Йил якунида хулоса қилар эканмиз, пандемия кўплаб мамлакатлар тиббиёти ва иқтисодиётини қийин вазиятга олиб келганлигини айтиш мумкин.
Куни кеча ўтказилган Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида ҳам, «ҳозирги вақтда дунёнинг бошқа минтақаларида кузатилаётган «пандемиянинг навбатдаги тўлқини» ва у билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳаммамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундаётганлигини, шу боис, мавжуд имконият ва салоҳиятимиз, пандемия даврида орттирган тажрибамиз ҳамда хориждаги илғор ютуқлардан фойдаланиб, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур» эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Дарҳақиқат, айнан малакали шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари ва давлат раҳбарининг ўз вақтида қабул қилган қарорлари ҳамда тиббиётни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли махсус қийинчиликларсиз, катта ижтимоий-иқтисодий йўқотишларга дуч келмасдан пандемия даврини нисбатан барқарорлаштиришга эришилди.
Шунингдек, эндиликда жамиятимиз соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасида рақамли ускуналардан фойдаланишга, ўз саломатлик ҳолатини мустақил кузатишга, маълумотларни шифокорга тушунтиришга, соғлиқни тўғридан-тўғри аниқловчи қурилмаларга кўпроқ ишонишни бошладилар.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини (ЖССТ) таъкидлашича «пандемия рақамли соғлиқни сақлаш технологияларига мисли кўрилмаган талабни келтириб чиқарди» ва Accenture компанияси экспертлари «пандемия нафақат MedTech саноати учун синов бўлиб, балки уни янги фикрлаш ва янги иш принциплар асосида ишлашига хизмат қилади»[2] деб айтиб ўтишди. Бу йил тиббиёт бўйича консультациялар ҳажмининг ўсишига хизмат қилди. Сунъий интеллект ёрдамида тиббий диагностика қилиш тўғрисида оптимистик фикр билдирувчилар сони 8 фоизга ошди.
Айниқса, пандемия беморлар ва шифокорлар ўртасидаги психологик тўсиқларни енгиб ўтишда сезиларли ролни ўйнади.
Умуман олганда, ҳар бир инсонга саломатликдан кўра муҳим, соғлиқдан кўра кўпроқ эътибор берилиши лозим бўлган нарсанинг ўзи йўқ. Шунинг учун инсонлар касалликлардан сақланиш, саломатликни асраш ва мустаҳкамлаш учун куч-ғайрат, маблағ ва вақтни аяшмайди.
2021 йил соғлиқни сақлаш соҳасидан қандай ўзгаришларни кутишимиз мумкин?
Давлат раҳбари томонидан 2021 йил учун яна бир муҳим йўналиш сифатида белгиланган тиббиёт соҳасида қуйидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилиши маълум қилинди:
Биринчидан, келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши. Бу ишлар учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилиши. Ушбу маблағлар ҳисобидан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилиши;
Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилиши;
Пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўламини янада кенгайтириш. Жумладан, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чораларини кўриш;
Шунингдек, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятлар янада кенгайтирилиши.
Иккинчидан, она ва бола соғлиғига жамиятга, келажакка эътибор сифатида қараш. Шу мақсадда, кейинги йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилиши;
Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олиниши ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши;
Аёллар ва болаларни ёд, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонликни 25 фоизга камайтириш.
Учинчидан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурлиги.
Бу борада бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга 5 та ёрдамчи-ҳамширадан иборат тиббий бригадалар ташкил қилиниши.
Ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизимини жорий этиш.
Шунингдек, тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида келгуси 3 йилда 315 та оилавий шифокор пункти ва 85 та оилавий поликлиника ишга туширилиши.
Бундан ташқари, «қишлоқ шифокори» дастури доирасида олис ҳудудларда иш бошлайдиган мингдан ортиқ врачларга 30 миллион сўмдан ёрдам пули берилиши ҳамда улар хизмат уйлари билан таъминланиши.
Олис ва чекка ҳудудларда бирламчи ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ва эҳтиёжманд аҳоли учун скрининг тадбирларига хусусий шифохоналар ҳам жалб қилиниб, уларга субсидия ажратилиши.
Шунингдек, ўрта бўғин тиббиёт ходимларига «ҳамширалик иши» билан мустақил шуғулланиш учун рухсат берилади.
Тўртинчидан, келгуси йилда онко-гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилади.
Бешинчидан, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш орқали аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида келгуси йилда 70 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси, 16 мингта боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлашга 100 миллиард сўм ажратилиши.
Шунингдек, барча туман марказлари ва шаҳарларда пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилиши.
Олтинчидан, халқимизнинг маданий-маърифий ҳаётини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш каби устувор вазифалар белгилаб ўтилди.
Бир сўз билан айтганда, келгуси йилда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш тубдан ислоҳ қилиш бўйича қатор амалий тадбирларни кутиб қоламиз. Шубҳасиз, соҳадаги ислоҳотлар, янгиланишлар халқнинг давлатга ишончи, ёшларнинг келажакка умидини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Анвар Раҳматов,
Тошкент давлат юридик университети Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси