Дунёда шундай инсонлар борки, улар билан суҳбатлашсанг кўнглинг ёришиб, ҳаётга бўлган муҳаббатинг, яшашга бўлган завқинг ошиб бораверади. Академик Наим Каримов биз яшаётган жамиятнинг илмли, зукко, машҳур инсонларидан бўлса-да, жуда ҳам оддий,  беозор, куюнчак ва  камтарин инсон. Яқинда қўнғироқ қилиб:

— Устоз, олдингизга бормоқчи эдим, —  дедим.  У киши нега келяпсиз, нима ишингиз бор, тинчликми ёки вақтим йўқ, демади:

— Майли келаверинг, ишдаман. Хонага кириб борар эканман, 90 ёшли академигимизнинг компьютер қаршисида ўтириб, нималарнидир ёзаётганига гувоҳ бўлдим. Мен билан  кўришиб, секин  сўради:

— Яхшимисиз, ижодлар бўляптими, газета саҳифасида исм-фамилиянгиз кам кўриняпти-ку?

— Устоз, газетамизнинг ҳар бир  сонини ўқиб борасизми?

— Албатта. “Янги Ўзбекистон” яхши мавзуларни ёритяпти. Ҳар куни ўқиб, кузатиб бораман.

— Устоз, сиз билан “Чўлпон” романингиз ва  унинг турк тилидаги таржимаси ҳақида суҳбатлашиб, мақола ёзмоқчи  эдим,  — дедим.

Домла менга қараб: “Майли, фақат интервью тарзидамас, мақолани ўзингиз ёзасиз, китоб, унга боғлиқ тарихий воқеалар ва таржимаси ҳақида  айтиб бераман”, деди.

* * *

Халқимиз миллий уйғониш даври адабиётининг буюк намояндаларидан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпонни қандай эъзозласа, қардош турк халқи ҳам уни шундай севиб, ардоқлаб келади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу юртдаги барча адабий, илмий-маърифий нашрлар саҳифаларида  Чўлпон асарлари ёки унинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги мақолалар  доимий тарзда чоп этилади.

  Ўтган йил Туркияда “Чўлпон йили” дея аталгани, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, филология фанлари доктори, академик Наим Каримовнинг “Чўлпон” биографик романининг турк тилида нашр этилиши қардош мамлакатнинг маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлди.

Наим акадан  китобнинг чоп этилиши ва ундаги воқеалар тафсилотини  тинглар эканман, домланинг  кўзларидаги ёш томчиларини кўриб, бир юртнинг фидойи ижодкори бўлса шунчалар бўлади-да, ҳар бир сўзини қалбдан ҳис этиб, юрак қўри билан ёзади, деган хаёлга бордим.

Олимнинг айтишича, 1938 йилнинг 4 октябрь куни  НКВДнинг Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги қатл­гоҳларидан бирида ўзбек халқининг Чўлпон, Фитрат ва Абдулла Қодирий сингари улуғ фарзандлари “халқ душманлари” сифатида отиб ташланган. Бу совет давлатининг ўзбек халқи ва маданияти олдидаги катта жинояти эди...

Ўша машъум санани ўзбеклар билан бирга турк халқи ҳам Шарқ маданияти тарихидаги энг фожиали кунлардан бири сифатида ёд этди.  Қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган катта тадбир  ўтказилиб, унда Чўлпон ва сафдошларининг маърифатпарварлик, ватанпарварлик, эрксеварлик йўлидаги фаолияти катта ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олинди. Улар ижодий мероси бугун Ўзбекистонда эсаётган Ренессанс шабадаларининг куч олишида муҳим манба бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.  Туркияда бўлиб ўтган воқеалар ўша куннинг ўзида ОАВда кенг ёритилди.

— Ўзбек шоирининг Туркиядаги мухлислари бир неча йилдан буён турк шаҳарларидан бирида Чўлпонга ҳайкал ўрнатишни орзулаб келади, — дейди Наим ­Каримов. —  Тегишли ташкилотлар  ва ижодий гуруҳлар айнан шу куни Анқарада улуғ ўзбек шоири ҳайкалини ўрнатиш масаласи бўйича музокаралар олиб борди. Музокаралар натижасида Анқара шаҳрининг Этимэсгут туманидаги тарихий боғларнинг бирида Чўлпон ҳайкалини ўрнатишга келишиб олинди. Ушбу боғда Ўзбекистондаги қатағон қурбонлари хотираси ва адабий меросига бағишланган маърифий кечалар ўтказилиши кўзда тутилди. Бундай хайрли тадбирлар ўзбек ва турк халқларининг янада яқинлашиши, улар ўртасидаги маданий алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Наим Каримов нафақат мактаб, ҳатто олий ўқув юртида ўқиб юрган йилларида ҳам Чўлпон номини тилга олиш, унинг асарларини ўқиш жуда хавфли бўлган. 1937-1938 йиллардаги қатағон даҳшатларидан кейин унинг китобхонлар қўлидаги асарлари ҳам, давлат кутубхоналаридаги китоблари ҳам ёқиб юборилган. Чўлпонни кўрган ва билган кишилар эса шоир ҳақидаги хотираларини кўнгил дафтарларидан сиқиб чиқаришга мажбур бўлган.

Ўтган асрнинг 60-йилларида мустабид тузум ­шароитида яшаётган  миллий республикаларга янги ҳаёт шабадалари кириб келди. Россияда қатағон қилинган шоир ва ёзувчиларнинг асарлари, улар ҳақидаги мақола ва хотиралар чоп этила бошлади. ­Лекин ҳали ҳам эгардан тушмаган, кимсалар Абдулла ­Қодирий, ­Чўлпон ва Фитрат сингари улуғ ёзувчилар ҳаёти ва ижодини ўрганишга тиш-тирноқлари билан қаршилик кўрсатган.

* * *

Шундай шароитда Иззат Султон, Озод Шарафиддинов, Аҳмад Алиев, Бегали Қосимов, Шерали Турдиев сингари олимлар юқорида номлари тилга олинган ва бошқа қатағон қурбонлари ҳақидаги катта ҳақиқатни айтишга журъат топа олган. Уларнинг сафида Наим Каримов ҳам бор эди. Мустақиллигимиз арафасида мустамлакачилик даврида қатағон қилинган ватандош­ларимиз хотирасини абадийлаштириш комиссияси ва “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Наим Каримов раҳбарлигида тузилган комиссия аъзоларига қатағон қурбонларининг КГБнинг темир сандиқларида сақланаётган “дело”лари билан танишиш имконияти берилди. Ушбу имкониятдан самарали фойдаланган олим, биринчи навбатда, Чўлпон ҳақида ўнлаб “дело”да сочилиб ётган маълумотларни тўплаб, ўрганиб, қиёслаб, ёзувчининг Андижон ва Тошкент шаҳарларида яшаётган замондошлари хотираларини ёзиб олиб, ижодкор ҳаётини тиклаш ҳаракатида бўлди. Шундай изланиш­лар натижасида 2003 йили унинг “Чўлпон” биографик романи яратилди.

* * *

Адиб ушбу асарида Чўлпоннинг шоир, ёзувчи, драматург, публицист, таржимон ва миллий истиқлол учун курашган инсон сифатидаги образини яратиш билан бирга, машаққатли ҳаёти мисолида у яшаган тарихий даврнинг энг муҳим манзаралари ва моҳиятини очиб берди.

Ҳар бир инсоннинг умри йил фаслларидек мавсумлардан ташкил топган. Фақат улар ёшлик, етуклик, мўйсафидлик ва кексалик деб аталади. “Чўлпон” романи гарчанд “Уйғониш”, “Булоқлар”, “Тонг сирлари”, “Ойдин кечалар” ва “Қор қўйнида лола” деб аталган беш бўлимдан иборат бўлса-да, улар инсоннинг тўрт фаслдан иборат умрининг ўзига хос хусусиятларини акс эттириб туради.

 Романни  ўқиган ҳар бир киши инсон ҳаёти ва ижоди саҳифаларини варақлагандек бўлади. Н.Каримов махфий архивлар ва турли шаҳарлардаги кутубхоналарда ишлаш, шунингдек, Чўлпон замондошлари билан суҳбатлашиш жараёнларида шундай ноёб маълумотларни топишга муваффақ бўлганки, бу маълумотларсиз Чўлпон образи, унинг ҳаёти тасвири мукаммал чиқмаган бўларди.

Суҳбат жараёнида Чўлпоннинг туғилган санасига ойдинлик киритилган яна бир қизиқ воқеа ҳақида билиб олдим. Чўлпоннинг туғилган санаси 60-70-йилларда ҳам илмий адабиётларда 1896, 1897, 1898 йил деб кўрсатиб келинган.

Наим ака Чўлпоннинг синглиси Фоиқа ая билан кўп бор учрашган. Шундай кунларнинг бирида Фоиқа ая акаси ҳақида қуйидаги воқеани  сўзлаб берган: “Андижон зилзиласи бўлганда акам айвонда ўтирган экан. Бирдан зилзила бошланганида айвон тепасидаги ёғочлар силжиб, улардан бири қочиб чиқаётган акамнинг пешонасига тегиб ғурра қилган. Шу ғурра кейин ҳам кўзга ташланиб турарди. Акам шу вақтда тўрт ёшли бола бўлган экан”.

— Андижон зилзиласининг 1902 йилда рўй берганини эътиборга олсак, — дейди академик, — Чўлпон 1898 йилда туғилган бўлиб чиқади. Бу сананинг тўғрилигини Чўлпон билан мучалдош андижонлик шоир ­Улфат ҳам тасдиқлаган. 

“Кеча ва кундуз” романининг иккинчи китоби ҳақида ҳам турли-туман фикрлар юради. Кимдир ёзилган дейди, кимдир иккинчи китобнинг ёзилмаганини тасдиқловчи “далил”ларни келтиради. Романнинг биринчи қисми “Шарқ юлдузи” журналида босилаётган кезларда эса иккинчи китобнинг қўлёзмаси Самарқанд қишлоқларидан бирида яшаётган чўлпонхон кишиларнинг уйидан топилди, деган миш-миш ҳам тарқалган.

 Чўлпоннинг Ваҳоб Рашидов деган ёш замондоши эса Наим Каримовга “Кундуз” қисмининг ёзила бошлаганини, ҳатто Чўлпон билан Москвада яшаган вақтида адибнинг иккинчи китобдаги айрим эпизодларни унга ўқиб берганини айтиб берган. “Бу парчаларга қараганда,  — деган у,  —  Мирёқуб Москвадан Боғчасаройга йўл олиб, у ерда И.Гаспринский билан танишади ва унинг таъсирида жадидчилик ғоялари билан шуғулланади”.

Энди аниқки, романнинг “Кундуз” деб аталган қисми ёзила бошланган. Тинтув пайтида олиб кетилган ашёлар орасида “тугалланмаган асар” сифатида рўйхатга киритилган қўлёзма, Н.Каримовнинг айтишича, “Кеча ва кундуз”нинг иккинчи, тугалланмаган қисмидир.

* * *

 Асарнинг яратилишида архив ҳужжатлари билан бирга замондошлар хотиралари ҳам муҳим аҳамиятга молик бўлган. “Лекин ҳамма гап шундаки, — дейди Наим ака, — замондошларнинг хотираларига ҳам, архив ҳужжатларига ҳам тўла ишониб бўлмайди. Ҳар бир тарихий факт ва ҳар бир ҳаётий воқеани қиёсий ўрганиб, тарихий ҳақиқатга яқин ва мантиқий асосга эга факт ва воқеадангина фойдаланиш мумкин”.

“Чўлпон” биографик романи осонлик билан дунёга келмаган. Муаллиф уйқусиз тунларининг тонгларга уланиб кетиши, ҳар бир воқеани диққат билан эшитиб, ўрганиб чиқиши, сарғайиб кетган қоғозларни соатлаб титкилаши, узоқ-яқин, таниш-нотаниш инсонларнинг Чўлпонга алоқадор ҳар бир сўзини ҳижжалаб ёзиб олиши, энг асосийси, миллати учун жонини фидо қилган адиб асарларини эринмай ҳар бир сўзигача ёд олишининг ўзи аслида буюк бир фидойиликдир!

Энг муҳими шундаки, Наим Каримов илмий ва ­ижодий ҳаёти давомида Сўфизода, Усмон Носир, ­Миртемир, қатағон даври бўронларидан омон чиққан Ойбек, Ҳамид Олимжон ва Зулфия тўғрисида ҳам жуда ажойиб ва ўлмас асарлар ёзган ва ҳамон ёзишда ­давом этмоқда.

“Чўлпон” биографик романининг турк тилига таржима қилиниши, бир томондан, турк халқида қардош ўзбек халқининг Чўлпондек улуғ фарзандлари билан яқиндан танишиш истаги борлигини англатса, иккинчи томондан, турк адабиётидаги шундай асарларнинг ўзбек тилига, ўзбек тилидаги шундай асарларнинг эса турк тилига таржима қилиниши тарихий, адабий ва маънавий  илдизлари муштарак икки халқнинг янада яқинлашишида муҳим омил бўлади, деб умид қиламиз.

* * *

Ҳажман каттагина, яъни 498 бетлик асарни турк тилига таржима қилган Шойип Қорақош ўзбек адабиётининг Туркиядаги энг яқин дўстларидан биридир.

Наим Каримов билан бўлиб ўтган суҳбатимизда яна шунга амин бўлдимки, бу тиниб-тинчимас фидойи инсон юртимизда бўлаётган ҳар бир воқеа-ҳодисага шунчаки қарамайди, шунчаки эшитмайди.

— Дарвоқе, ўтган  йил  сентябрь-октябрь ойларида Анқарада бўлиб ўтган йиғинларда ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилувчи яна бир неча масала муҳокама қилинган, сизнинг улардан хабарингиз бор-а? — дея менга савол берди-да, жавобимни ҳам кутмай,  бармоғини букиб, бирма-бир санай бошлади Наим ака:

биринчидан, Туркия Маданият ва туризм вазирлиги Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон” (ишчи номи) деган китобни нашрга тайёрламоқда. Ундан жадид маърифатпарварларнинг  ҳаёти, фаолияти ва адабий меросига оид мақола ва материаллар ўрин олади. Иккинчидан, Туркиянинг Карабуюк университетида ҳар йили чоп этиладиган тўпламнинг Ўзбекистонга бағишланган сони нашрга тайёрланади. Китобнинг Туркиядаги архив ва кутубхоналарга тарқатилишига қараганда, ундан Туркия учун ҳам ноёб ва қимматбаҳо материаллар ўрин олади. Бу хайрли режаларнинг амалга ошиши ҳеч кимда асло шубҳа уйғотмайди...

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Туркияда Чўлпон шахсига бўлган қизиқиш, шунингдек, “Чўлпон” романининг турк тилига таржима қилиниши турк адабий ­ҳаётида Ўзбекистонга, ўзбек адабиётига қизиқиш катта эканидан далолатдир ва бу икки қардош халқ адабиётларини янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

"Янги Ўзбекистон" мухбири