Термиз давлат университети ректори Авазбек Мараҳимовга Денов туманидан 50 нафар “қизил” тоифадаги имконияти чекланган ёшлар бириктирилган эди.  

Куни кеча университет ректори ва ташкил этилган ишчи-гуруҳ Денов туманида бўлиб, доимий равишда “қизил” тоифадаги имконияти чекланган ёшларнинг муаммоларини ўрганди.

Ректорга бириктирилган ёшлар билан ўтказилган навбатдаги учрашувда йигит-қизларнинг муаммолари ва эҳтиёжларига кўра ўзлари сўраган 21 турдаги турли техник жиҳозлар топширилди.

Денов туманидаги “Янги куч” маҳалласида истиқомат қилувчи Нарзулла Отамуродов II гуруҳ ногирони бўлишига қарамай меҳнат қилиб, оиласига даромад келтиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Бугун Нарзулланинг қувончи чексиз, мотокултиваторни уйига олиб келишлари билан далага ишга тушиб кетди. У ёшлигидан техникага қизиққани боис бўлса керак мотокултиваторни бошқаришда ҳеч қандай қийинчилик сезмади. Бугун Нарзулла Отамуродов сингари 50 нафар йигит-қизнинг қувончи чексиз. Энди уларнинг ҳам ўз даромад манбаи бор.  

“Қизил тоифа”даги ёшларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилгач, 1 нафар ёш бепул тайёрлов курсига жойлаштирилди. 5 нафари доимий даволаниш учун зарур маблағ билан таъминланмоқда.

Бу сайъ-ҳаракатларнинг барчаси мамлакатимизда инсон қадри улуғланаётгани, улар ҳамиша давлат ғамхўрлигида эканлигидан далолат беради.

Денов туманида Термиз давлат университети ректори А.Марахимов “қизил тоифа”даги деновлик ёшларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашди ва уларнинг қизиқиш, истаклари доимо эътиборда эканини алоҳида таъкидлади.