораги натижаларига кўра, биржа савдолари орқали 46 минг тонна ун, 4,7 минг тонна ўсим ёғи сотилди. Ушбу маҳсулотлар бўйича очиқ биржа савдолари давом этмоқда ва тадбиркорларимиз уларда эркин қатнашишлари мумкин.
Президентимизнинг 2021 йил 17 мартдаги "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ хорижий савдо майдончалари орқали мамлакатимизга олиб келинаётган ушбу маҳсулотларни темир йўл орқали ташишда ички тарифлар қўлланилмоқда.
Умуман олганда, мазкур қарор мамлакатимизда биржа савдолари ва электрон тижоратни янада ривожланишига катта туртки берди. Хусусан, 2022 йил январь-март ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг ҳажми 2021 йилнинг дастлабки чорагига нисбатан 50,6 фоизга ва 2019 йилнинг мос даврига нисбатан эса қарийб уч баробар ўсиб, 26,7 триллион сўмни ташкил қилди.
Биржада рўйхатдан ўтган янги мижозларнинг сонига келганда шуни айтиш мумкинки, бу рақам ўтган йилга нисбатан деярли тўрт маротабага ортиб, 33,6 мингта савдо иштирокчисинни қамраб олди. Бу, ўз навбатида, тадбиркорларнинг бозор тамойилларига асосланган замонавий ва шаффоф савдо турларига бўлган қизиқишлари ортганлигидан ҳам далолат беради.
Биржада маҳсулотлар учун ҳақиқий бозор нархларининг шаклланиши натижасида сотувчи корхоналар жорий йилнинг ўтган уч ойида қарийб 3 триллион сўмлик қўшимча даромад олишди. Бу 2021 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 2,8 маротабага кўпдир. Мазкур маблағлар сотувчи корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш ва уларнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга ҳисса қўшмоқда.
Президентимиз қарори ижросини таъминлаш доирасида, давлат харидлари ва юк ташиш соҳаларида шаффофликни таъминлаш мақсадида биржа томонидан давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz ва электрон логистика бўйича e-logistika.uzex.uz порталлари ишга туширилган эди.
Бунинг натижасида, 2022 йил январь-март ойларида давлат харидлари бўйича электрон савдо тизими xarid.uzex.uz да тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан уч маротабага ошди ва қарийб 4,2 триллион сўмни ташкил этди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши ҳам уч маротабага ўсиб, 879,2 млрд сўмга тенг бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги “Товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини жорий қилиш ҳамда маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматларининг электрон логистика савдо порталини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, e-logistika.uzex.uz электрон логистика савдо портали такомиллаштириб борилмоқда. Янги портал биржа савдолари орқали харид қилинган маҳсулотларни ташишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш, товар ташиш ва юклашда шаффофликни таъминлаш ҳамда соҳада солиқ базасининг кенгайишига хизмат қиляпти. Бу жараён маҳсулотларни автотранспортда ташиш мазкур хизматларнинг бошланғич нархларини пасайтиришга қаратилган аукцион тартибида амалга оширилмоқда.
Айни пайтда мазкур порталда 1 140 та юк ташувчи, 3 665 та автотранспорт ва 1 224 та буюртмачи онлайн тарзда рўйхатдан ўтказилган, ҳамда 2,1 миллиард сўмлик 1 500 дан зиёд шартномалар тузилган.
Товар бозорларида биржа механизмларининг кенг қўлланилиши нархлар барқарорлигини таъминлаш билан бирга, маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаш ва пировардида, мақроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга ҳам кўмак беради.
Зиёвиддин БАДРИДДИНОВ,
“Ўзбекистон товар-хомашё биржаси”
акциядорлик жамияти бошқаруви раиси