Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 июлдаги ПФ-165-сонли Фармонига биноан, алоҳида танлаб олинган туманларда юқори самарадор инновацияларни жорий этиш, ҳудуд аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, юқори технологик янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш ва инновацион бизнес модель асосида “Инновацион ҳудуд”ларни ривожлантириш белгиланган.

Фармонга мувофиқ, Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ва Чирчиқ шаҳарлари “Инновацион ҳудуд” мақомини олишган эди.

“Ақлли таълим” йўналиши бўйича Оҳангарон тумани “Қорахитой” маҳалласидаги 12-умумтаълим мактабнинг кимё лаборатория хонасида “Interaktiv taʼlim VR” дастури ишга туширилди.

Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари билан бирга биринчи дарслик синовдан ўтказилди. Сўнгра лойиҳанинг моҳияти, афзалликлари ўқувчиларга тушунтирилди. Эндиликда кимё фанидан лаборатория ишларида ўқувчилар кимёвий моддалар билан тўғридан-тўғри ишлаши шарт эмас. Ҳаммаси виртуал шаклда олиб борилади. 

Шунингдек, ушбу дастур республикамизда биринчилардан бўлиб мазкур мактабда ўрнатилгани эътиборга моликдир.