Тадбир юқори савияда, тантанали муҳитда ташкил этилди. Унда актёрлар, тарихшунослар, кино ихлосмандлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.
«Амир Темур» фильми Ўзбекистон ва АҚШ ижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинган. Хусусан, ушбу фильмга Джейкоб Шварс режиссёрлик ҳамда Беҳруз Ҳамзаев эса ижрочи продюсерлик қилган.
Бош ролни британиялик актёр Кристиан Мортенсен ижро этган. Шунингдек, фильмда Юлдуз Ражабова, Санзҳар Мади, Жандос Айбасов, Еркебулан Даййров, Дулгуун Одхуу, Махеш Жаду ва Ассан Мажит каби актёрлар иштирок этган.
Фильм ХИВ аср воқеаларига бағишланган бўлиб, Амир Темурнинг ҳокимиятга келиши, унинг ички курашлари ва тарихий жараёнлар фонида шаклланган шахсиятини ёритади.
Асарда Ипак йўлидаги беқарорлик, Мўғуллар империясининг парчаланиши ва шу даврдаги сиёсий зиддиятлар бадиий тарзда акс эттирилган.
Фильм намойишидан сўнг жамоатчилик орасида «У тарихий манбаларга қай даражада асосланган?» деган саволлар пайдо бўлди. Ижодкорлар сценарий ёзишда асосан «Темур тузуклари»га таянилганини таъкидлашмоқда.
Тарихчи олима Ҳилола Назированинг фикрича, фильмда тарихий элементлардан фойдаланишга уриниш бор, айрим ғоялар эса манбаларга таянган ҳолда бадиий талқин қилинган.
Унинг таъкидлашича, фильмда «Инсон тақдирни танламайди, тақдир инсонни танлайди» деган ғоя орқали Темур шахсияти символик тарзда очиб берилган.
Шунингдек, Темурнинг дастлабки ҳолати — тўғридан-тўғри ҳокимиятга даъво қила олмаслиги, легитимлик масаласи ва номига хон, амалда эса амирлар бошқарган тизим каби тарихий жиҳатлар ҳам акс эттирилган.
Бу каби ҳолатлар кейинчалик Бухоро амирлиги, Қўнғиротлар ва Минглар сулоласи даврида ҳам кузатилгани қайд этилади.
Мутахассислар таъкидлашича, фильмни тўлиқ тарихий манба сифатида эмас, балки бадиий асар сифатида қабул қилиш керак.
Чунки кино — аввало драматургия, сюжет ва образлар орқали таъсир ўтказишга қаратилган санъат туридир.
Маълумотларга кўра, бош роль ижрочиси Кристиан Мортенсен образни ишончли чиқариш учун жиддий тайёргарликдан ўтган.
2017–2018 йиллардаёқ муҳокама қилинган ушбу лойиҳа нега узоқ вақтда тайёр бўлгани ҳам кўпчиликни қизиқтирди.
Ижрочи продюсер Беҳруз Ҳамзаевга кўра, фильм тижорат мақсадида эмас, балки сифатга эътибор қаратиб ишланган.
«Биз шошилмадик. Ҳар бир деталь биз учун муҳим бўлди,» — дея таъкидлайди у.
«Амир Темур» фильми — бу тарихий воқеликлардан илҳомланган, аммо бадиий талқин асосида яратилган асардир.
Унда буюк саркарданинг ҳаёти, ички курашлари ва ҳокимият сари йўли драматик ва таъсирчан шаклда акс эттирилган.
Фильм томошабинни нафақат тарих билан таништиради, балки уни ҳис қилишга ҳам ундайди.
— Мазкур фильмнинг яна бир муҳим жихати шундаки, бу фильмнинг кенг дистрибуцияси. Илк маротаба, бизнинг Соҳибқирон Амир Темур ҳақида фильм
МДҲда фильм дистрибутори Элдор Юлдашевга кўра, фильм Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбойжон, Россия ва Беларусь кинотеатрларида ўз тилларида намойиш этилади.
«Бундай даражадаги ўзбек киноси 1991 йилдан бери биринчи марта локал дубляж қилиб МДҲ прокатларига чиқмоқда,» — дея таъкидлайди у.
«Илк маротаба фильмни ўтган йилнинг сентябрь ойида Қозон шаҳридаги «Олтин Минбар» кинофестивалида тақдим этдим, ўшанда бу МДҲлик прокатчиларда катта қизиқиш уйғотди, чунки ўзбек фильмлари яқин хориж бозорида жуда кам», — дея қўшимча қилди у.
Мазкур фильм ҳақида филология фанлари доктори Шухрат Хайитов ҳам ўз фикрларини билдирди.
— Биз ўзбек халқи, умуман халқимиз, ўзбек давлатчилиги тарихи, буюк аждодларимиз, жаҳонни ларзага солган улкан тарихи билан дунё цивилизациясида ўзига хос ўрин эгаллаган миллатмиз. Шу маънода, буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳақида қанча кўп фильмлар ишланса, менимча, шунча кам.
Сўнгги йилларда тарихга бўлган муносабат, уни экранлаштиришга ёндашув мутлақо янги босқичга чиқди. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган «Тирик тарих» дастури доирасида 50 дан ортиқ тарихий фильмлар яратиш режалаштирилгани бу борадаги ишларнинг тизимли йўлга қўйилганини кўрсатади.
Албатта, бугун тақдим этилаётган «Амир Темур» фильми ушбу дастур доирасига кирмаслиги мумкин, лекин уни халқаро миқёсда Амир Темур сиймосини кенг тарғиб қилишга қаратилган муҳим бадиий лойиҳа, деб баҳолаш мумкин.
Фильмда, табиийки, Амир Темурнинг бутун ҳаёти, барча юришлари, буюк саркарданинг илк шаклланиш босқичи, ўша давр муҳити ва тарихий шароитни бадиий жиҳатдан ёритишга ҳаракат қилган.
Энг муҳими, бу фильмнинг 100 дан ортиқ давлатда намойиш этилиши режалаштирилаётгани — юртимиз тарихи ва буюк шахсларимизни дунёга танитиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу, албатта, тарихига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонни қувонтиради.
Биз шундай фильмлар кўпайишини истаймиз. Чунки Амир Темур ва Темурийлар даври, умуман, ўзбек давлатчилиги тарихи жуда бой ва чуқур. Уларни қанча кўп экранлаштирсак, шунча яхши.
Бугунги кунда тарихни кино орқали етказиш, уни экран тилига ўгириш ва шу орқали жаҳонга намойиш қилиш — энг самарали усуллардан бирига айланмоқда. Кино орқали томошабин нафақат воқеани кўради, балки уни ҳис қилади.
Фильмдаги либослар, муҳит, замон ва макон тасвири — буларнинг барчаси томошабин тафаккурига ижобий таъсир кўрсатади ва ўша давр руҳини етказишга хизмат қилади.
«Амир Темур» фильми эса ана шу фахр туйғусини яна бир бор жонлантириб, томошабин қалбида ғурур ва ҳаяжон уйғотади.
Зулхумор Акбарова