Тақдимот тадбирида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид Президентимиз томонидан қўйилган барча топшириқлар халқимиз, адабиётимиз равнақига, халқаро алоқаларнинг тобора мустаҳкамланишига хизмат қилаётганини қайд этиб, "Имом Мотуридий" романи айнан буюк аллома боболаримиз ҳақидаги асарларга, китобхонликка талаб кучайган бир пайтда юзага келганини, ушбу асарни қўшимча тиражда чоп этиш муҳим эканини таъкидлади.

– Ёзувчи тарих саҳифаларида етиб келган маълумотларни мисқоллаб йиғиб, ўрганиб, таҳлил ва талқин қилиб буюк илоҳиётшунос олимнинг бадиий қиёфасини ҳаётий, инсоний тарзда ёритишга муваффақ бўлди, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров. – Ушбу роман тарихимизнинг қоронғу саҳифаларини ёритиб, ўй-хаёлларимизга яхши бир озиқа беради. Эзгулик, абадият, илоҳият бобидаги фикрларимизни чархлайди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Зоҳиджон Исломов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримов, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, педагогика фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошев ва бошқалар мазкур роман буюк аллома бобомиз Имом Мотуридийнинг ҳаёти, ғоялари, фалсафасини халқимизга содда, равон ва ҳаётий тарзда тушунтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

– Бугун улуғ аждодларимизни, дунёга машҳур алломаларимизни эъзозлаш, уларнинг илмий-ижодий меросларини чуқур ўрганиш, кенг тарғиб қилиш масалаларига давлатимиз раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди ёзувчи Луқмон Бўрихон. – Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Имом Мотурудий халқаро илмий тадқиқиот маркази”нинг ташкил этилиши фикримизнинг яққол далилидир.

Мазкур марказ олдига қўйилган вазифалар, топшириқлар ғоят жиддий ва аҳамиятлидир. Айтиш мумкинки, ушбу вазифаларнинг аксарият қисми ёзувчиларимиз ва шоирларимизга ҳам тегишлидир. Мен бир ҳам бир қаламкаш сифатида буюк мутафаккир бобомизнинг сиёмоси, ҳаёт йўли, ақида софлиги, мустаҳкамлиги учун олиб борган қатъий кураши акс этган асар қоралашга уриниб кўрдим.    

Тадбирда эътироф этилишича, авваллари Имом Мотуридий фаолияти тадқиқ этилганида фақатгина дин соҳаси вакиллари жам бўлишар эди. Луқмон Бўрихоннинг янги асари тарғиботи сабабли эндиликда алломаларимиз фаолиятини тарғиб этишда адабиёт аҳли, ёзувчилар ҳам жамулжам бўлгани, мазкур китоб маърифий-маънавий ҳаётимизда ўзига хос воқеликка айлангани эътиборга моликдир.

Ушбу бадиий солнома жорий йилда “Адабиёт” нашриётида чоп этилган. 1000 нусхада нашрдан чиққан асарга Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид муҳаррирлик қилган. Китобга Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров сўзбоши ёзган.

Эътиборга молик жиҳати, Мотуридия ақидасидаги энг муҳим жиҳатлар ушбу китобда ўз ифодасини топган. Китоб бугунги тобора глобаллашиб бораётган даврнинг муҳим масалаларига ҳам жавоб бериши мумкинлиги мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этилди. Асарни мутолаа қилган ҳар бир ўқувчи огоҳлик, ҳушёрлик қалб уйғоқлиги билан бевосита боғлиқ эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилади.

Айтиш жоизки, асар ғоят халқчил, равон тилда ёзилгани билан аҳамиятлидир. Муаллиф воқеалар баёни ва такомилини ривожлантиришда, эпизодларнинг ўзаро уйғунлиги боғланишларида асосан “эслаш” усулидан фойдаланган. Китобхонлар ушбу асарни ўқиб, узоқ ўтмишимиз, буюк олим аждодларимиз ва уларнинг курашлари ҳақида қимматли маълумотга, жонли тасаввурга эга бўладилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар романнинг ўзига хос жиҳатларига эътибор қаратдилар. Асар ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Тақдимот якунида Луқмон Бўрихон асар борасидаги мулоҳазалари учун ўз ташаккурини айтди ва йиғилганларга янги китобидан туҳфа этди.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири