Сана муносабати билан Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази фотоэкспозиция ташкил этди. “Чингиз Айтматов – ўзбек ва қирғиз халқларининг маънавият кўприги” мавзусида 4-бора ўтказилган ушбу фотокўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кечани Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров очиб берди. Марказ раҳбари ўз нутқида, Чингиз Айтматов асарлари 176 тилга таржима қилингани, 128 та давлатда чоп этилгани, Шекспир ва Толстой асарларидан кейин энг кўп ўқиладиган ёзувчи эканини айтиб ўтди.
Чингиз Айтматов нафақат ёзувчи, балки моҳир дипломат ҳам эди. У бир неча йил Кирғизистоннинг Люксембург, Белгиядаги элчиси бўлиб самарали ишлади. Шундан сўнг сўз ана шундай масъулиятли вазифада ишлаётган инсон – Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муса Жаманбаев берилди. Элчи ёзувчининг ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстликка қўшган ҳиссаси ҳақида гапирди.
Қозоқ адаби Мухтор Авезов: “Ҳозир... бутун дунёда Чингизга етадиган ёзувчи йўқ”, деган эди. Чингиз Айтматов эса: “Жамила” босмадан чиқиши биланоқ “Литературная газета”да эълон қилинган мухтасар мақола ҳали-ҳали ёдимда турибди. Авезов унда бағоят самимий мулоҳазаларини баён этганди. Бу улуғ носирнинг оқ фотиҳаси эди. Ўша пайтлари устозим олдида қарздор эканимни теран ҳис қилдим”. Бу сўзлар икки қардош ҳалқ ўртасидаги узилмас ришта десак, ёлғон бўлмаса керак.
Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази ҳам икки миллат орасидаги риштани боғлаб келаётган маскан ҳисобланади. Навбатдаги сўз марказ раиси Раҳматилла Жабборовга берилди.
Бир неча йил аввал Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Чингиз Айтматов номидаги марказ очилди. Бугун у ерда “Жамила” қиссасининг ўзбекча, қирғизча, русча, татарча, қорақалпоқча, қозоқча таржималари таҳлил этиляпти. Навбатдаги сўз мана шу ишларга бош бўлган инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, ЎзМУ доценти, Ёзувчилар уюшмаси бадиий публицистика кенгаши раиси, устоз Аҳмаджон Мелибоевич Мелибоев берилди. У киши марказда қилинаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Қирғиз адабиётшуноси Рустан Раҳмоналиев адибга баҳо берар экан, шундай дейди: “Туркий дунё вакиллари ичидан Алишер Навоийдан кейин беш юз йил ўтиб, фақат Айтматовгина адабиёт чўққисига кўтарила олди”. Ноябрь ойида Самарқандда ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг саммитида Чингиз Айтматов туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот билан тақдирлангани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
ингиз Айтматов асарларини Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев сингари таржимонлар ўзбек тилига қаловини топиб ўгирган. Таржималарнинг аксари шу даражада мукаммалки, уларни ўқиб Чингиз Айтматов асарларини қирғиз ё рус тилида эмас, худди ўзбек тилида ёзган деб ўйлайсиз. Кейинги сўз навбати шундай ўгирмачилардан бирига берилди. Яъни, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бош мутахассиси Рисолат Ҳайдарова Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотга номзодларнинг сараланиш босқичи ҳақида гапириб берди.
Кўпчилликка маълум, бўлғуси адиб ижодини журналистикадан бошлади. Қирғиз қишлоқ хўжалик институтида ўқиб юрганида газеталарга хабар, ҳисобот, тақриз, мақола, очерклар ёзиб қаламини чархлади. “Советская Киргизия” газетасининг 1952 йил 24 январь сонида ёш мухбирнинг “Қирғиз тили терминологияси ҳақида” мақоласи босилади. Тўртинчи курс талабаси қирғиз мактаблари 5-6-синфлари учун рус тили дарслиги, “Русча-қирғизча луғат” кўпгина имловий таржимавий хатолар, мантиқий ноаниқликлар билан босилганини очиб ташлайди. Шундан сўнг Чингиз Айтматов тилга тушади.
Очилиш маросимида “Кабар” қирғиз миллий ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Тўланбой Қурбонов ҳам қатнашди. Сўзга чиқар экан, у йиғилганлар эътиборини Чингиз Айтматовнинг болалигига кўпроқ жалб қилди.
Чингиз Айтматов асарларини ўқисак, худди қирғиз халқ куйларини тинглагандай бўламиз. Сўнг Шакарбек Абдумаликов “Манас” эпосидан парча ижро этиб берди.
“Мактабда ўқиб юрган кезларим битта меҳрибон муаллим бундай деган эди: “Отангнинг номи тилга олинган пайтда ҳеч қачон кўзларингни яширмагин”. Бу оқилона насиҳат оғир дамларда менга мададкор бўлди, хотирамга бир умр муҳрланиб қолди. Ўша сўзлардан: “Отанг халқ душмани эмас”, деган маънони англаш мумкин эди. Болалик қалбимни ана шу сўзлар илитиб турарди”. Бу ҳикматли ўгит Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохоновнинг “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китобидан эди. Чиндан устозлар бизнинг қалбимизни ёритадиган шундай баланд сўзларни айта олади. Чингиз Айтматов ҳам аллақачон устоз мақомига эришган инсон. Очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар мана шу муаллимнинг машаққатли ва файзли умр карвони, заҳматли ва мароқли ижод йўли ҳақида ҳикоя қилувчи фотокўргазмани томоша қилди.
Фозил Фарҳод,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Ахборот хизмати бўлими бошлиғи