Шукрки, мамлакатимизда аҳолига замонавий тарзда ихтисослашган онкологик ёрдам кўрсатувчи ягона тизим яратилган. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида 10 та даволаш корпуси бўлиб, 370 ўринга мўлжалланган. Бу ерда йилига 9 мингдан ортиқ беморга стационар, 43 минг нафар хастага амбулатор тартибда хизмат кўрсатилмоқда.

Шунингдек, саратон профилактикаси, экспериментал онкология, нур терапияси ускуналари метрология марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Онкологияда диагностика ва даволаш стандартлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилгани натижасида юртимиздаги барча онкология муассасаларида тиббий диагностика ва ёрдам кўрсатиш ягона замонавий стандартлар асосида бажарилади.

Ўтган йилнинг 14 май куни давлатимиз раҳбари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида яратилган шароитлар билан танишиб, бемор болалар ҳолидан хабар олган, уларга ва ота-оналарга қулайликлар яратиш бўйича тегишли топшириқлар берган эди. Орадан кўп вақт ўтмай, Президентимизнинг 2021 йил  27 майдаги “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида онкология хизматини янада ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учун Тошкент тиббиёт академияси клиникаси ҳудудида замонавий, янги бино ва иншоотлар мажмуасини қуриш ҳамда жиҳозлаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланди.

— Бунинг учун Корея Республикасининг энг замонавий онкология клиникалари фаолияти ўрганиб келинди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош онкологи, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов. — Айни пайтда Тошкент вилояти, Тошкент шаҳридаги филиалларни жамлаган ҳолда, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Марказий Осиёда ягона бўлган 650 ўринли янги биносини қуриш ишлари жадал суръатда давом эттирилмоқда. Тез орада 1958 йилда қурилган ҳозирги онкология маркази ўрнида Жанубий Корея тажрибаси асосида 650 стационар, 100 амбулатор ўринга эга 10 қаватли янги замонавий марказ қад ростлайди. Янги марказ 2023 йилда ишга туширилиши кутилмоқда.

 Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банкининг 80 миллион АҚШ долларига тенг инвестицион дастури қабул қилинди. Келгусида бу маблағ онкология соҳасида мамлакатимиз бўйлаб техника ва инсон ресурси салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилади.

Шунингдек, Корея Эксимбанкининг молиявий қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг дастури бўйича илк бор юртимизда 4-даражали Миллий онкология марказини яратиш бўйича лойиҳа бошланди.

Айни пайтда марказда олиб борилган таъмирлаш ва реконструкция ишлари туфайли бир қанча қулайликлар юзага келди. Илгари бинонинг атрофи, ичкарисида узундан-узоқ навбат кузатилар, айниқса, кичкина поликлиникада одам кўплигидан нафас олишга ҳаво етмасди. Тор, қоронғи йўлакларда беморларнинг турнақатор навбатини кўрган одамнинг кўнгли хижил бўларди. Ҳозир шифохонага ёруғ, замонавий диагностика бўлими орқали қадам қўйиш мумкин.

Янги таъмирдан чиққан уч қаватли бинода диагностика ишлари олиб борилади. Бўлим рентген, ультратовушли аппарат ва бошқа замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Катта мониторда марказда яратилган имкониятлар намойиш этиб борилади. Беморларга қулайлик яратиш мақсадида 180 та ўриндиқ ўрнатилган.

Марказда гематологик, онкологик ва ирсий иммунологик касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар бўйича ахборот тизими жорий этилган. Фойдаланиладиган дорилар рўйхати уларнинг самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳар йили янгилаб борилади. Аҳоли орасида ушбу касалликларга қарши курашиш мақсадида хорижий грантлар, техник ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларни жалб этишни кучайтириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш дас тури, клиник протоколларни қайта ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш юзасидан иш олиб борилмоқда.

Марказда онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, Бухоро вилоятида синов шаклида илк бор замонавий 3Д рақамли 13 стационар ва 2 мобиль маммограф ускунада скрининг тадбири амалга оширилди. МДҲ давлатлари орасида биринчи маротаба Бухоро вилоятида аёллар ўртасида сут бези саратонини аниқлаш учун скрининг тадбирлари ўтказилди.

Тиббиёт муассасасида жигар ва меъда ости бези бўлими фаолият бошлаганига бир йилга яқин вақт бўлди. Айни пайтда бу ерда жигар ва меъда ости бези саратонида ўтказиладиган юқори технологик, мураккаб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилган. Шу кунга қадар 30 га яқин меъда ости саратони, 100 га яқин жигар саратони бўйича операция ўтказилди.

— Ўт пуфагимда ўзгариш сезиб, шифокорга мурожаат қилсам, ундан тарқалаётган заҳар организмимдаги бошқа аъзоларга ҳам таъсир кўрсатаётганини айтди, — дейди Фарғона вилоятидан келган Тўхтахон Норалиева. — Шу марказга шифо истаб келдим. Бу ерда ўт пуфагимда ўсма касаллиги борлиги тасдиқланди. Ҳозир малакали шифокорлар даволаяпти. Жарроҳлик амалиётидан сўнг тузалиб кетишимга умид қиляпман.

Мажмуада хорижий давлатлардан келиб даволанаётган беморлар ҳам кўп. Бу юртимизда аҳолига онкологик хизмат кўрсатиш сифати ошиб бораётгани, тиббиёт туризми ривожланаётганидан далолат беради.

— Қозоғистонданман, — дейди Тўхтақобил Отабоев. — Ошқозоности безида саратон аниқлангач, тўғри шу ерга келавердим. Марказда барча  шароит етарли, тажрибали, хорижда малака оширган шифокорлар фаолият олиб бориши, ривожланган мамлакатларда қилинадиган операциялар шу ерда ҳам ўтказилиши ҳақида эшитган эдим. Адашмаган эканман. Шифохона тоза-озода, таъмирдан чиққан. Дори-дармон етарли. Дўхтирлар замонавий аппаратларда текширди. Ҳозир даволаняпман.

Онкологик касалликлар нафақат катта ёшдаги аҳоли, балки болалар саломатлигига ҳам жиддий таъсир этаётган муаммолардан биридир. Бундай касалликлар профилактикасига оид тадбирларни самарали ташкил этиш ва хасталикни эрта босқичда аниқлаш орқали минглаб беморларни соғлом ҳаётга қайтариш мумкин.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий марказининг болалар онкологияси бўлимида муолажа олаётган болалар ва ҳаёт синовлари олдида мардона турган ота-оналарнинг орзу-умидларига қулоқ тутсангиз, тансиҳатлик нечоғлиқ улуғ неъмат эканини яна бир бор ҳис қиласиз.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 14 май куни бу ерга ташриф буюриб, даволанаётган болаларга шифо тилаб, ота-оналарга далда берганди.

— Бу бир синов. Ана шу синовлардан бардош билан ўтиб, тезроқ соғайиб, уйга қайтсаларингиз, ҳаммамиз хурсанд бўламиз. Мен болалар, ёшлар ҳақида кўп гапираман, уларга катта умидлар боғлайман. Илоҳим, мана шу болаларнинг ҳам касаллиги эсдан чиқиб, халқимизга хизмат қиладиган фарзандлар бўлиб етишсин. Улуғ айём кунларида Худодан шуни сўраймиз, — деган эди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари билан учрашган бемор болаларнинг хориждаги етакчи клиникаларда даволаниб қайтиши учун имконият яратилди. Улардан бири Мадина Эгамбердиева.

— Қизим дардмандлиги сабаб дунё кўзимга қоронғи бўлиб, юпанч тополмай тургандим, — дейди Мадинанинг онаси Дилноза Расулова. — Президентимизнинг ҳолимиздан хабар олгани, биз билан самимий суҳбати ўксик кўнглимизга далда бўлди. У кишининг ёрдами билан қизимни Россия Федерациясида даволатиб қайтдик. У ерда ҳам текширувлар олиб борилди. Бу ерда қўйилган диагноз у ерда ҳам тасдиқланди. Суякдан чиққан ўсмани ички протез билан ўзгартириш керак эди. Сабаби, бола ўсгани сари протез ҳам секин катталашади. Москвадаги онкология марказида тизза-бўйин соҳасига протез қўйилди. Бу жуда мураккаб операция эди. Натижа ёмон бўлмади. Бир курс муолажадан сўнг юртимизга қайтиб, қолган даволанишни шу ерда давом эттиряпмиз. Муттасил муолажалардан сўнг моддий жиҳатдан қийналиб турган пайтимизда давлатимиз раҳбарининг бу ёрдамидан бошимиз осмонга етди. Болаларимизга яшашга умид бергани, бизни суягани учун Президентимиздан ниҳоятда миннатдормиз.

Ҳозир Мадинанинг аҳволи яхши. У секин-аста юришга ҳаракат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари билан учрашув қизнинг ҳаётида унутилмас воқеа бўлди. У давлатимиз раҳбарига орзулари, хусусан, онколог шифокор бўлиши ҳақида гапириб берди. Ҳозир тезроқ соғайишга ва олий маълумот олишга ҳаракат қиляпти.

Онкологик касалликлар катта маблағ ва юқори тиббий имкониятларни талаб қилади. Президентимиз ташрифидан сўнг хорижда даволанишга эҳтиёжи бор 10 нафар бола чет элнинг етакчи клиникаларида кимётерапия ва жарроҳлик амалиётини ўтказиб қайтди. Дардлари енгиллаган. Ота-оналар кўзида фарзандининг эртасидан умидворлик сезилади.

— Президентимиз билан учрашишни кутмаган эдик. Эшикдан кириб келганида қаттиқ ҳаяжонландим. Биз билан суҳбатлашганидан кейин кўнглим тоғдай кўтарилди. Қизимга иккита юқори дозали кимё терапия ўтказилиши зарур эди. У кишининг ёрдами билан ана шу муолажани Москва шаҳрида олдик. Давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлик билдирамиз. Агар шу ёрдам бўлмаганда қизимизни бой беришимиз мумкин эди... Ҳозир касаллик барқарор ҳолатда. Даволанишни шу марказда давом эттиряпмиз, — дейди бемор Маҳлиё Бойқулованинг онаси Дилноза Бобомуродова.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги масалаларни чуқур таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳамиша давлатимиз раҳбарининг эътиборида бўлиб келган. Президентимиз жойларга ташрифи давомида бу масалага алоҳида тўхталиб, тизимни янада такомиллаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар бермоқда. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Шайхонтоҳур туманидаги Марказий кўптармоқли поликлиникага ташриф буюриб, у ерда яратилган шарт-шароитни кўздан кечирганди. Тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг касаллик турлари бўйича шакллантирилган электрон тиббий рўйхати асосида мақсадли хонадонбай тиббий кўриклар ташкил этиш, уларни индивидуал амбулатор ва стационар шароитда даволаш ҳамда соғломлаштириш режасини шакллантириш, беморларнинг тўлақонли даволанишини таъминлаш мақсадида дори воситаларига эҳтиёжни аниқлаш юзасидан вазифалар юклатилган. Ана шу топшириқлар ижроси билан танишиш асносида халқимизни рози қилиш, энг аввало, сифатли тиббий хизматга бўлган талабни қондириш каби улуғ мақсад йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўзининг дастлабки самарасини бераётганига гувоҳ бўлдик.

Шайхонтоҳур туманидаги Марказий кўптармоқли поликлиника 1994 йилда қурилган, 2017 йили реконструкция қилинган. Бу ерда терапия, неврология, кардиология, ревматология, аллергология, педиатрия, жарроҳлик каби бўлимлар, ташхис ускуналари мавжуд.

Ушбу марказий поликлиника ва унинг таркибидаги 9 та оилавий поликлиника туманнинг 51 та маҳалласида яшовчи 346 минг аҳолига хизмат кўрсатяпти. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан Шайхонтоҳур тумани аҳолисининг эҳтиёжманд қатламини ажратиб олиш мақсадида махсус сўровнома тузилди. Маълумотлар таҳлилини осонлаштириш, шаффофликни таъминлаш мақсадида махсус электрон дастур ишлаб чиқилган. Шу дастур асосида Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи аҳолининг турар жойларига чиқиб, сўровнома ўтказилди.

Сўровнома асосида аҳолининг тиббий ёрдамга муҳтож қисми касаллик турлари бўйича ажратиб олинди ва уларнинг электрон рўйхати шакллантирилди. Ушбу жараёнга жами 500 нафар тиббий ходим жалб этилди. Тор доирадаги мутахассислар томонидан поликлиникага кела оладиган қатлам поликлиникада, кела олмайдиган, ётиб қолган беморлар ўз хонадонида тиббий кўрикдан ўтказиляпти.

— Беморларга қўйилган ташхис бўйича дори воситалари тақсимоти рўйхати шакллантирилди, — деди Шайхонтоҳур тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Анвар Қиличев. — Эҳтиёж бўйича керакли дори воситаларини сотиб олиш мақсадида декабрь ойида 137 миллион сўм маблағ ажратилди ва 49 турдаги дори воситалари харид қилинди. Қўшимча равишда туман ҳокимлиги томонидан эҳтиёжманд аҳолининг дори-дармони учун 473 миллион сўм ажратилиб, 226 турдаги дори олинди ҳамда аҳолига тарқатилди.

Шайхонтоҳур тумани бўйича сўровнома асосида эҳтиёжманд аҳоли саралаб олинди ва рўйхат асосида тор доирадаги мутахассислар томонидан кўрик ўтказиляпти. Бугунга келиб 523 нафар аҳоли амбулатор шароитда ва 332 нафар аҳоли шаҳардаги шифохоналарда, 52 нафари республика тасарруфидаги шифохоналарда стационар шароитда даволанди.

— Бу поликлиникага 40 йилдан бери келаман, — дейди Шофайзи маҳалласида истиқомат қилувчи Зарифа Мамадалиева. — Аввалги поликлиникамизда шароитлар етарли эмасди. Президентимиз келганидан сўнг эътибор кучайди. Ҳозир замонавийлашган поликлиникада ҳамма шароит бор. Ускуналар, аппаратлар янгиланган. Шифокорлар диққат билан дардингизни тинглайди. Маҳаллада соғломлаштириш ишлари олиб борилди. Ёрдамга муҳтож, оилавий шароити оғир, даволанишга маблағи йўқ беморлар дори-дармон билан таъминланди. Юрагим безовта қилиб, қон босимим ошиб кетарди. Оилавий шароитимиз оғирлиги учун “Аёллар дафтари”га киритилганман. Шу сабабли 3 ойга етадиган барча дори менга поликлиника томонидан бепул берилди. Авваллари дорихонама-дорихона юрардим. Баъзида дорига пул тополмай қийналардим. Турмуш ўртоғим 2-гуруҳ ногирони. Унинг ҳам муолажасига пул керак, буёқда болаларнинг ташвиши... Президентимизга раҳмат, бизга шундай шароит ва кўмак бергани учун. Барчаси учун миннатдормиз.

Амбулатор шароитда даволанадиган беморлар Шайхонтоҳур туманида жойлашган оилавий поликлиникаларнинг кундузги шифохоналарида даволаняпти. Стационар шароитда даволанадиган беморлар белгиланган тартибда республика ва ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларга йўлланма асосида даволанишга юборилмоқда. Жорий этилаётган ҳар бир янгилик фуқаролар томонидан мамнуният билан эътироф этилаётир.

— Юрагим кўп безовта қилиб, нафасим қисилади. Турмуш ўртоғим ҳам юрак-қон томир касаллигидан азият чекади. Поликлиникага чиққандик, 1-шаҳар шифохонасида ётиб даволанишимиз учун ордер бериладиган бўлди. Бундан бошим осмонга етди, — дейди “Қизилғунча” маҳалласида истиқомат қилувчи Дилбар Миралиева. — Аввал бундай шароит қайда эди, дейсиз. Ҳозир поликлиника биноси таъмирланган, шифокорлар одамнинг жонига жон бўляпти. Барча таҳлил намуналари шу ернинг ўзида, замонавий лабораторияда текширилади. Овора бўлиб бошқа жойга бориб юрмайсиз. УТТ, рентген аппаратлари янги. Поликлиникада кундузги стационарда ётиб даволандик. Жуда яхши қарашди.

Бирламчи бўғиннинг сифатли тиббий хизмат кўрсатиш салоҳиятини ошириш, тармоқ фаолиятидан аҳолини рози қилиш йўлидаги ислоҳотлар ифодасини бугун ҳар бир инсон ўз ҳаётида яққол кўрмоқда. Зотан, бу борадаги янгиланиш ва ўзгаришлар қамрови бугун юртимиздаги ҳар бир оилага кириб бораётгани юртдошларимизнинг миннатдорлик сўзлари-ю қалбидаги дил розидан аён.

Давлатимиз раҳбари ушбу муассасага ташрифи чоғида “Замон талаби шундай: хусусий тиббиёт ривожланиб бораверади. Аҳолининг бир қисми хусусий клиникаларга боради. Лекин давлат барча аҳолини сифатли тиббиёт билан қамраб олиши керак. Шунинг учун бу ерни кластерга айлантириб, даволашни манзилли йўлга қўйиш, самарадорлиги ва қамровини ошириш зарур. Одамлар тиббиётда адолатни сезиши керак”, деган эди.

— Шайхонтоҳур туманида жойлашган барча тиббиёт муассасалари, шаҳар 1-клиник шифохонаси, кўптармоқли поликлиника, ёнимизда жойлашган шаҳар перинатал маркази ҳамда бошқа тиббий муассасаларни бирлаштириб, кластер ташкил этилмоқда, — дейди Ибн Сино номидаги шаҳар 1-клиник шифохонаси бош шифокорининг жарроҳлик бўйича ўринбосари Акром Бобожонов. — 2022 йилнинг 1 июнига қадар ишга туширилиши кутилаётган мазкур лойиҳанинг бир қатор афзалликлари бор.

Авваллари мураккаб бўлган даволаш-диагностика жараёни ягона тизим асосида такомиллаштирилади. Жаҳон андозаларига мос тиббий анжомлар билан жиҳозланиши энг мураккаб касалликларга ташхис қўйиш ва даволаш имкониятини яратади. Марказий клиник лабораторияларда олиб борилаётган текширувлар 30-40 фоизга ошиши кутилмоқда. Жарроҳлик, гинекология соҳаларида ҳам ягона тизимга ўтиш режалаштириляпти.

Соҳада инновация ва биотехнологияни ривожлантириш учун кенг йўл очилади. Яна консультация хизмати соддалаштирилиб, текшириш, даволаш, диспансер назоратига олиш ҳамда реабилитация қилиш сифати ошади. Тиббиёт хизматини рақамлаштириш орқали аҳолига тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатилади. Шифокорларга ишдан ажралмаган ҳолда, илмий-амалий малака ошириш имконияти яратилади. Энг муҳими, аҳоли учун марказлашган, замонавий ва сифатли тиббий хизмат шароити пайдо бўлади.