Унга қараб дунёнинг ўткинчилигини туясан. Не давру давронлар вақт товасида қоврилиб, тупроққа қўшилиб кетган. Ўтмишни тупроқ остидан излашимиз ҳам чин. Чунки “ҳаммасига гувоҳ ер ости”. Лекин вақт чегарасини бузиб ўтганлар қанча. Қай давр бўлмасин, инсон манглайига яшаш ҳуқуқи битилган экан, ҳаёт сурурини тотмоқ, ўтган кунидан шукроналик туймоқнинг ўзи саодат.

Ўта Бердиёровнинг 46 йиллик умри мактабда кечган. Қишлоғида илк бор қурилган мактаб биносига пойдевор қўйилганига ўзи гувоҳ.

— Ҳеч эсимдан чиқмайди, — дейди отахон гўдакдай жилмайиб. — Биринчи синфни аъло баҳолар билан тугатганимдан сўнг мактаб маъмурияти мени 5 метр сатин билан мукофотлади. Матони олганимдан сўнг энамнинг ҳузурига ғизиллаб учиб бордим. Воқеани тушунтирдим. Энам сатинни қўлига оларкан, кўзида ёш қалқди. Чунки шу парча матоҳ бир бош қўй баҳосига тенг эди-да. Афсуски, тўртинчи синфни битирган чоғимда уруш бошланиб қолди. Шу-шу даланинг одамига айландик. Ўн икки ёшимда хўжаликда табелчи бўлдим. Ит эгасини танимайдиган йиллар эди. Ер тўшанчи, осмон ёпинчиғимиз бўлган.

Отахон кафтига секин йўталиб олиб, ёшли кўзлари билан менга узоқ тикилиб турди. Сўнг уруш йиллари қишлоқда тирик жоннинг далага отланиб, эрта баҳордан лалми ерни кетмон билан ағдариб, жазирамада машоқ терганигача куйиниб  гапирди.

— Эллигинчи йили Ғаллачи қишлоғи аҳлини оммавий равишда Қашқадарё соҳилига яқин Пахтакор қишлоғига кўчиришди. Ўша пайтлари Самарқанд     шаҳридаги уч йиллик ўқитувчиларни тайёрлаш курсида ўқирдим. Курсни битириб, мактабда ўқитувчи бўлдим. Дарсликлар  етишмасди. Ўқитувчилар ҳам кам. Ҳамма фандан ўқитардим. Рус тили, математика, биология, она тили... Эллик тўртинчи йилдан бошлаб элдошларимизнинг кўпчилиги ўзи туғилиб ўсган қишлоққа қайтиб кетишди.

Ўта Бердиёров йигирма олти ёшида Ғаллачи қишлоғидаги мактабга директор этиб тайинланади. Ўн саккиз километр масофага қатнаб ишлашнинг ўзи бўладими? Йўллар ёзда тизза бўйи тупроқ, қиш-баҳорда лой, хуллас, йўл юрмоқ гўр азоби эди. Мактабга тўрт қишлоқдан ўқувчилар қатнарди. Яна дарсликлар етишмас, ўқитувчига муҳтожлик катта. У пайтлари ўқитувчиларнинг обрўси хўжалик раҳбариникидан кам эмасди. Лекин муаммолар ечимини топиш игна кўзидан арқон ўтказишдек гап.

Бир куни ҳузурига сариқдан келган, ғўдайган ўттиз беш ёшлардаги эркак кириб, унга қоғоз тутади. Қараса, хўжалик раиси имзоси билан бундай жумлалар битилган: “Ўтажон, шу йигитни мактаб хўжалик мудирлигига ишга ол.

Хўжалик раиси, район партия комитети бюроси аъзоси Карим Содиқов”.

Ўтанинг пешонаси терлайди. Йигитга ер остидан нигоҳ солиб: “Жой бўш эмас. Шу гапни раисга айт”, дейди. Йигитнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб, хонадан чиқади. Бир ҳафтадан кейин у яна пайдо бўлади. Димоғдорлик билан директорга қоғоз тутади. Директор ўқиса, Чироқчи қишлоқ кенгаши раисининг буйруғи. Ўша вақтлари мактаб хўжалик мудири лавозими қишлоқ кенгаши томонидан буйруқлаштириларди. Ўтанинг бу гал фиғонидан ўт чиқади ва қоғозни йиртиб, йигитнинг юзига отди. “Мактабга директор эканман, менинг рухсатимсиз ҳеч ким ишламайди. Бор! Раисингга айт. Эшигимга бурун тиқмасин. Ўрин бўш эмас, деб тушунтиргандим-ку сенга”.

Шундан сўнг можарога нуқта қўйилади. Бир йилдан сўнг хўжалик раиси байрам арафасида келиб ўқитувчиларни йиғиб бир пиёла чой устида суҳбат қуради. Ўта раис мендан аразлаган бўлса керак, деган гумонда юрган эди, раиснинг ўзи гап қўшди: “Сендан иймонли раҳбар чиқаркан. Одамни одамдан ажратмадинг. Кадрингнинг қадрига етдинг. Биламан, ўқитувчиларингнинг маошига кўз тикмагансан. Бирортасини илигини қоқиб ишга жойламагансан. Тўғри таёқсан. Хушомадгўйликни ёмон кўрасан. Раҳбарнинг синчилиги мутахассисларни жой-жойига қўйишида”.

— Олти йилдан сўнг янганг: “Ўзимизнинг мактабда ишланг. Етар тупроқ-лой кечиб юрганингиз, сиз ўқитувчи, мен кутубхоначи, бизга нима етмайди”, деб қолди, – дея жилмаяди отахон. — Ариза ёзиб, уйга қайтдим.

— Сизни рашк қилган-да, — дедим ўсмоқчилаб.

Отахон қаҳ-қаҳ уриб кулади ва бир зумда жиддийлашади. Ўйчан ҳолда:

— Олтмиш бешинчи йиллардан кейин халқ таълимидаям “бузилиш” бошланди. Ёш мутахассисни таъма эвазига ишга жойлаштириш, бора-бора уларнинг маошига кўз олайтириш - эҳ-ҳе, доимо кузатганман. Кечаги даврда ҳам раҳбарлар мактабни эсидан чиқариб қўйди. Мактабларда мих қоққудай эркак қолмади. Одамлар болаларини репетиторга беришга мажбур бўлди. Аллоҳга шукур, бугун ўқитувчи мактабга қайтяпти, — деди эгилган бошини ғоз қилиб.

Шу ўринда Чингиз Айтматовнинг “Болалар тинимсиз савол бериб, чарчашади, айниқса, уларга жавоб топиб беролмасангиз. Айрим ота-оналарга бола уларни атайлаб боши берк кўчага тиқаётгандай туйилади. Бундай ўй билан асабийлашмай бўладими? Ҳаётдан зериккан ва чарчаган катталар учун болалари ўйламаса, яхшироқдай. Аммо бу фожиа-ку! Шунчалик катта фожиаки, таърифлашга тил ожиз. Болаликда табиатнинг беқиёс совғаси – ҳайрат ва англашни бой берган одам келажакда зерикарли умргузаронликка маҳкумдир. Унинг ёзмиши – мазмунсизлик, зерикиш, ишончсизлик”, дея башоратомуз гапларини эсламай бўладими? Ана шу ўринда Ўта Бердиёрнинг “Рост гап” шеърини эсламоқ жоиз. Бола ва қуёш мулоқоти замирида табиатнинг инсониятга уйғунлиги тимсоллаштирилган. Шеър чиройли якунланган.

Қуёш, ботар чоғингда

Қизариб кетдинг нечун?

Жуда уялиб кетдим,

“Икки” олганинг учун.

Отахон қўлига қалам тутган қаламкаш аҳлини қўллаб-қувватлаган. Чироқчи тумани адабий муҳитини жонлантиришда меҳнати сингган.

— Назарни (Назар Шукур) ўйласам, борлиғим қоронғилашади. Шеъриятда ўз йўлига эга бўлиб, дадил қалам тебратиб келарди. У тирик бўлганда катта шоир бўлиб кетарди. Жуда ёш кетди. Бир гал уйимга келганда очилиб гурунг қилдик. “Сиз менга устозсиз”, деб айтди. Шолғомим чиқиб, кўйлагим жиққа ҳўл бўлди. “Назаржон, сен менга устозсан”, дедим. Унинг номи Чироқчида машҳур бўлиб кетганди. Чироқчиликлар биздан зўр шоир чиқяпти, деб дўпписини осмонга отган пайтлар эди-да, — ўз хотиралари билан ўртоқлашади отахон. — Чироқчида адабий муҳит ҳамиша яхши бўлган. Жўра Алимардон, Ғози Раҳмон, Қўчқор Бекмуродов, Қобил Эшмаматов, Норқул Тиловов, Маҳмараим Кенжаев, Абдужалол Тайпатов, Ўроқ Равшан, Норқизил Кенгбоев, Ўктам Садин, Бахтиёр Жуманов ва кейинги ёш ижодкорлар эл назарида. Бахшичилик мактаби ўзи бир дунё.

Ўта Бердиёр эллигинчи йиллардан бери болаларга атаб шеърлару эртаклар ёзиб келади. Анвар Обиджон, Турсунбой Адашбоев каби таниқли болалар шоирлари унинг ижодига юқори баҳо беришган. Анвар Обиджоннинг ушбу эътирофи буни тасдиқлайди: “Ўта ака ижодида болаларнинг қувлигию шўх қилиқлари истиора, муболаға, киноя санъатига уйғунлиги билан каттаю кичикка баравар ёқади. Болалар дунёси билан ҳамроҳ яшагани билан шеърлари табиий ва самимийдир”.

Отахон мамнун ҳолда табассум билан шеър ўқийди:

Бобом тулпорим дейди,

Момом шунқорим дейди,

Отам қўчқорим дейди,

Ўйлаб ўйга толаман,

Қачон одам бўламан?

Бу шеър нафақат болаларга, мўйсафид бўлса-да, ҳаётда ўрин тополмай, инсонийлик сиёғи йўқ кимсаларга ҳам тааллуқли. Қочириму истиорани қаранг. Яхши шеър ёш танламайди, барчага баравар ёқади. “Шаҳардан хат” шеъри “ҳазил, ҳазилнинг таги зил” қабилида битилгани билан шууримизда чақмоқ чақади.  Миллатларнинг тотув ва иноқ яшаши билан бирга, шўро мустамлака сиёсатининг ҳам авра-астарини ағдариб кўрсата олган, десак янглишмаймиз. Ҳатто ўзбеклар ҳам русча гаплашса-да, кулгиси ўзбекчалигини  бундай тасвирлайди:

...Тoғaмлaр тургaн уйдa

Қирқ oилa яшaркaн.

Ҳaммaси aҳил-инoқ,

Тинч oшини oшaркaн.

Қўшнилaри рус, тoжик...

Кунaрo кeлишaркaн.

Улaр русчa сўзлaшиб,

Ўзбeкчa кулишaркaн!

Ўта Бердиёр шеърларида халқона оҳанг ҳам устувор. Бу оҳанг “Қўрқитдим” шеърида ёрқинлик касб этган:

Мeн қудуққa

“Oв”, дeдим.

Ундaн кимдир

“Ёв”, дeди.

“Жим-e!” дeдим.

Жим бўлди.

Мeндaн қўрққaн

Ким бўлди?!

Ўта Бердиёр ижодида нишонига тегадиган бундай шеърлар талайгина. Унинг “Қачон одам бўламан?”, “Икки қалб бирлашса”, “Чўпон бола орзуси”, “Ота насиҳати” ва бошқа қатор тўпламлари нашр этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Отахон синчи боғбон ҳам. Нафақага чиққандан кейин хўжаликдан бир гектар ер олиб токзор яратди. Қуёшнинг тилларанг нуридан ялтираб пишган узумга қараб қувонади. Бугунги кунда 30 туп токи, турли мевали, манзарали 25 туп дарахти бор.

— Ўн бош қорамолим, 50 та товуғим, 20 та куркам бор. Иқтисодим бақувват, худога шукр. Даромаддан янги китоб чиқармоқчиман. Ўзимга бекман. Ҳозир ишлайдиган давр келди, — дейди отахон. — Одам ўз пайтавасига ўралиб қолмай, Аллоҳдан умр тилаб, янги орзулар билан яшаши керак. Инсон иродасини енгиш қийин. Иродаси собит кишилар ҳаётнинг ҳар қандай тўсиғини ёриб ўтади. Бир юз йигирма ёшга кирсам, деган ниятдаман. Бу ёғи Аллоҳнинг айтгани бўлади.

Унинг шукрона истагидан беихтиёр кўнгил ёришиб кетади. Шу ёшда ҳам элнинг тўйу маъракаларидан четда қолмайди. Набираю чеваралари қуршовида дунёнинг эни-бўйини ўлчайди. Ширин суҳбатлар кечганда хотиралари тилга киради. Нолишни ёмон кўради, айтар сўзидан ҳеч қайтмаган. Ҳозир ҳам китоб қўлидан тушмайди. Кўзойнакни тақиб, мутолаа қиладики, ҳайратга чўмасан.

Гурунгдан сўнг унинг дастурхон бошида эркин ўрнидан турганидан кўнглим тоғдай ўсди. Қўлларини баланд кўтариб:

Шамолларни ёлволтириб яшамоқдаман,

Дўстларимни қувонтириб яшамоқдаман,

дея баралла шеър ўқиди.

Отахоннинг шижоатию ғайрати вужудига сиғмай орзу, умид оғушида яшаётганидан замин ҳам титраши бор гап.

                                                         Ўроз ҲАЙДАР,

шоир