Дунёда геосиёсий ва иқтисодий кескинлик авж олиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда халқимиз билан ҳамжиҳатликда иш олиб борилаётгани турли синовларни мардона енгиб ўтишгагина эмас, балки салмоқли натижаларга ҳам муҳим замин яратмоқда.
Буни қуйидаги рақамлар ҳам яққол ифода этади. Яъни ўтган йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз ҳажми 145 миллиард доллардан ошди. 2025 йилда иқтисодиётимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар эса 43,1 миллиард долларга етди.
Юртимизда охирги йилларда камбағаллик даражасини 35 фоиздан 5,8 фоизгача туширишга эришилди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ва давлат дастури доирасидаги кенг қамровли чора-тадбирлар натижасида ўтган йили 5 миллион аҳолимиз даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Бу йўналишда ишлар бошланганида аҳолининг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшаганини эътиборга олсак, бугунги кунга келиб, бу жабҳада эришилган натижаларнинг салмоғи қанчалик юқори экани намоён бўлади.
Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида бундай муҳим ютуқларни янада кўпайтириш, қанчалик оғир ва мураккаб бўлмасин, олдимизга қўйилган эзгу мақсад — ҳар томонлама ривожланган янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ислоҳотлар қатъий давом эттирилишини алоҳида таъкидлади ва тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Шу асосда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да устувор йўналишлар бўйича ишлаб чиқилган ислоҳотлар дастурлари ва Президентимизнинг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳасида муҳим чора-тадбирлар ўз аксини топди. Ҳужжат лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, олимлар, экспертлар, кенг жамоатчилик ва халқимиз томонидан чуқур ўрганилди, уни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб таклиф ҳамда ташаббуслар билдирилди.
Жорий йилга мўлжалланган давлат дастурида жамиятимизни янада равнақ топтириш, турли соҳаларни модернизация қилиш борасида илгари сурилган чора-тадбирлар нималардан иборат? Уларнинг ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилиши жамият тараққиётини янада юксалтиришда қандай аҳамият касб этади? Тегишли давлат ташкилотлари масъул ходимлари, илм-фан ва таҳлил марказлари экспертларининг шу хусусдаги фикрлари билан қизиқдик.
Самара нафақат рақамларда, балки одамлар турмушида ҳам акс этмоқда
Фарид НАЗАРОВ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бўлим бошлиғи:
— Мамлакатимизда ижтимоий хизмат ва ёрдамларни тақдим этиш, аҳолини қўллаб- қувватлаш тизими босқичма-босқич янгиланмоқда. Бу жараёнда фақат моддий ёрдам билан чекланиб қолмасдан, аҳолининг турли қатламлари учун комплекс хизматлар кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ижтимоий иш амалиётида муаммони қайд этиш эмас, балки инсон ва оиланинг мустақил ҳаёт кечириш салоҳиятини тиклаш асосий мақсадга айланди.
Ўтган йил ушбу йўналишда 7,4 миллиондан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, сурдотаржимон хизмати орқали 5,3 минг фуқарога хизмат кўрсатилди. Шунингдек, жойларда ўтказилган 262 та коучинг машғулоти натижасида 19,2 минг аҳоли ижтимоий хизматлар ҳақида батафсил маълумот олиш имкониятига эга бўлди.
2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши бу жабҳадаги ишлар ривожида муҳим истиқболларни очмоқда. Зеро, маҳалла халқимизга энг яқин бўғин сифатида аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, кўмак ва ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлашда энг самарали институтдир.
Шу нуқтаи назардан, жорий йилги давлат дастурининг устувор йўналишларидан бири ижтимоий ҳимоя соҳасига бағишлангани эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматларни ривожлантириш ҳамда маҳалла даражасида манзилли ёрдам механизмларини кучайтиришда муҳим омил бўлади. Мазкур мақсадларга эришишда жамоатчилик иштирокининг ўрни беқиёсдир.
Жумладан, болаларни ҳимоя қилиш ва зўравонликнинг олдини олиш соҳасида давлат сиёсати тизимли ва комплекс ёндашувга асосланмоқда. Таълим, тарбия, спорт ҳамда ижодий ташкилотларда болалар хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланиб, ахборот тизимлари орқали назоратни кучайтириш ва лицензиялаш талабларини такомиллаштириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, болаларни соғлиғи ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқаро илғор тажрибани инобатга олган ҳолда қонунчилик базасини кучайтириш, профилактика ва жавобгарлик механизмларини аниқ белгилаш орқали болалар учун хавфсиз ва соғлом ахборот муҳитини шакллантириш мақсад қилинган.
Инклюзив таълимни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам такомиллашиб боряпти. Жорий йилда бу борада умумий ўрта таълим тизимини услубий қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, педагог ва психологлар учун замонавий компетенцияларни жорий этиш режалаштирилган.
Юртимиз бўйлаб камида 10 та туман ва шаҳарда ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, улар учун бинолар қуриш ёки мослаштириш, моддий- техник базасини мустаҳкамлаш назарда тутилган. Бунда давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.
Реабилитация хизматларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида касалликнинг илк босқичидан бошлаб узлуксиз реабилитация тизимини жорий этиш, бу йўналишда мутахассислар сонини ошириш ҳамда тиббий ходимлар малакасини ривожлантириш белгиланган.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мамлакатимиздаги ислоҳотлар ижтимоий ҳимояни янги мазмун билан бойитиб, уни инсон ҳаётига яқин, очиқ ва самарали тизимга айлантирмоқда. Ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг кенгайиши, янги хизмат турлари жорий этилиши ва маҳалла даражасида манзилли ёндашувнинг мустаҳкамланиши ҳар бир фуқаронинг эҳтиёжи эътибор марказида эканини намоён этади.
Энг муҳими, ислоҳотларнинг самараси бугун рақамларда эмас, балки одамлар ҳаётида, маҳалла даражасида сезилмоқда. Бу эса ижтимоий ҳимоя соҳасида танланган йўл тўғри эканини, инсон қадри ва фаровонлигига қаратилган сиёсат келгусида ҳам барқарор ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишини англатади.
Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича минтақавий тажриба маркази
Азамат ПАРДАЕВ, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази директори:
— Давлат ва жамият ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш орқали давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш юртимиздаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланди. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари нафақат ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, балки давлат сиёсатида ҳам муҳим ҳамкор сифатида майдонга чиқмоқда.
Шу боис, сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти тубдан такомиллаштириляпти. Янги таҳрирдаги Конституциямизга фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиб, жумладан, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Соҳага оид қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам қабул қилинди. Хусусан, 2025 йил 21 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига дахлдор 10 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. “Ўзбекистон — 2030” стратегияси, 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, Президентимизнинг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб- қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилишига хизмат қилмоқда.
Жорий йилга мўлжалланган давлат дастурида бу жабҳадаги ишларни янада кенгайтириш ва янги босқичга кўтариш билан боғлиқ устувор вазифалар белгиланмоқда. Мазкур стратегик ҳужжат доирасида назарда тутилган чора-тадбирлар фуқаролик жамиятини фақат кузатувчи эмас, балки давлат бошқарувида масъулиятли ҳамкор, ижтимоий хизматлар кўрсатувчи, жамоатчилик манфаатларини ифодаловчи ва ижтимоий муаммолар ечимида амалий иштирок этувчи куч сифатида шакллантиришга қаратилган.
Ушбу вазифалар фуқаролик жамияти институтларининг ташкилий, молиявий ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, фаолиятида шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш, давлат — жамият — бизнес ўртасида барқарор ҳамкорлик моделини яратишни назарда тутади. Фуқаролик жамиятини ривожлантиришни умумий шиорлар доирасида эмас, балки аниқ механизм ва амалий чора-тадбирлар орқали таъминлаш устувор мақсад этиб белгиланган. Шу мақсадда фуқаролик жамияти институтлари ўртасида тизимли мулоқот муҳитини шакллантириш ҳамда ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаоллигини ошириш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилади. Хусусан, давлат органлари, ННТлар, ОАВ ва халқаро ташкилотлар ўртасида очиқ мулоқот платформасини яратиш мақсадида фуқаролик жамияти ҳафталиги ўтказилади.
Шу йил БМТ Бош ассамблеяси томонидан таъсис этилган “Халқаро демократия куни” муносабати билан Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё фуқаролик жамияти форумини ташкил этиш кўзда тутилган. Форум доирасида ижтимоий ва экологик муаммолар, давлат бошқарувида фуқаролик жамияти иштироки ҳамда очиқ бошқарув масалалари муҳокама қилиниши минтақада ушбу жабҳада ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради.
ННТларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини давлат ижтимоий буюртмаси ва аутсорсинг механизмлари орқали кенгайтириш ҳам муҳим вазифа. Бу уларнинг тизимли асосда ижтимоий хизматлар кўрсатишини таъминлайди ҳамда институционал барқарорлигини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, аутсорсингга ўтказиладиган давлат функциялари рўйхатини шакллантириш давлат бошқарувида самарадорликни оширишга хизмат қилади. Айрим ижтимоий хизматлар, жамоатчилик билан ишлаш, мониторинг ва таҳлил каби вазифаларни ННТларга босқичма-босқич ўтказиш давлат органларининг ортиқча юкламасини камайтиради.
Бугунги кунда юртимизнинг турли ҳудудларида кўплаб нодавлат ташкилотлар фаолият юритмоқда. Ислоҳотларда уларнинг иштирокини янада кучайтириш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳузурида фуқаролик жамияти институтларининг доимий вакили (маслаҳатчи) институтини жорий этиш кўзда тутилган. Бу қабул қилинадиган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳудудлардаги долзарб масалаларни акс эттириши ва халқимизнинг манфаатларига хизмат қилишига замин яратади. Қолаверса, маҳаллий даражада давлат ҳокимияти ва фуқаролик жамияти ўртасида мулоқот янада кенгаяди.
Давлат — жамият — бизнес ўртасидаги ҳамкорликни институционаллаштиришга қаратилган ишлар ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаётган тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари бериш орқали ҳамкорликни рағбатлантиради. Мазкур механизм бизнесни ижтимоий лойиҳаларга тизимли жалб этиш, хайрия ва ижтимоий шерикликни барқарор амалиётга айлантириш ҳамда фуқаролик жамиятининг молиявий мустақиллигини оширишга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, ННТлар фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ давлат дастурида назарда тутилган мақсад ва вазифалар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган комплекс, тизимли ислоҳотлар мажмуасидир. Ушбу чора-тадбирлар фуқаролик жамиятини давлат сиёсатининг фаол субъектига айлантириш, унинг давлат бошқарувидаги иштирокини ҳуқуқий, институционал ва молиявий жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади. Натижада давлат ва жамият ўртасида очиқ ҳамда барқарор мулоқот механизми шаклланади. Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг касбий ва институционал салоҳияти ошади, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилади. Энг муҳими, бундай изчил чора-тадбирлар Ўзбекистон фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича минтақавий тажриба марказига айланишига замин яратади.
Табиат софлиги – барқарорлик омили
Зикрилла АЛИМОВ, Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири, техника фанлари доктори:
— Мамлакатимизда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг энг муҳим устувор вазифаларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда бу жабҳада амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар барқарор ривожланишга эришишда ўз самарасини беряпти.
Ўтган йили ер, сув, ҳаво мусаффолигини таъминлаш, табиий мувозанатни асраш борасида муайян натижаларга эришилди. Жумладан, атмосфера, ер ва сув ресурслари ҳамда атроф-муҳитни мониторинг қилиш ишлари натижасида 73 та саноат корхонасидаги чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилинди. Янги очилаётган қатор саноат корхоналарида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилиши ҳисобига атмосфера ҳавосига 1,5 минг тоннадан ортиқ ифлослантирувчи моддалар ташланишининг олди олинди.
Ҳавони ифлослантиришда улуши нисбатан юқори бўлган автотранспорт воситаларининг ҳолати ҳам доимий кузатувга олинган. Шу мақсадда икки босқичда “Тоза ҳаво” ойлиги ўтказиляпти. Ўтган йили бу йўналишда етти юз мингдан кўпроқ автотранспорт воситаси экологик назоратдан ўтказилиб, аниқланган носозликлар бартараф этилди. Бу тадбир ҳам ҳавога ифлослантирувчи моддалар чиқарилишини камайтиришда ўз самарасини бермоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 137 миллиондан ортиқ кўчат экилиши, ўрмон майдонларининг 4,7 миллион гектарга етказилиши, Оролбўйида 145 минг гектардан зиёд майдонда ўрмон барпо этилиши чўллашиш жараёнини секинлаштириб, иқлимни юмшатиш ва биохилма-хилликни сақлашга хизмат қилмоқда. Бу ишлар нафақат табиатни тиклаш, балки аҳолининг соғлиғи, тоза ҳаво ва сув билан таъминланишини яхшилашга ҳам қаратилган.
Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида атроф-муҳитни муҳофазалаш ва барқарор ривожланишга эришишга йўналтирилган чора-тадбирларга ҳам алоҳида тўхталиб, бу жабҳадаги ишлар изчил давом эттирилиши ва янада янги босқичга кўтарилишини таъкидлади. Жорий йилги давлат дастурида бу борада муҳим вазифалар ўз аксини топмоқда. Жумладан, маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш борасидаги устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган ислоҳотлар дастурларидан бири айнан экология ва атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ ишларни самарали ташкил этишга йўналтирилгани айни муддао бўлди.
Бу жараёнда, аввало, ҳаво софлигини таъминлаш мақсадида экологик тоза автомобиллардан фойдаланиш рағбатлантирилади. Шу билан бирга, атмосферага зарарли моддалар чиқарилишининг олдини олиш мақсадида саноат корхоналари модернизация қилинади.
Шу мақсадда йирик корхоналарга фильтр, тозалаш иншооти ва ҳавога чиқариладиган зарарли моддаларни мониторинг қилиш станциясини ўрнатиш учун кредит линияларини очиш кўзда тутилган.
Тошкент шаҳри атрофида жойлашган иссиқхоналарни фильтр билан таъминлаш мақсадида бундай воситаларни ўрнатиш харажатларининг 50 фоизигача қисмини қоплаб бериш амалиёти жорий этилади. Қолаверса, бу соҳада тадбиркорларни кенг қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида агрокластерлар ташкил қилинади. Унинг таркибига ўтган иссиқхоналарга субсидия тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади. Агрокластерларда иссиқхоналар марказлашган қозонхоналар орқали иситилади.
Давлат дастурида белгиланган яна бир муҳим вазифа чанг-тўзонлар тез-тез содир бўладиган ҳудудларда аҳоли саломатлигини асраш учун зарур тадбирларни амалга оширишдир. Шу мақсадда шаҳарларда табиий шамол айланишини кучайтиришга қаратилган тадқиқотлар ўтказилиб, аҳоли учун экологик қулай яшаш шароитини яратиш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича кенг қамровли ишлар кўзда тутилган.
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети (Green University) ҳузурида атроф-муҳит ифлосланишини ўрганиш учун махсус лаборатория ташкил қилинади. Ҳаво, сув ва тупроқ ифлосланишини чуқур ўрганиш асосида илмий ечимлар ишлаб чиқиш орқали олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги оширилади.
Бу ишларнинг муҳимлиги шундаки, улар нафақат ҳозирги, балки келажак авлодлар учун ҳам яшашга яроқли муҳитни сақлаб қолади. Экологик тоза технологиялар жорий этилиши, камбағал оилаларнинг бандлигини таъминлаш, халқаро ҳамкорлик орқали янги тажрибаларни ўзлаштириш мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан янада ривожлантиради.
* * *
Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш мақсадида белгиланаётган чора-тадбирларнинг кўлами кенг, қамрови катта. Бу жараёнда ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, маҳаллаларга янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, соҳа ва тармоқларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, касбларни ривожлантириш, янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, экологик мувозанатни яхшилаш ва бошқа йўналишларда устувор мақсад ва вазифалар белгиланган. Бу хайрли ишларнинг ўз муддатида бажарилиши ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини юзага чиқариши учун муносиб шароит яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали эл фаровонлигини ошириш, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтиришда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Баҳор ХИДИРОВА тайёрлади.