Уни хаёлан Соҳибқироннинг ҳузурига етаклаб киринг-да, “Авлодларинг қачондир оила қуриш, янги иш бошлаш, имтиҳонга кириш, чет тилни ўрганиш, китоб ўқиш, эрта туриш... ва ҳоказолар учун мотиватор – рағбат берувчиларга зарурат сезиб қолади”, дея гапиртириб кўринг-чи. Хўш, нима бўлди? Мабодо мунажжим жанобларининг салласи ерга тушиб, думалаб кетмадими?

Ҳа! Аслида, бизнинг ҳар иккала воқеани тасаввур этишга асосимиз бор. Тарихий манбалар туркий элнинг ори, ўзига ишончи қанчалар юксак бўлгани, миллатнинг маънавий қиёфасини сақлаб қолиш йўлида ҳар қандай хатарга қарши чиққанига гувоҳлик беради. Бироқ глобаллашув жараёни бизнинг ҳам асрлар давомида шаклланган миллий тутумларимизга таъсир қилмай қолмади. Қадриятларга путур етди: кеча уят саналган кўп одат ҳозир табиий ҳолдек туюлади. Олисга бормайин. Отамнинг отаси — Бекна бобом элнинг номдор чавандозларидан эди. Сурув-сурув чорваси, йилқиси бўлган. Лекин нимагадир у отамни ўн икки ёшида айириб, онаси билан бирга эски чордеворга кўчириб чиқаради. Сўнг отам кун кечириш илинжида комбайнчига шогирд тушади. “Ўшандан бери ўз кунимни ўзим кўраман, на оч қолдим, на кийимга зориқдим”, дейди у ҳозир фахрланиб.

Аслида-ку, бундай воқеалар ҳар биримизнинг отамиз, боболаримиз ҳаётида юз берган. Бугун биз мансуб авлод ўттиз ёшга довур ўзини бола чоғлаётган бир пайтда оталаримиз учун ўн беш ёш — эр етиб, бир рўзғорнинг эгаси бўлишга етгулик вақт эди. “Бўламан деган бола ўн бешида бош бўлур” мақоли ҳам бундан далолат.

Эҳтимол, сиз буларнинг ҳаммасини жисмоний қувватга олиб бориб тақарсиз. “Бурунгилар жуда соғлом, шунга гавдаси йирик, шашти ҳам баланд бўлган”, дерсиз бошингизни чайқаб. Мен эса эпосда жисмоний қувватга маънавий қувват ҳосиласи сифатида қаралгани, Гўрўғли, Алпомиш, Равшанхон каби баҳодирларнинг кучга тўлиш учун маънавий сафарларга чиққанию гўр ва ғорларда чилла сақлаб ётганини эслашингизни истардим. Демак, дардга чидамсиз, ҳаёт синовлари олдида иродасиз замонавий авлоднинг шашти пастлиги фақат экология ёки фаст-фуд истеъмоли билан боғлиқ эмас. Бу ерда ўйлаб кўриш, таҳлил қилиш учун бошқа каттароқ сабаблар ҳам бор...

Яшириб нима қилдик: бугунги ёшларнинг маънавий даражасида мувозанат бузилган. Агар илмли, ўз мақсадларига эга, зукко ёшлар билан уларнинг зиддини тарозининг икки палласига қўйсак, иккинчи палла босиб кетиши эҳтимоли бор. Аввалига реклама эълонлари, кейинроқ электрон платформаларни ишғол қилиб, энди китоб дўконларидаги пештахталарнинг ҳам қарийб саксон фоизини эгаллаб бўлган “мотивация”, “аффирмация” каби истилоҳлар ҳозир уларнинг севимли сўзларига айланган. Шунга бўлса керак, ижтимоий тармоқлардаги энг “харидоргир” контентлар ҳам бошқа соҳага эмас, айнан мотивацияга доир. Уларда эса яқиндагина трендга чиқиб, тармоқларда роса айланган “Фалон йилда туғилганларни синдириш бандасигамас” каби ғоят ваҳимали, мағзи эса пуч ибораларнинг бозори чаққон.

Тўғри, маънавий рағбат ҳаммага керак, лекин бачканалик, олди-қочди, ёлғон, бемаъниликлар билан одамларни кўпикдай шишириш асло маънавий рағбатга кирмайди. Маънавий рағбатмас, маънавий бидъат бу! Мазкур контентлар одам миясини ҳам робот сингари дастурлашни ваъда қилади. Тумтароқ сўзлар ёрдамида онгингизга дам уриб, сизни муваффақиятлар сари етаклашга ишонтиради. Мен шу манбаларни кузатиб, кимдир нимагадир эришишига ишонмайман. Бу вақтни увол қилишдан бошқа нарса эмас. Чунки дастурланиш учун одам, аввало, робот даражасига тушиши керак. Бир гапни сўйлаб, бошқа гапни ўйлай оладиган, оний фурсатда миясида минглаб сезгилар, хаёллар чақнаб улгурадиган одамзод дастур ёрдамида бошқариладиган оддий механизм даражасига тушиши, кўр-кўрона истеъмолчига айланиб қолиши мумкинми?!

Мисол тариқасида давримизнинг энг ¬оммалашган аффирмацияларидан бири — онг остига етиб бориши учун мотиваторлар ойнага қараб, кунига фалон марта қайтаришни тавсия қиладиган баъзи ибораларга эътибор қаратсак: “Мен бахтлиман”, “Мен бойман”... Буларни ўзига ўзи қайта-қайта уқтираётган нодон “Қайси бахтли одам ойнага қараб, буни ўзига гапириб ўтирибди?” деб наҳотки ўйламаса? Бу сизга лўли қизнинг ойнага қараб, тиланчилик қилиши ҳақидаги ривоятни эслатмайдими? Қайси бой ёки қайси эсли одам кун бўйи кўзгуга тикилиб, ўзининг бой ё доно эканига ўзини ишонтиришга ҳаракат қилади деган фикр хаёлидан ўтмаса? Бошқа тарафдан қараганда, бу ҳаракатлар киши учун ўзини калака қилиш, хўрлаш эмасми?!

Мотиваторларни қўя турайлик, мотивацияга бунчалар муҳтож қатлам қаердан пайдо бўла қолди ўзи? Ундаги пуч рағбатга ўчликнинг, гўлларча қарамликнинг кундан кун ортиб боришига сабаб нима? Наҳотки, бу ҳам гиёҳвандликка ўхшаган янги дард бўлса?

Агар бу борада ўзимнинг фикрим билан қизиқсангиз, мен “Ҳар қандай руҳий муҳтожлик, аввало, маънавий бўшлиқ туфайлидир”, дер эдим. Маънавий бўшлиқ турфа сабаблар туфайли инсон умрининг турли даврида пайдо бўлади. Австриялик таниқли психиатр Зигмунд Фрейд фикрича, шахснинг кечинмалари у туғилганидан то ўлгунича онг ости қатламида сақланар экан. Бундан чиқди, инсондаги маънавий бўшлиқ ҳам ақл бовар қилмас даражада илгари пайдо бўлгани эҳтимолдан холи эмас. Ушбу бўшлиқ қанча илгари содир бўлса, шунча ёмон. Чунки йиллар ўтиши мобайнида киши руҳияти уни ўзига сингдириб шаклланади. Оқибатда бу инсоннинг табиатига айланиб қолади.

Демак, қадимда момоларимиз бешикдаги чақалоқларга алла айтиб ухлатганда бежиз шунчаки оҳанг эмас, “паҳлавоним”, “ботирим” каби сўзлардан фойдаланмаган экан-да? Ким билсин, бугунги мотиваторлар балки айнан алласиз ўсган авлод маънавий тарбиясида йўл қўйилган камчиликнинг ўрнини тўлдиришга уриниб ётгандир?

Мақсаддан узоқлашиб, кичик деталлар атрофида айлана бошлаганимни ҳис ¬қиламан. Ёзиб турган мақоламни тўхтатиб, хаёлларимга дам бериш учун кўчага чиқаман. Ёнимдан тенгқурларим тўп-тўп бўлиб ўтади. Айримларининг қулоғида қулоқчин. Чақилган писта пўчоқлари, туфланган сақичлар қолади улар ортидан...

Пойтахт кўчаларини кезар эканман, дафъатан Абдулла Қодирийнинг деворга ишланган изтиробли қиёфасига кўзим тушади. Шунда оёқларим ҳам, нигоҳим ҳам бир нуқтада қотади. Қодирий сиймосига тикилиб, миллат зиёлиларининг яқин тарихдаги кечмишини эслайман. Ҳа, қачондир ҳақиқатни айтганлар қатағон қилинди. Миллат манфаати йўлида бирлашганлар қамалди, отилди. Қолганларини эса бир-бирига ишончсизлик уйғотиш, ёвлаштириш йўлида фитналар уюштирилди. Бироқ аҳамиятлиси, шунда ҳам элнинг асл фарзандлари майдонни бўшатиб қўймасликка, “от изини босиш”га ҳаракат қилди! Ёшларни маърифатни байроқ қилиб кўтаришга, баркамолликка, бирдам бўлишга давлатимиз раҳбарининг ўзи чорлаб турган айни паллада кўпгина йигит-қизлар орасидаги бундай бефарқлик ва тарқоқликнинг сабаби нимада экан?

Беш ташаббус, Учинчи Ренессанс каби эзгу ғоялар ҳам айнан катта эҳтиёж сабаб майдонга чиқмаяптими? Баъзан ўйлаб қоламан: оламга даҳоларни берган миллат фикрдан, мушоҳададан нега бунчалик узоқлашиб қолди? Нимага уларни машина ё пул бериб бўлса ҳам китоб ўқитиш зарурати туғилди? Балки бунинг илдизини анча наридан излаш керакдир?..

Ўтмишдаги босқинчиликларни қўя турайлик, яқин тарихда ҳам халқимиз оғир кунларни бошдан кечирди. Айнан мана шу даврда халқ Қодирий, Фитрат, Чўлпон сингари зиёлиларидан узиб қўйилди. Элнинг кўзини очиши, эл эргашиши мумкин бўлган одамлар ватан хоини, сотқин сифатида кўрсатилди. Мустабидлар ҳатто китобхон халқ эканимиздан ҳам унумли фойдаланди. “Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш!” шиори остида халққа ўзлигини унуттирадиган, ички оламни бойитиш ўрнига таназзулга етаклайдиган асарлар тарғиб қилинди. Натижада миллатда жуда катта маънавий узилиш содир бўлди. Бугунги ёшларнинг Навоийни тушунмаслиги, жадидларимиз илгари сурган миллатпарварлик ғояларидан ҳаяжонга тушмаслиги ҳам шундандир...

Кўпчилик кўрган бўлса керак, яқинда интернетда бир ижтимоий сўров эълон қилинди. Унда “Ойбекни биласизми?” деб сўралган ҳар тўрт ёшдан учови “Биламан! Метро бекатининг номи”, деб жавоб қайтарди. Сўров якунида уларга ўз миллатининг катта шоири, ёзувчиси таништирилганда ҳам хижолат тортмади. Тиржайиб тураверди — калласида шу аҳмоқона гапи билан танилиш истаги...

Аслида, жафокаш миллатимизнинг бугунгача кечирган кечмиши бизга жуда кўп нарсани англатиши керак. Кўп ўқишдан кўра нимани ўқий билиш муҳим экани, зиёлиларнинг халқ ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш кераклиги, маънавий тарбиядаги озгина узилиш жамиятга қандай катта талафот етказиши мумкинлиги шулар жумласидан.

Тўғри, ҳар бир авлод ҳаёт саҳнига ўз яшаш тажрибаси, қарашлари билан кириб келиши табиий. Лекин буни “табиий ҳол”, “замона зайли” деб, ёшларнинг фикрсизлик тузоғига илиниб қолишига жим қараб туриб бўлмайди. Ўзбекистон энг ривожланган мамлакатлар билан рақобат майдонига кириб келаётган бир пайтда ёшларни ортидан эргаштирадиган, уларга ҳар жиҳатдан намуна бўладиган, сўзи билан амали бир шахслар, зиёлилар миллатга бугун кечагидан кўпроқ керак. Беҳбудий давридаги каби илмга, маърифатга ҳомийлик қилувчи сахийлар халқнинг ўз ичидан чиқиши зарур. Балки бир-икки киши кўп ишни уддалай олмас. Бироқ, аввало, зиёлилар халқнинг миллий ғурурини уйғотишдек ғоя йўлида бирлашса, халқ ҳам бирлашади. Миллий ғурур, тафаккур уйғонган, ўз мақсадига эга жамиятда ортиқча ҳеч қандай руҳий рағбат, замонавий тил билан айтганда, пуфлаб шиширилган мотивацияга зарурат йўқ. Бундай одамлар инсоннинг нималарга маънавий масъул эканини шундоқ ҳам яхши ҳис этади.

Байрам АЛИ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси