Шу йилнинг 12 ноябрь куни Президентимиз Шаҳрисабз туманидаги “Oqsaroy Vortex” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишар экан, тўқимачилик саноатига оид лойиҳаларни барпо этишда арзон конструкцияли материаллардан фойдаланиш, Қашқадарё вилоятидаги кластерларни кооперация қилиб, сунъий тола тайёрлашни мақбуллаштириш, ёғочдан табиий тола — вискоза ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берди. Уларнинг бажарилиши натижасида тармоқда янги миллий-иқтисодий тизим вужудга келади.
Янги иқтисодий тизим
Мазкур жамият таркибидаги “Shahrisabz Textile” корхонаси жорий йилнинг октябрь ойида ишга туширилди ва у калава ип, трикотаж мато билан бир қаторда 5,5 минг тонна сунъий толали ип ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу маҳсулот корхонанинг йилига умумий қиймати 7 миллион долларни ташкил этадиган экспорти ҳажмида ҳам алоҳида ўрин тутади.
Вискоза целлюлозадан олинадиган табиий тола бўлиб, у пишиқлиги, майинлиги ва чидамлилиги билан ажралиб туради. Тадқиқотчилар фикрича, уни синтетика деб ўйлаб, пахтани афзал кўрганлар адашади. Чунки иккаласи ҳам табиий тола бўлиб, улар таркибидаги целлюлозанинг 90 фоиз хусусияти бир хил. Эндиликда мамлакатимиз тўқимачилик саноатида ҳам уни қўллашга катта эътибор қаратилади ва бунда Шаҳрисабздаги корхона тажрибаси бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг истиқбол лойиҳаларини амалга оширишда асқатади.
Тез орада Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудидан ўн гектар ер ажратилиб, “Oqsaroy Group” компанияси негизида тўқимачилик технопарки ташкил этилади ва маҳсулотларнинг онлайн савдоси йўлга қўйилади. Юртимиздаги барча тўқимачилик саноати ишлаб чиқарувчилари бир жойга жамланадиган ушбу технопаркда уларнинг дўконлари ва омборлари бўлади. Технопарк, биринчи навбатда, экспорт масаласига кўмаклашади. Мазкур компания раҳбари Даврон Ваҳобов бугунги кунда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида иш олиб боряпти. Демак, бу лойиҳаларнинг ўз вақтида бажарилиши унинг зиммасига юклатилган асосий вазифалар сирасига киради.
Давлатимиз раҳбари яқинда Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Янгиариқ туманидаги “Yan Tex Invest” масъулияти чекланган жамияти ва Урганч шаҳридаги технопаркда “Oq oltin mega tekstil” ширкати фаолияти билан танишар экан, бундай қувватларнинг аёллар ва ёшларни иш билан таъминлашдаги аҳамиятини юқори баҳолади. Бошқа ҳудудларда ҳам касаначиликни ривожлантирган ҳолда мана шундай замонавий тўқимачилик корхоналарини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди. Аслида ҳам асосан хотин-қизлар ишлаётган фабрикаларнинг уйлари ёнида бўлиши, ўзларига ёққан ҳунар билан шуғулланишлари уларнинг меҳнатига мазмун, ҳаётларига завқ бағишлайди.
Рағбат, имтиёз ва самара
Тўқимачилик саноати мамлакат иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири. Соҳа хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги корхоналарни ташкил этиш, иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича етакчилар қаторида туради. Технология ва инновация жиҳатидан жаҳон стандартлари асосида жихозланган корхоналарнинг сони 7 мингдан зиёд бўлиб, уларнинг аксарияти “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси аъзолари ҳисобланади. Шу билан бирга, бу соҳа республика миллий иқтисодиётини ривожлантиришда стратегик йўналишлардан биридир.
— Сўнгги йилларда тармоқда туб ўзгаришлар юз берди, — дейди уюшма бошқарма бошлиғи Санжар Тўхтаев. — Саноат пахта толасини юртимизнинг ўзида 100 фоиз қайта ишлашга эришилди, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар экспорти улуши сезиларли даражада ошди. Мамлакатимизда пандемия оқибатларининг саноат ишлаб чиқариш суръатларига таъсири олдини олиш ва давлат томонидан ҳар бир тармоқни қўллаб-қувватлаш бўйича тезкор чоралар кўриб келиняпти. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 майдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига биноан, корхоналар ва кластерларни янада қўллаб-қувватлаш, маҳсулот рақобатдошлигини ошириш мақсадида хомашё нархини 10 фоизгача пасайтириш имкониятини берувчи халқаро биржа нархларига ўтилди. 2020 йил 31 декабргача бўлган муддатда қўшилган қиймат солиғини қоплаб беришнинг соддалаштирилган тартиби амал қилиши корхоналарнинг ҚҚСни ўз вақтида қайтариб олиши ва бунинг натижасида четдан қўшимча молиялаштиришга ёки банк кредитлари олишга эҳтиёж колмаслигини таъминлашга хизмат қилиб келяпти.
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарини пандемия давридан сўнг иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган 2025 йилгача мўлжалланган дастур ишлаб чиқилди. Бу, аввало, корхоналар фаолиятида узилишлар бўлмаслиги, мавжуд ишчи кучини сақлаб қолиш ва экспорт ҳажмини оиширишга қаратилган чораларни қамраб олади. Мисол учун, 2019 йилда 303 миллион доллардан ортиқ маҳсулот импорт қилинган, улардан 238 миллиард сўм божхона тўлови амалга оширилган. Фармонга кўра, 2021 йилнинг 1 январигача бўлган муддатда олиб кириладиган 64 та турдаги хомашёга божхона божи бекор қилиниши корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи 7 фоизгача пасайишига олиб келмоқда. Бу, ўз навбатида, ташқи бозорларда маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга ва экспорт салоҳияти ўсишига хизмат қилади.
Президентимизнинг 2020 йил 7 майдаги “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан эса маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиладиган маҳсулотлар рўйхати тасдиқланди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, ҳудудлар ва тармоқлар экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича доимий ишловчи республика комиссияси фаолияти йўлга қўйилди. Комиссия томонидан экспорт қилишда транспорт харажатлари бўйича субсидия тақдим этиладиган маҳсулотлар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритиб келиняпти. Масалан, яқинда қўшимча аралашма, жут, бамбукли синтетик иплар, бош кийим ва бошқа маҳсулотлар ҳам мазкур рўйхатдан жой олди.
Аҳолини иш билан таъминлашда тўқимачилик саноати корхоналарининг ўрни катта. Ҳозирги кунда тармоқда 360 мингдан зиёд аҳоли иш билан таъминланган, барча туманларда корхоналар ташкил этилган. Пахта толасини чуқур қайта ишлаш эвазига қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш улар фаолиятининг ўзагига айланиб боряпти. Буни қуйидаги маълумотлар ҳам тасдиқлаб турибди. Агар 2016 йилда тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 1,1 миллиард доллар атрофида бўлган бўлса, 2020 йилга келиб бу миқдор 2,1 миллиард долларга етди. Уларнинг асосий истеъмолчилари МДҲ мамлакатлари, Хитой, Туркия ҳисобланади. Бугунги кунда бу маҳсулотлар дунёнинг 55 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинмоқда.
GSP+ қандай манфаат келтиради?
— Уюшмамиз Европа Иттифоқи мамлакатларига экспортни диверсификация қилиш мақсадида Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари билан ҳамкорликда салоҳиятли харидорлар ва савдо тармоқлари билан музокаралар ўтказмоқда, — дейди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Ваҳобов. — Экспортини жадаллаштиришда муҳим омилларидан бири GSP+ тизими бўлиб, у ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари бошқа мамлакатларнинг товарлари билан жиддий рақобатлашишига имкон яратади. Ёдингизда бўлса, бу ишларга тўрт йил олдин киришилган эди. Ўзбекистон Eвропа Иттифоқи билан Тўқимачилик баённомасини ратификация қилди. Унда юртимиз тўқимачилик саноати товарларини ЕИ мамлакатларига экспорт қилишда божхона тўловларини сезиларли даражада пасайтириш кўзда тутилган. Агар илгари бундай маҳсулотларнинг ЕИ божхона ҳудудига киришида 17 фоиз миқдорида тўлов тўланган бўлса, мазкур баённома шартларига кўра улар 6 фоизга туширилди. Ҳозирга қадар Ўзбекистонда ЕИга 3000 та товарни божхона тўловисиз ва 3200 та маҳсулотни пасайтирилган ставкалар билан экспорт қилиш имконини берадиган GSP тизимидан фойдаланиб келинган.
GSP (Умумлаштирилган имтиёзлар тизими) ривожланаётган мамлакатларда ишлаб чиқариладиган ва ривожланган давлатларга олиб кириладиган товарларнинг айрим турлари учун тариф ставкаларини пасайтириш ёки бекор қилишни назарда тутади. Ушбу мезон икки томон учун ҳам қулайлик яратади. Кейинги босқичда Ўзбекистонга GSP+ тизимига ўтиш вазифаси қўйилди. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси унга қўшилиш ташаббускорларидан бири бўлди. Бу борада Европа комиссияси вакиллари билан доимий равишда ишлар олиб борилди, мутасадди вазирликлар кўмагида турли даражадаги учрашувлар ўтказилди, хусусан, ЕИнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича комиссари Питер Буриан билан музокаралар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ушбу мақомни олиши учун инсон ва меҳнат ҳуқуқларига оид 27 та асосий халқаро конвенцияга риоя қилиниши, жумладан, пахта йиғим-теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқарув қоидалари доирасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Мамлакатимиз делегациясининг Брюсселга ташрифи ташкил этилди. Еврокомиссия вакиллари, тадбиркорлар, машҳур кийим брендлари ва ОАВ вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Натижада Европа томони GSP+ дан фойдаланувчи мақомини олиш учун зарур бўлган барча халқаро конвенция ва битимларнинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилиниши якунлаганини билдирди ва юртимиз аризасини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади. Жорий йилнинг 30 ноябрида Европа комиссияси Ўзбекистон Республикасининг GSP+ дан фойдаланувчи мақомини олиш тўғрисидаги аризаси бўйича ижобий қарор қабул қилди.
GSP+ га ўтилганидан сўнг ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар ўз маҳсулотларини Европа бозорига олиб киришда бир томонлама тариф имтиёзларидан фойдаланишни бошлашлари мумкин. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилишлари мумкин бўлган товарларнинг сони 6200 тага кўпаяди. Мутахассислар фикрича, GSP+ тизимига ўтиш дастлабки босқичда тўқимачилик маҳсулотлари экспорти Европа бозорига кириш ҳажмининг 300 миллион, 2025 йилга бориб 1,2 миллиард АҚШ долларига етишига имконият яратади.
Юқорида қайд этилганидек, Ўзбекистон 2,1 миллиард доллардан ортиқ тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Ҳозирги кунда уларнинг атиги 60 миллион доллари Европа Иттифоқи давлатлари ҳиссасига тўғри келади. 2019 йилда бу миқдор 56,7, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 62,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилган. Яна бир муҳим жиҳати, GSP+ тизими жорий қилингандан сўнг Европа мамлакатлари вакилларининг Ўзбекистон тўқимачилик саноати билан ҳамкорликка қизиқиши ортади. Бу, ўз навбатида, маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи