Раҳмон Тўхтамишев ҳам хизмат учун қонунда белгиланган муддатни кутади. Бироқ, муддат тугабди ҳам-ки, сув ўлчагич ўрнатилиши учун ҳовли ташқарисида қазилган жой ковланганича очиқ ҳолда қолаверади. Биринчи галда Кармана тумани Давлат хизматлари марказига қўнғироқ қилиб мурожаати юзасидан аҳволни ўрганади. Билсаки, электрон базада мурожаат қаноатлантирилгани ҳақидаги хабар қолдирилган. Балки, улгуришмаган, балки хизмат кўрсатишни исташмаган. Хуллас, уддабурон ходимлар электрон қабул қилинган мурожаатни ими жимида ёпишади. Ҳайратдан ёқа ушлаган фуқаро «бир мурожаат изидан» қабилида иш тутади.

Тўғриси, фуқароларни сарсон бўлишига йўл қўяётган айрим ташкилотларнинг баъзи мутасаддилари иши куракка турмайди. Тавба, электрон ҳукуматни алдаб қаергача ҳам борардинг. Наҳот, фуқаро мурожаати натижасини суриштирмаса? Ахир, фуқаро ичимлик сувини ҳисоблагич орқали тўлашни истаса бунинг нимаси ёмон. Дунё бўйича ичимлик суви танқислиги ҳақида бонг урилаётган бир пайтда, аксинча сув исрофгарчилигининг олди олинади, иқтисод билан сув сарфланади.

Хуллас, фуқаро Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти бошқармасигача мурожаат билан келди. Ходимлар томонидан сув таъминоти бўйича ваколатли идора ходимларига маъмурий чора кўрилиши огоҳлантирилди. Бироқ, шунда ҳам қани соҳа ходимлари пинагини бузса. Жаримага тортилиш ёки меҳнат шартномаси бекор қилиниши шартмикан? Қизиқда, берилган ваколатини вақтида уддала олмаётганини яшириш учун ҳам электрон базани алдаса алдайдики, аммо муддатида ўз ишини бажармайди.

Бу орада фуқаронинг кетган вақти ва асабига «балли» дейсан, киши. Аммо, мурожаатчига бошқарма масъуллари томонидан давлат хизмати кўрсатувчи ваколатли идора ходимига берилган жазо чорасининг аҳамияти йўқ. Унга муддатида ичимлик сувига ҳисоблагич ўрнатилиши муҳим. Чунки, фуқаро ҳақ, ахир у хизмат учун тўловларни вақтида амалга оширган. Хуллас бундай ташкилотлар бисёр. Танишинг 6 ой давомида Навоий вилоятида аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизмати кўрсатишда қонун бузган ваколатли идоралар рўйхати.

Ваколатли идоралардан қоидабузарликда энг пешқадами соғлиқни сақлаш тизими. Мазкур идора жорий йилнинг 6 ойи давомида 435 та қонун бузилишига йўл қўйди. Кейингиси ижтимоий таъминот идоралари, бу тизим 166 та мурожаатда қоидабузарлик содир этди. Кадастр 120 та, қурилиш ва архитектура 107 та, тижорат банклари 105 ҳолатда мурожаатларга муддатида жавоб қайтармаган ёки асоссиз рад жавобини беришган. Кузатилишича, энг кўп қоидабузарлик туғилганлик ҳақидаги ҳолатни электрон базага муддатида киритмаслик, субсидия беришдаги давлат хизматини кўрсатишда содир этилган. Икки ҳатто бир иш кунига кечиккан мурожаатлар муддатига масъул мутасадди қонун олдида жавоб беради.

Шундай бўляпти ҳам. Ваколатли идораларнинг эътиборсизлиги боис жами 3329 та мурожаатда фуқаролар ҳуқуқи бузилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан ваколатли идораларга жами 17 та тақдимнома киритилди. 60 ҳолатда жавобгар шахслар маъмурий жаримага тортилди, 62 ҳолатда бошқарма томонидан тўғридан тўғри маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари тузилди. 6 нафар ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилди, бир нафарининг меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Беҳзод Сафаров,

ДХА Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи.