Замонавий технологияларнинг жорий қилиниши ҳаётий юмушларимизни енгиллаштириши билан бир қаторда экологик муаммоларни бартараф этишга ҳам ёрдам беради. Илм-фан кишилари экотизим барқарорлигини сақлашга ўзининг янги лойиҳалари билан ҳисса қўшмоқда.

Яқин-яқинларгача инсоният шиша, пластмасса, қоғоз, полиэтилен каби чиқинди турларига қарши курашиб келган бўлса, эндиликда уларнинг миқдори синтетика ва лотексдан иборат бир марталик қўлқоп, ҳимоя ниқоблари ҳисобига ҳам ортиб боряпти. Экологларнинг таъкидлашича, бундай воситаларнинг табиий муҳитда йўқ бўлиб кетиши учун 400—450 йил керак бўлади. Уларнинг сув ҳавзаларига тушиши ёҳуд тупроқ қатламига қоришиб кетиши табиатга янгидан-янги муаммоларни «туҳфа» этади. Яна бир хавотирли томони борки, тиббиёт чиқиндиларида турли вирусли инфекцияларнинг тарқалиш хавфи ҳам юқори бўлади.

Биология фанлари номзоди, доцент Музаффар Сатторовнинг тиббиёт чиқиндиларини термик усулда зарарсизлантириш қурилмаси лойиҳаси республика Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан маъқулланиб, зарур маблағ ажратилди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари» илмий-тадқиқот институти лабораториясида қурилманинг илк нусхаси ишлаб чиқилиб, зарур синовлардан муваффақиятли ўтди.

— Қурилма конструкцияси икки камерадан иборат бўлиб, биринчи камера массани зарарсизлантириш вазифасини бажаради, иккинчи камера эса деструкция маҳсулотининг тўлиқ оксидланишини таъминлайди, — дейди М. Сатторов. — Юкланаётган маҳсулотнинг микробиологик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, камералардаги ҳароратни 1 200–1 300 градусгача кўтариш имконияти мавжуд. Натижада микробиологик хавф тўлиқ бартараф этилади. Битта қурилма бир кунда 50 килограммгача тиббиёт чиқиндисини зарарсизлантириш имконига эга. Бир кунда бир бемор ҳиссасига ўртача 100—150 грамм тиббиёт чиқиндиси тўғри келишини ҳисобга олсак, ҳар 100 ўринлик касалхонага биттадан модулли қурилмани жойлаштириш кифоя.

Музаффар Сатторов таклиф қилаётган қурилманинг афзал томони шуки, унда зарарли диоксинни тутиб қолувчи фильтрлар ўрнатилган бўлиб, атмосферага заҳарли тутун чиқармайди. Ҳозиргача бу борада мавжуд қурилмалар аҳоли яшайдиган жойлардан қанчалик йироққа ўрнатилмасин, барибир ҳавони ифлослаши билан хавфли эди. Янги қурилмани эса бемалол тиббиёт объектларига ҳам жойлаштириш мумкин. Ўз-ўзидан маълумки, чиқинди полигонларига юк ташишга ҳожат қолмайди. Логистика харажатлари тежалиши баробарида, чиқиндилар эгаллайдиган майдон ҳам қисқаради.

Қурилма қаттиқ маиший чиқиндиларни 100 фоиз қайта ишлаб, улардан дизель фракцияси (синтетик нефть), бензин фракцияси ва юқори калорияли кокс (кўмир) олиш имкониятига эга.

Зангиота туманида жойлашган «Biofuel» корхонасининг асосий фаолияти экотехнологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва экспериментал ишланмалар яратиш ҳисобланади. Жамият тасарруфидаги корхона томонидан «Канализация чиқиндилари ва қаттиқ маиший чиқиндилардан биоёқилғи олиш» стартап лойиҳаси ишлаб чиқилган. Инновацион лойиҳанинг атроф-муҳит муҳофазаси учун муҳимлиги инобатга олиниб, мутасадди ташкилотлар томонидан керакли маблағ ажратилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилди. Лойиҳа сабаб 30 га яқин иш ўрни яратилиши баробарида утилизация қилиш билан боғлиқ харажатлар тежалади.

— Маиший чиқиндиларни янгича усулда қайта ишлаб, ўз-ўзини энергия билан таъминловчи технология кичик шароитда муваффақиятли синовдан ўтказилди. Қурилма қаттиқ маиший чиқиндиларни 100 фоиз қайта ишлаб, улардан дизель фракцияси (синтетик нефть), бензин фракцияси ва юқори калорияли кокс (кўмир) олиш имкониятига эга. Ҳосил бўладиган тош, шиша, темир каби ноорганик маҳсулотларни дробилкадан ўтказиб шиша ишлаб чиқариш корхонаси ва қурилиш корхоналарида фойдаланиш мумкин, — дейди лойиҳа раҳбари Икром Очилов.

Тадқиқотчининг айтишича, қурилмага юкланадиган маҳсулотларнинг 45 фоизи суюқ углеводород ҳолига ўтиб, ундан юқори сифатли синтетик нефть олиш мумкин. Қаттиқ қолдиқ қисми эса қадоқланган шаклда манзилларга юқори калорияли экологик тоза кўмир ёқилғиси сифатида трансфер қилинади.

Айтиш жоиз, ҳозирги кунда маиший чиқиндиларнинг 60 фоиз қисми ташиб кетилади. Ҳисоб-китобларга кўра, чиқиндиларнинг ярмидан кўпроғини органик маҳсулотлар ташкил қилади. Мана шу қисмнинг 40 фоизи суюқ углеводородлар аралашмаси, яъни юқори сифатли нефть кўрсаткичи ҳисобланади. Бир суткада киши бошига 1 килограмм маиший чиқинди тўғри келади. Демак, улардан йилига 1,4 миллион тоннагача суюқ, яъни олтингугурти кам бўлган углеводородлар аралашмасини олиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 29 сентябрда «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинган эди. Унда Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини 2020 йил якунига кадар 21,8 фоизга, 2021 йил якунига кадар 36,5 фоизга етказилиши белгиланганидан ҳам кўришимиз мумкинки, масала муҳим ва унга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиляпти.

Ўлкамизда йилига 14,5 миллион тоннагача қаттиқ маиший чиқиндилар ҳосил бўлади, шунинг 78,1 фоизи чиқиндиларни кўмиш полигонларига жойлаштирилади. Бундай ҳудудларда ҳосил бўлган чиқиндилар табиий чириш жараёнида чиқинди газини чиқариш хусусиятига эга бўлгани сабабли, йилнинг иссиқ даврида полигонларда ёнғин ҳолатлари юз бериб туради. Икром Очилов таклиф этаётган лойиҳа чиқиндиларни утилизация қилиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиши билан ҳам аҳамиятли.

Таклиф этилаётган инновацион лойиҳа чиқиндиларни полигонларга олиб кетилишини истисно қилиб, экология ва атроф-муҳитга зарарли моддалар тарқалишига тўсқинлик қилади. Асосийси, қаттиқ маиший чиқиндиларни ва канализация чиқиндиларини бир вақтнинг ўзида, яъни аерация станцияси ҳудудида ва битта технологик занжирда қайта ишлаш имконияти пайдо бўлади, логистика харажатларини камайтириб, коммунал хизматлар арзонроқ бўлиши имконини беради.

Лойиҳанинг инновацион янгилиги, маҳсулот ёпиқ ишлов бериш ҳолатида қайта ишланади. Шунингдек, чиқиндилар умумий ҳажмининг 60 фоизини кўмиш ўрнига, уларнинг 95 фоизини сотиладиган маҳсулотга айлантиради ҳамда чириган чиқиндилардан чиқадиган заҳарли газ ва суюқликлар ҳисобига экология ва атроф-муҳитнинг ифлосланишини камайтиради. Лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши қишлоқ хўжалиги ёки қурилиш эҳтиёжлари учун ерни бўшатиш имконини ҳам беради.

Ҳар йили сайёрамиздаги океан ва денгизларга 13 миллион тоннага яқин елим чиқинди ғарқ бўлади. Улар йиллар давомида сувда парчаланиб, экологиянинг ифлосланишига жиддий сабаб бўлмоқда. Муаммоларни ҳал этишга кўмаклашадиган янги қурилмалар корхона ва муассасанинг ўзида жойлаштирилиб, чиқиндилар сув ҳавзаларига тушишининг ҳам олдини олади.

Феруза Жўраева,

«Янги Ўзбекистон» мухбири.