Усмон Носир ўзбек шеърияти осмонида ёрқин ва сўнмас юлдуз каби пайдо бўлди. Йигирма беш ёшга етмасиданоқ нурли истеъдоди туфайли халқнинг севимли ва машҳур шоирларидан бирига айланди. Унинг номи юксак шеърият тимсоли бўлиб қолди. Катта ижодий ғайрат ва шижоатга эга шоир қисқа умри давомида ўлмас асарлар яратишга улгурди.
Усмон Носир 1912 йил 13 ноябрда Наманганда туғилди. Аммо унинг кейинги ҳаёти шоирлар ва фозиллар шаҳри сифатида машҳур бўлган Қўқонда кечди. Усмоннинг гўзалликка, шеъриятга, она халқининг руҳий маданиятига муҳаббати шу қадар табиий ва оташин эдики, у ҳали интернатда таълим-тарбия олаётган кезларидаёқ шеър ёза бошлади, ҳали навқирон ёшидаёқ Қўқон аҳли ўртасида шуҳрат топди. Шунинг учун ҳам Усмон ўрта мактабни тугатиб, педагогик курсларда қисқа муддат ишлаганидан сўнг Кинематография институтида таҳсил олиш учун Москвага юборилди.
Аммо у касаллиги сабабли бир йилдан кейин қуёшли юртига қайтиб, 1932 йилда Самарқанддаги Педагогика академиясига ўқишга кирди. Унинг “Қуёш билан суҳбат”, “Сафарбар сатрлар” деб номланган дастлабки тўпламлари шу йили нашр этилиб, Усмон Носирни истеъдодли шоир сифатида машҳур этди. Бу тўпламлардан кейин эса “Тракторобод” (1934), “Юрак” (1936), “Меҳрим” (1936) китоблари чоп этилди.
Усмон Носир 1935 йилда Тошкентга кўчиб келиб, ранг-баранг воқеа ва ҳодисаларга бой адабий ҳаётда фаол иштирок эта бошлади. У шу йилларда ўзининг энг сара шеърларини яратиш билан бирга, Пушкин ва Лермонтов шеъриятининг шоҳона намуналари — “Боғчасарой фонтани” ва “Иблис” достонларини ўзбек тилига шундай маҳорат билан таржима қилдики, улар ўзбек таржимачилик санъатининг гўзал дурдоналарига айланди. В.Киршоннинг “Улуғ кун” фантастик драмаси, Н.Добролюбовнинг “Ҳақиқий кун қачон келади?” мақоласи, Фирдавсий “Шоҳнома”сининг айрим парчалари таржимаси ҳам унинг қаламига мансубдир.
Усмон Носир ўз истеъдодини драматургия соҳасида ҳам синаб кўрган. Бизга унинг “Атлас” драмасидан ташқари, “Зафар”, “Душман”, “Сўнгги кун” драмалари ва “Гўрўғли” операси либреттосини ёзгани ҳам маълум.
Шоир 1937 йилда туҳматга учраб, қатағон қилинди. “Усмон Носир улуғ ва абадий шеъриятнинг дийдасидан оқиб улгурмаган шабнамдир, — деб ёзган эди Абдулла Орипов, — у ҳали қаҳқаҳага айланмай лабларимизда мангуга қотиб қолган ним табассумдир”.
Эркин Воҳидов шоир ҳақида қуйидагиларни қайд этади: “Усмон Носирни кўрганлар унинг мард ва ўктам йигит бўлганини, шу билан бирга, нозик руҳият эгаси эканини таъкидлайди. Қалби кенг, кўнгли очиқ, тўғрисўз ва жангари шоир йигитни кўп жиҳатдан рус шоири Сергей Есенинга ўхшаш кўраман. Усмон Носир худди улкан рус шоири каби оловли, исёнкор қалб эгаси, шеърият уфқида ногаҳон балқиган ёруғ юлдуз эди... У ҳам ёруғ д ун ён и жуда эрта ва бевақт тарк этди. Есенин каби мушкул ва чалкаш давр гирдобида ҳалок бўлди”.
Ҳақиқатан ҳам Усмон Носир ҳаёти аянчли кечди, фожиали якун топди. Чунки у юрак шоири эди. Шу юрак билан юрт тақдири учун қайғурган, В атанига содиқликни ҳаёти ва ижодига шиор қ илиб олган эди. Шоир ижоди билан танишар экансиз, аввало, юракнинг бедор уриши эшитилади, сўнг шеърнинг кўз илғамас торларидан таралаётган руҳият оҳанглари, нолалари энди сизнинг юрагингизни бедор қилади. “Шеърият авлодларнинг юрак тарихи, фикр ва ғоялар манбаигина эмас, руҳий оғриқ ва изтироблари қомуси ҳамдир”, деб ёзганди Иброҳим Ҳаққулов.
Бу фикр ҳақиқий истеъдодлар учун айтилган. Усмон Носир айнан шундай шеърият соҳиби эди. Шеърларидаги руҳ дарахти илдизи эса анча чуқур кетган. Шоирдаги руҳий оғриқ ва изтироблар сабабини эса унинг кечмишидан ва яшаб ўтган ижтимоий муҳитдан изламоқ керак, албатта.
“Спартакнинг лашкари ҳали ҳам борур. Мана менман у исённинг ўлмас авлоди”, дейди шоир “Нил ва Рим” шеърида. Танқидчи Иброҳим Ғофуров “Мен бу қадар образлари оғир зарбли шеърни кам ўқиганман. Бундай шеърлар катта шоирларда ҳам саноқли бўлади”, деб ёзади “Нил ва Рим” ҳақида. Бу шеър ўзининг етакчи ғояси ва чуқур руҳияти билан нафақат Усмон Носирнинг, балки ўзбек шеъриятининг ўлмас намунаси даражасига кўтарилди. Эрк ғояси ва исён руҳи энг аянчли ва қайғули ҳодиса — қуллик тарихини бериш воситасида сингдирилган.
Иброҳим Ҳаққулов ўзининг “Абадият фарзандлари” китобида бу шеърни чуқур таҳлил қилиб, бундай хулосалайди: “Мазкур мисраларда кейинчалик сталинизм деб қораланган қонли ҳаракатнинг образли манзараси тасвирланган. “Агар сен ўтмишга тўппончадан ўқ узсанг, келажак сени тўп билан ўққа тутади”, дейди Расул Ҳамзатов. Усмон Носир ўттизинчи йиллардаёқ тарихни оёқ ости қилиб, хотирасизлик билан эрк ва истиқболга етишмоқ ниятидаги телбаларга, албатта, маломат ва нафрат ўқлари отилишига инонганди. Келажак унинг ҳақлигини исботлади”.
Шўро ҳукуматининг кундаси олдида турган шоир дориломон замонлар келиб, яна эъзозланишини билган ва ана шу ишонч унга мислсиз ёвузлик ва тенгсиз кучга қарши курашда мадад берган.
1937 йилнинг 13 июлида ҳибсга олинганидан то сўнгги нафасига қадар Усмон Носир ойнинг ёруғ кунларини кўрмади. Ойнинг қоронғи 15 куни эса унинг учун етти йилдан ортиқ давом этди. Сталинча қирғин йилларида минглаб кишилар “халқ душмани” сифатида ўлим лагерларида инсон зоти чидаши мумкин бўлмаган азобларга дучор бўлдилар. Лекин улар орасида Усмон Носирчалик дўзах қийноқларини бошдан кечирган жабрдийда кам топилса керак.
“Усмон Носирнинг сўнгги кунлари” китобида бундай ёзилади:
“1944 йил, 9 март, пайшанба ўзбек шеъриятининг ёқут юлдузларидан бири Усмон Носирнинг сўнган куни. Сталинча истибдодга асосланган тузум уни шу куни аждаҳо сингари, ниҳоят, ямлаб-ютиб юборди!..
Шоир жасади қарийб бир ҳафта давомида ўликхонада ётди. Суслова қишлоғидаги маҳбуслар қабристони ҳали карахт уйқуда, қалин қор остидаги тупроқ эса тошдан ҳам қаттиқ эди. Бунинг устига, мурдаларни лагерь аравасида қабр истонга ташувчи маҳбуслар, одатга кўра, бир неча кун араванинг тўлишини кутар эдилар.
Хуллас, 15 март, чоршанба куни олис ва совуқ рус тупроғи Усмон Носирнинг музлаб қолган жасадини ўз бағрига олди...
Мана, ниҳоят, бу дунёга сиғмаган бахтсиз шоир 32 ёшида қора ер остига кирди. Бу дунёга булбул бўлиб келган, аммо қалб тори, шеърий истеъдоди тори эндигина таранг тортила бошлаган, ўз юртининг, халқининг пешонасида мустақиллик офтоби нурларини кўришни орзу қилган шоир — қора зулмнинг, қора туҳмат ва қора ҳасаднинг қурбони бўлган шоир шу зайлда оламдан ўтди”.
Ўзбекистон Президентининг “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори талантли шоиримизнинг халқимиз қалбида мангу барҳаёт эканини яна бир карра исбот этди.
Усмон Носирнинг ўзи “Боғим” шеърида ишонч билан ёзганди:
Баргдек узилиб кетсам,
Унутмас мени боғим.