Бугун жаҳон иқтисодий манзараси айнан шу ҳақиқатни кескин эслатмоқда. Геосиёсий қарама-қаршиликлар, савдо чекловлари ва глобал логистикадаги узилишлар шароитида ташқи бозорлар имконият эмас, балки таваккал омилига айланиб бормоқда.

Дунё иқтисодиёти энди “ким кўпроқ экспорт қилади?” деган саволдан “ким ички талабни сақлаб қола олади?” деган саволга ўтяпти. Чунки инқироз шароитида ишлаб чиқариш эмас, балки сотиб олиш қобилияти ҳал қилувчи аҳамият касб эта­ди. Агар ички бозорда талаб бўлмаса, фабрикалар ҳам ишламайди. Истеъмолчи кутиш ҳолатига ўтса, иқтисодиёт ҳам ку­тиш режимига киради.

Ички бозор кўпинча иқтисодий сиёсат­да иккиламчи масала сифатида кўрилади. Аслида, у барча иқтисодий жараёнларнинг бошланиш нуқтасидир.

Ички бозор фақат маҳсулот ва хизматлар йиғиндиси эмас, балки жамиятнинг иқтисодий рефлекси, яъни муаммоларга ичкаридан жа­воб бериш қобилияти. У қанчалик фаол бўлса, иқтисодиёт шунчалик мослашувчан бўлади.

Бугунги мураккаб глобал вазиятда ички бозорда талабни ривожлантириш иқтисодий сиёсатнинг алоҳида йўналиши эмас, балки барқарор тараққиётнинг марказий таянчига айланмоқда. Бу ташқи омилларга мослашиш эмас, балки ички кучга таянган онгли танлов­дир.

Ана шундай мураккаб ва тез ўзгарувчан глобал иқтисодий муҳитда давлат сиёсати тасо­дифий қарорларга эмас, аниқ устуворликларга таянишни талаб этади. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси бугунги воқеликка берилган баҳо ва эртанги кунга қа­ратилган аниқ “йўл харитаси” сифатида намоён бўлди. Унда иқтисодий ривожланиш масалала­ри умумий шиорлар даражасида эмас, балки реал хавф-хатарлар ва ички имкониятлар ҳи­собга олинган ҳолда қўйилди.

Мурожаатномада жорий йил учун белгилан­ган устувор йўналишлар орасида ички бозор­да талабни рағбатлантириш масаласи алоҳида таъкидлангани бежиз эмас. Бу танлов иқтисо­дий сиёсатни ички манбаларга таяниш асоси­да қуришга қаратилган стратегик ёндашувдир. Чунки айнан ички талаб барқарор бўлган ша­роитда ишлаб чиқариш узлуксиз ишлайди, тадбиркорлик фаоллиги сақланади ва бандлик таъминланади.

Мазкур устувор йўналиш мамлакат иқтисо­диётини ташқи силкинишларга нисбатан бар­дошли қилиш, ички таянчларини кучайтириш ва узоқ муддатли барқарор тараққиётни таъ­минлашга қаратилган муҳим концептуал қарор.

Ички талабни рағбатлантирувчи омиллар орасида инфляция даражаси ҳал қилувчи ўрин тутади. Чунки инфляция назоратдан чиқса, да­ромад ўсиши аҳамиятини йўқотади, истеъмол эса чекланади. Давлатимиз раҳбари таъкидла­ганидек, сўнгги тўққиз йилда инфляция дара­жасининг “бир хонали” рақамга туширилиши тасодиф эмас, балки изчил иқтисодий сиёсат натижаси. Нарх-навони жиловлаш аҳоли харид қобилиятини сақлаб қолиш, демакдир.

Мазкур давр мобайнида қулай бизнес муҳи­ти яратилиши, товар ва хизматлар турининг кенгайиши, аҳоли даромадининг ошиши ва камбағалликнинг кескин қисқариши ички бо­зор учун мустаҳкам асос бўлди. Кам даромад­ли оилалар учун йилигa камида 1 миллиард доллар миқдорида кам фоизли кредит ажра­тилаётгани ҳам талабни сунъий эмас, табиий рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. Натижада аҳолининг харид қобилияти икки баравар ўсди.

Ўтказилган сўровлар ва халқаро эксперт­лар таҳлилларига кўра, аҳолининг 75 фоизи ўз молиявий ҳолати сезиларли даражада яхши­ланганини тан олмоқда. Рақамлар ортида бир ҳақиқат ётибди: ички талаб бугун иқтисодиёт­ни олға етаклаётган асосий кучга айланмоқда.

Таҳлиллар аҳоли даромади 10 фоиз ошса, истеъмол ўртача 8 фоиз кўпайишини кўрса­тади. Бу эса фақат истеъмол эмас, балки янги маҳсулотлар, янги хизматлар, қўшимча иш ўринлари ва иқтисодиётда янги қувватлар дега­ни. Шу маънода, ички бозорда талабни рағбат­лантириш жорий йил учун белгиланган устувор йўналиш эмас, балки иқтисодий ўсишнинг та­биий локомотиви сифатида намоён бўлмоқда.

Бунёдкорликдан бозоргача йўл

Ички бозорнинг моҳияти иқтисодиётнинг турли қатламларини уйғунлаштириб, узлуксиз ҳаракатни таъминлайди. Аҳоли эҳтиёжидан ке­либ чиқиб иқтисодиётдаги энг катта талаб уй- жой соҳасига тўғри келади. Бугун мамлакати­мизда қад кўтараётган кўп қаватли уйлар, янги хизмат объектлари ва ипотека дастурлари аҳоли­нинг турмуш шароити яхшиланиши, шунингдек, иқтисодий барқарорликнинг аниқ кўрсаткичи­дир. Уй-жойга талаб ортиши қурилиш материаллари, электр техникаси, мебель ва хизматлар бо­зорларига янги имкониятлар очади.

Шу боис, бу йилда ипотека учун 23 трил­лион сўмлик молиявий ресурс ажратиш ре­жалаштирилмоқда. Бу нафақат уй-жой қури­лишини ривожлантириш, балки ички талабни рағбатлантиришнинг аниқ ва самарали воси­тасидир. Уй-жой харид қилишда бошланғич тўлов ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 2 триллион 700 миллиард сўмлик субсидия ажратилиши ҳам аҳолининг харид қобилиятини мустаҳкамлайди. Шунингдек, битта квартира учун имтиёзли ипотека кредити миқдори 15 фоиз оширилиши талабни барқа­рор ва узлуксиз рағбатлантиришнинг яна бир муҳим омилидир.

Келгуси йилда 140 мингта кўп қаватли квар­тира қурилиши режалаштирилгани шунга яққол мисол: бу аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини таъ­минлаш баробарида рўзғор учун зарур истеъ­мол товарларига талабни ҳам оширади. Мазкур талабни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 2026 йилда жорий йилги 104 триллион сўм ўрнига 125 триллион сўмлик истеъмол кредити ажратиш кўзда тутилмоқда.

Қурилиш ишлари ҳажмини 11 фоиз кўпай­тириб, 30 миллиард долларга етказиш режаси ҳам иқтисодиётда қувватни сезиларли дара­жада оширилиши қурилиш материаллари, уй- рўзғор учун тўқимачилик маҳсулотлари, электр техникаси, мебелсозлик каби тармоқларга қў­шимча бозор яратиш билан бирга ушбу объ­ектларга хизмат кўрсатувчи соҳалар учун ҳам қўшимча имкониятлар очади. Ҳисоб-китоблар­га кўра, бу 5 миллиард долларлик қўшимча бо­зор ва 300 мингта янги иш ўрни демакдир.

Уй-жой соҳасига қаратилган бу инвестиция нафақат аҳолининг асосий эҳтиёжини қонди­риш, балки ички бозорда талабни рағбатланти­риш, иқтисодиётни узлуксиз ҳаракатда ушлаб туриш ва янги иш ўринлари очишда ҳал қилув­чи қудратли механизм сифатида намоён бўл­моқда. Бу ҳам ички бозорни ривожлантириш ва барқарор иқтисодий ўсишнинг аниқ ва амалий кўриниши.

Янги имкониятлар оқими

Аҳоли даромади ошиши истеъмолни ва хиз­матларга талабни ҳам сезиларли даражада рағ­батлантирмоқда. Шу боис, сервис соҳаси иқти­содиётнинг янги драйверига айланмоқда. Фақат ўтган йилнинг ўзида хизматлар ҳажми қарийб 15 фоиз ўсиб, 82 миллиард долларга етди. Бу кўр­саткич аҳолининг сарфлаш қобилияти ва хизмат­ларга ишончи ошгани далолатидир.

Хизматларга талабни рағбатлантириш ва бозорни кенгайтириш мақсадида жорий йилда соҳага 85 триллион сўмлик кредит ва 9 триллион сўмлик субсидия ажратиш режалашти­рилмоқда. Шунингдек, аҳоли ҳаётининг асосий соҳаларидан бири — таълим хизматлари учун бюджетдан 7 триллион сўм ажратилади. Бу эса хизмат сифати ва имкониятларни кенгайтириш баробарида аҳолининг истеъмол имкониятини мустаҳкамлайди.

Туризм соҳаси ҳам ички талаб ва хизматлар бозорини ривожлантиришда муҳим драйвер­га айланмоқда. Кейинги беш йилда хорижлик сайёҳлар сонини икки баравар — 11 миллион­дан 20 миллионга кўпайтириш, шу билан бир­га, туризм хизматлари қийматини 20 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олин­моқда. Бу валютани жалб қилиш, ички сервис ва инфратузилмани ривожлантириш учун ҳам янги қувватлар яратади.

Хизматлар соҳаси иқтисодиётни барқарор қўллаб-қувватловчи кучга айланиб, ички талаб­ни рағбатлантиришда, аҳоли даромади ва сарф­лаш қобилиятини иқтисодий ҳаракатга келти­ришда ҳал қилувчи элементга айланмоқда.

Жорий йилда тадбиркорларнинг 4 миллиард долларлик 3500 дан зиёд янги сервис объекти­ни ишга тушириш мўлжалланмоқда. Бу аҳоли­га хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш, ички талабни кучайтириш ва иқтисодиётда янги қувватлар яратиш имкониятини беради. Шу билан бирга, туризм масканларини ташкил қилиш мақсадида келгуси уч йилда 5000 гектар ер аукционга чиқарилиши ҳам режалаштири­лиши сайёҳлик инфратузилмани кенгайтириш ва инвестицияларни жалб қилиш учун страте­гик қадамдир.

Жорий йилдан “Ўзбекистон мероси меҳмон­хоналари” дастури йўлга қўйилади. Маданий мерос объектларида хусусий шериклик асосида “бутик меҳмонхона” ташкил қилиш учун нуфуз­ли меҳмонхона тармоқлари жалб қилинади. Дастур иштирокчиларига ер, мулк, фойда солиғи ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилиши инвестицияларни рағбатлантириш, туризмда си­фат ва рақобатни ошириш учун катта рағбатдир. Бу ташаббуслар ҳисобига жорий йилда хизматлар бозори ҳажмини 100 миллиард доллардан оши­риш режалаштирилмоқда.

Туристлар оқими тобора ошиб бораётга­ни авиация ва темир йўлдаги йўловчи ташиш қувватини икки баравар кўпайтиришни талаб қилмоқда. Шу боис, бу йил авиапаркдаги ҳаво кемалари сонини 105 тадан 120 тага етказиш ва маҳаллий авиақатновларни кўпайтириш учун субсидиялашнинг янги тизими жорий этилади. Нархидан қатъи назар, сотилган ҳар бир чипта учун аниқ миқдорда субсидия ажратилиши — чипта нархини пасайтириш ва талабни барқа­рор рағбатлантириш учун самарали механизм.

Янги самолётлар учун учувчилар, техник хизмат кўрсатувчилар ва аэропортлардаги бошқарув мутахассисларини тайёрлаш мақсадида Фуқаро авиацияси университети очилади. Бу нафақат авиация соҳасида кадрлар захирасини мустаҳкамлайди, балки ички талаб ва туристик секторни қўллаб-қувватловчи юқори малакали кадрлар базасини яратади.

Янги хизмат ва туризм инфратузилмасига йўналтирилаётган инвестициялар нафақат бо­зорни кенгайтириш, балки ички талабни барқа­рор рағбатлантириш, туризмни ривожланти­риш ва иқтисодиётни янги драйверлар билан таъминлашга хизмат қилади.

Ички бозорни ривожлантириш ва иқти­содий ўсишни барқарор қўллаб-қувватлашда транспорт инфратузилмаси муҳим драйвер. Шу боис, навбатдаги беш йилликда ишлаб чиқилган ички темир йўллар дастури мамлакат иқтисодиётига янги суръат бахш этади. Шаҳар­ларни тезюрар поездлар қатнови билан боғлаш мақсадида бу йилдан яна 500 километр темир йўл қуриш ишларига киришилади. Шунингдек, келгуси йилда 110 километр темир йўл тaрмоғи барпо этилади ҳамда Бўка, Пискент, Бекобод, Боёвут туманлари ва Нурафшон шаҳри пойтахт билан боғланади.

Тошкент — Самарқанд йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган йўловчи поездлари учун янги темир йўл линиясини қуриш ҳам бошланади. Шу билан бирга, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Навоийдаги вокзаллар хусусий шериклик асосида модернизация қилиниши ре­жалаштирилмоқда. БМТ таҳлилига кўра, сифати юқори йўллар иқтисодиётимиз ўсишига камида 2 фоизлик тўсиқсиз туртки беради.

Автомобиль йўлларини ривожлантириш ва транзит салоҳиятини ошириш мақсадида ҳам беш йиллик дастур ишлаб чиқилди. Унга кўра, Андижон — Қўнғирот, Тошкент — Термиз, Самарқанд — Шаҳрисабз ва Олот — Сариосиё йўналиши бўйича 4000 километрли магистрал йўл халқаро стандартларга мос автoбанларга ай­лантирилади. 2026 йилнинг ўзида Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарёдан ўтган умумий фойдаланишдаги 300 километрли йўл реконструкция қилиниши кутилмоқда.

Тошкент — Самарқанд, Тошкент — Анди­жон, Тошкент — Бўстонлиқ, Пунғон — Наман­ган ва Қарши — Шаҳрисабз йўналишларида юқори тезликда ҳаракатланиш учун 800 ки­лометрли йўл қуришга тайёргарлик кўрилди. Қолган 1200 километр йўл 2030 йилга қадар халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик­да қайта ётқизилади.

Йўл қурилишида аҳолининг фикри, транс­порт қатновининг атроф-муҳитга таъсири ҳамда пиёдалар учун тўсиқсиз муҳит яратиш каби талаблар қонун даражасида мустаҳкамла­нади. Шунингдек, йўл қурилишида илғор тех­нология ва стандартларни жорий қилиш усту­вор вазифа этиб белгиланмоқда.

Темир йўл ва автомобиль инфратузилма­сини ривожлантириш нафақат логистика ва транспорт салоҳиятини кучайтириб, ички бо­зорни ҳар қадамда қўллаб-қувватлаш, балки иқтисодиётда янги драйверлар — қурилиш, хизмат, туризм ва ишлаб чиқариш соҳалари учун қўшимча имкониятлар яратади.

Аҳолининг даромади кўпайиб, хорижлик туристлар оқими тобора ортиб бораётгани кел­гуси беш йилда озиқ-овқат маҳсулотларига та­лабни 1,5 баравар оширишни тақозо қилмоқда. Шу боис, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳажмни ҳозирги 40 миллиард доллардан 60 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олинади.

Янги йилда қишлоқ хўжалигини қўл­лаб-қувватлашга 52 триллион сўм ажратиш ре­жалаштирилган. Шу маблағ ҳисобига бозорни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан йил ўн икки ой барқарор нархларда таъминлайдиган янги механизм — доимий интервенция тизими йўлга қўйилади.

Ҳудудлардаги “Озиқ-овқат жамғармалари”га ажратилган ресурсни 2,5 баравар кўпайтириб, 500 миллиард сўмга етказиш ҳам мўлжаллан­моқда. Шунингдек, мева-сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилган мингта маҳаллада сиғими 100 тоннача бўлган кичик совиткичли омборлар барпо этилади. Бу қадамлар маҳсулотларнинг барқарорлигини таъминлаш билан бирга улар­нинг сифати ва янги технологиялар асосида захи­раланишини ҳам кафолатлайди.

Буларнинг барчаси келгуси йили инфля­ция даражасини 6-6,5 фоиз туширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, аҳоли даромади ва истеъмол қобилияти ўсиши, ички бозордаги барқарорлик ва ишонч ҳамда иқтисодиётни янги драйверлар билан таъминлаш биргаликда амалга оширилади.

Ички бозорни рағбатлантириш ва аҳоли турмуши сифатига хизмат қилувчи барча чора-тадбирлар ўзаро узвий боғлиқ. Даромаднинг ўсиши, уй-жой ва ипотека соҳасидаги инвести­циялар, хизматлар ва туризм инфратузилмаси, транспорт ва логистика йўллари ҳамда қишлоқ хўжалигидаги самарадорликни ошириш чора­лари биргаликда иқтисодиётнинг янги драй­верларини яратади.

Жорий йилдан бошлаб жорий этилаётган барқарор интервенция тизими, имтиёзли ипо­тека, хизмат ва туризм субсидиялари, транс­порт инфратузилмаси ҳамда қишлоқ хўжалиги маблағлари аҳолига ишонч ва сарфлаш қоби­лиятини ошириш, ички талабни барқарор рағ­батлантириш, янги иш ўринлари ва қўшимча иқтисодий қувватлар очишга хизмат қилади.

Шу маънода, ички бозорни ривожланти­риш иқтисодиётни узлуксиз ҳаракатда ушлаб туриш билан бирга мамлакатнинг геосиёсий ва иқтисодий тез ўзгарувчан вазиятда ҳам барқа­рорлигини таъминлайдиган асосий омилга ай­ланмоқда. Бу эса одамлар турмуш даражасини янада юксалтириш, иқтисодиётда янги қувват­лар яратиш ва Ўзбекистонни глобал бозорда рақобатбардош давлатга айлантириш йўлида муҳим қадамдир.

Сардор ТОЛЛИБОЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири