Дарҳақиқат, академик шоир Ғафур Ғулом ўзининг Наманган ҳақидаги машҳур шеърида таърифлаганидек, «азалдан файзи бор» бу сўлим диёр табиатининг гўзаллиги, шарқироқ сойлари, қирмизи олмалари, меҳмондўст, ширин тилли кишилари билан ном қозонган. Айниқса, «Наманганнинг олмаси» қўшиғи нафақат Ўзбекистон, балки кўплаб хорижлик санъат мухлислари қалбини ҳам бирдай ром этган. Оташнафас шоир Бобораҳим Машраб, Муҳаммадшариф Сўфизода, Зафар Диёр, Нодим Намонгоний, Йўлдошхўжа Хилватий, Чустий, Ҳабиб Саъдулла, Исҳоқхон Ибрат каби ёрқин истеъдод эгаларига, Камолиддин Раҳимов, Ҳабиба Охунова, Ўринбой Нуралиев сингари улуғ санъаткорларга бешик бўлган табаррук маскандир.

Наманган қадим тарихи, осори-атиқалари билан ҳам ажралиб туради. Тўрақўрғон туманидаги Ахсикент археологик ёдгорлик мажмуаси ана шулардан бири. Ахсикент эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Шаҳар Арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандчилик турлари ривожланган. 1620 йилларга келиб, зилзила оқибатида улкан шаҳар вайрон бўлган. Бугунги кунда харобаларнинг 60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорликдир. Археологлар томонидан темирчилар устахонаси, X-XIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, аскарлар хоналари, жомеъ масжиди, мудофаа деворлари, ер ости ирригация тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор қароргоҳи — Арк қазиб ўрганилган.
Давлатимиз раҳбари 2019 йилда Наманганга ташрифлари чоғида ушбу ёдгорлик мажмуасида ҳам бўлиб, аҳамияти хусусида шундай деган эди: - Ахсикент - буюк тарихимиз кўзгуси.
Боболаримиз яшаган, қаҳрамонлик кўрсатган бу манзилда тарихимизни тиклаш учун жуда катта манба, ўтмиш далиллари бор. Биз шу пайтгача фақат машҳур шаҳарларимиз тарихини ўргандик, бундай жойларга эътибор қилмадик. Маънавиятимизни юксалтирмоқчи бўлсак, ёшларимизни ота-боболаримизнинг асл меросидан баҳраманд этиб улғайтиришимиз, халқимизга етказишимиз керак.

Президентимиз топшириғига мувофиқ, Ахсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, унинг ҳаққоний тарихини яратиш бўйича катта ишлар бошланди. Куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида яна ўша ёдгорлик мажмуаси ҳақида тўхталиб, тарихий қадамжода Самарқандда ўтказиб келинаётган «Шарқ тароналари» сингари фестиваль ўтказиш, бунинг учун шу жойда ҳам миллийликни, ҳам замонавийликни ўзига мужассамлаштирган катта томошахона лойиҳасини тайёрлаш ишларини жадаллаштириш зарурлигини таъкидланди.
- Наманганда туризмни ривожлантириш учун барча имкониятлар бор, - дейди вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкатжон Абдураззоқов. - Президентимизнинг ташаббуслари билан Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳида ҳам улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Унинг таркибидаги масжид, мақбара, музей реставрация қилинди, кутубхона, меҳмонхона бунёд этилди. Бир сўз билан айтганда, зиёратчилар учун барча шароитлар яратилди. Айни кунларда Намангандаги 24 та зиёратгоҳни ободонлаштириш, реставрация қилиш юмушлари давом этмоқда.
Шунингдек, Наманган шаҳрида 60 йилдан бери гуллар байрами ўтказилади. Унинг кўлами, географияси тобора кенгайиб бормоқда. Жумладан, 2019 йилда бу тадбирга 10 дан ортиқ хорижий мамлакатлардан сайёҳлар ташриф буюрди. Афсуски, 2020 йилда пандемия туфайли байрамни ўтказиш имконияти бўлмади. Насиб қилса, келгуси йилда гуллар байрами юбилейини жуда катта миқёсда ўтказишни ният қилиб турибмиз. Ҳозирдан бунга алоҳида тайёргарлик бошлаб юборилди. Энг ноёб гулларни парваришлашга киришилди.

Ўйлаймизки, мазкур айём халқимизнинг кайфиятини кўтаришга, ёшларимизнинг гўзаллик, нафосат туйғуларини тарбиялашга хизмат қилади. Ва албатта, халқаро гул байрамига республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидан, элчиларимиз кўмагида қўшни республикалардан, хорижий мамлакатлардан ҳам меҳмонларни таклиф этамиз.
Наманганликлар меҳмондўстлиги, қўли гул ҳунармандлари, саховатли тадбиркорлари, моҳир ошпазлари билан ҳам кўнглингизни олишга қодир. Бу сўлим гўшага ташриф буюрсангиз, энг замонавий меҳмонхоналар, кемпинглар хизматингизда бўлади. «Юз марта эшитгандан кўра бир марта кўрган афзал», дейишади. Шундай экан, гўзал ва ҳамиша навқирон Наманганга келинг, азиз меҳмонимиз бўлинг!
Комилжон ФАЙЗИЕВ,
журналист, «Наманган садоси»
газетаси муҳаррири