Мавзуга орадан кўп ўтмай яна қайтишимизнинг муҳим асоси бор. Президентимиз 7 апрель куни “Туман ва шаҳар бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга мувофиқ, шу йилнинг февраль-март ойлари давомида ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнларида фуқароларнинг фаол иштирокини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ғолиб деб топилган 2 215 та лойиҳага қўшимча ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 139 та лойиҳани амалга ошириш учун республика бюджетидан 85,4 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

МАҲАЛЛАЛАРНИНГ ЕЧИМ ТОПАЁТГАН МУАММОЛАРИ

Ҳар бир маҳалланинг ўзига хос, катта-ю кичик масала ва муаммолари бор. Бири учун қишда лойи, ёзда чанги чиқиб ётадиган ички йўлларни таъмирлаш ўта зарур бўлса, иккинчисида жўмрагидан йиллаб томчи томмай келган ичимлик сув тармоғини қайта қуриш энг асосий масала. Бошқа бири ана шу икки муаммонинг ҳам бирйўла ҳал этилишидан манфаатдор. Яна бири мактаб, бошқаси боғчани таъмирдан чиқариш ва замонавий жиҳозлашни истайди...

Лекин маҳаллаларга ажратилган манзилли маблағларнинг етиб бормаслиги, мавжуд сармояни сарф-харажат қилишда жамоатчилик иштироки таъминланмаганлиги, мазкур жараёнда маҳалла фаолларининг фақат мурожаат қилувчи ёки ариза берувчи сифатида иштирок этиб келганлиги кўплаб масалаллар тўпланиб қолишига сабаб бўлиб бўларди. Оқибатда аҳолида уларнинг ижобий якунига бўлган ишончсизлик пайдо бўлиши табиий эди.

Молия вазирлиги мутассаддиларининг айтишича, туман ва шаҳар бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга қаратилган янги тизим илгари сурилганида ҳам фуқароларда ана шундай қарашлар бўлган. Лекин кейинги пайтда бундай муносабатлар ўрнини фаолик, жонкуярлик ва баҳамжиҳатликка асосланган саъй-ҳаракатлар эгаллаб, уларнинг қизиқиш ҳамда фаоллиги тоборо ортиб боряпти.

Амалдаги тамойилга кўра, ташаббусли бюджет жараёнлари ҳар йили икки марта, 3 босқичда амалга оширилади. Хусусан, биринчи ярим йиллигини 5 мартдан 1 апрелгача, унинг иккинчи мавсумини 31 июлдан 19 августгача ўтказиш режалаштирилган.

Ҳар бир мавсумнинг биринчи босқичида фуқаролар ўз таклифларини илгари суришади, иккинчисида билдирилган таклифлар модерация жараёнидан ўтказилади. Учинчисида сараланган таклифлар овоз бериш жараёнига қўйилади. Ҳар бир туман ёки шаҳарнинг ўзида энг кўп овоз тўплаган таклифлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда “ғолиб” аниқланади.

2022 йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларини молиялаштириш мақсадлари учун йўналтириладиган маблағлар миқдори 4 баробарга оширилди. Туман, шаҳарларда тасдиқланган бюджетлардан ажратилган 5 фоизининг ўзи 1,5 триллион сўмдан ортиқроқни ташкил этди. Бундан ташқари, қўшимча манбаларнинг 30 фоизи ҳам ташаббусли бюджет учун йўналтирилади.

— Фуқароларимиз шу йилнинг биринчи ярим йиллиги учун ўтказилган ташаббусли бюджет лойиҳасида жуда фаол қатнашди, — дейди Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азимжон Ҳасанов. — Агар ўтган йили ижтимоий лойиҳаларга 1 миллион 150 мингга яқин овоз берилган бўлса, жорий йил ўтказилган дастлабки босқичда ушбу кўрсаткич беш баробарга ортди, яъни берилган овозлар сони 6 миллион 700 мингдан зиёд бўлди.

Яна бир муҳим жиҳати, ўтган йили 41 мингта таклиф билдирилган бўлса, бу йил улар сони 69 700 дан ортиб кетди. Улар ҳудудий ички комиссиялар томонидан саралаб олиш натижасида 40 мингдан ортиғи овоз бериш босқичига ўтказилди. Энг кўп овоз олган 2215 таклиф ғолиб деб топилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан, уларга қўшимча равишда 139 та лойиҳа республика бюджетидан молиялаштирилиши таъминланадиган бўлди.

ҚИШЛОҚЛАРДА ТАШАББУС ШУКУҲИ

“Очиқ бюджет” порталида катта умидлар билан ўз таклифини илгари сурган Қамаши тумани Қовчин қишлоғи аҳолиси овоз тўплаш жараёнида анча фаоллик кўрсатди. Қишлоқнинг ички 1,8 километр масофаси давлат бюджетидан янгидан асфальт бўлишини ким ҳам хоҳламайди дейсиз?

— Қишлоғимиз ёшлари анча фаоллик билан “Ташаббусли буюджет”нинг овоз бериш жараёнида иштирок этди, — дейди Қамаши тумани Қовчин маҳалла фуқаролар йиғини раиси Насибали Омонов. — Қовчин ва Юқори янги ҳамда Манғит қишлоқларини туташтирувчи ички йўлларимиз асфалт бўлганига анча йиллар бўлган. Маҳалла оқсоқолари билан биргаликда бир неча бор қум-шағал ётқизиб, таъмирлаш ишларини олиб бордик. Лекин, бир қишнинг ўзида яна обгор аҳволга келиб қоларди. Шу боис шу ерда истиқомат қилувчи йигитлардан бири Жаҳонгир Маллаев ўз ташаббуси билан иштирок этиб, 1,8 километр асфальт ётқизиш таклифини порталга жойлади. Бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда овоз бериш бошланганида барчанинг орзуси амалга ошгудек эди. Тўпланган жами овозлар сони 2162 тага етди. Аммо, якунда ғолиблар номи эълон қилинганида, Қовчин қишлоғидан қўйилган лойиҳа керакли овозлар тўпланмай қолганлиги боис, улар сафидан жой ололмай қолди.

Орадан кўп вақт ўтмай, Президентимизнинг “Туман ва шаҳар бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қарорда 2000 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган лойиҳалар орасида бизнинг таклифимиз ҳам бор эди. Бу хушхабарни эшитиб, тўғриси маҳалламизда байрам бўлиб кетди. Каттаю кичик Президентимизга раҳматлар айтмоқда. Ҳозирда хушхабардан хурсанд қишлоқ одамлари ўзлари йўл бўйларига ҳашарга чиқиб, атрофларини тозалаб, ободонлаштиришга ҳам ҳисса қўшмоқда.

Шаҳрисабз туманидаги Хитой маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Оммағон қишлоғида анча йилдирки оқар сув муаммоси барҳам топмай келади. Қишлоқда истиқомат қилувчи аҳоли асосан томорқада бирор экин экишдан олдин сувни ўйлайди. Баҳорда бир - икки бор ариқдан келган сув кунлар исиши билан қуриб қолади. Шу боис хонадонларда деярли томорқадан фойдаланилмай келинади. Энликда эса, бу ерда сув муаммоси бартараф этиладиган бўлди.

Қишлоқ фаолларидан бири Сунатилло Рўзиев айнан “Очиқ бюджет” порталида ушбу муаммони ечиш мақсадида ўз таклифини қўйди. Овоз тўплаш жараёнида эса кўпчилик, яъни 5477 нафар фуқаро унинг ташаббусини маъқуллади. Бу эса дастлабки якуний босқичда ғолиб бўлишга асос бўлди. 998 милион сўмлик маблағ эвазига қишлоққа сув келтирилади. Бу дегани ҳар бир хонадонга яна обиҳаёт кириб боради.

— Йил сайин фуқаролар таклифларининг амалга ошиш имконияти кенгаймоқда, — дейди Қашқадарё вилояти Молия бошқармасининг “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бўйича масъул ҳодими Гулмурод Ҳакимов. —2021 йилда мазкур жараёнда ғолибликни қўлга киритган лойиҳалар учун Қашқадарё вилоятида жами 33 миллиард сўм маблағ ажратилганди. Бу йил эса, биринчи босқичнинг ўзида 102 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилмоқда. Вилоятимизда илгари сурилган таклифларга 375 221 та овоз тшпланиб, 186 та лойиҳа бўйича ғолиблар аниқланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 7 апрелдаги қарорига асосан, яна тўртта лойиҳа республика давлат бюджетидан молиялаштириладиган бўлинди.

Ташаббуси бюджет лойиҳасининг биринчи босқичи якунига етган бўлса-да, унинг навбатдаги мавсуми учун ҳозирлик ишлари бошланиб кетди. Энг асосийси, эндиликда аҳоли бу борада кенг тушунчага эга бўлиб, ўз ташаббусларини илгари суришга интилмоқда. Демак, ҳудудлар ободлиги, йўлларнинг равон ва текис бўлишга ҳисса қўшиш одамлардан ҳамжиҳатлик ва фаолликни талаб этади, холос. Бу эса, халқимизга хос азалий одат. Натижалар эса, куттириб қўймаяпти. Шу боис Қашқадарёнинг ҳам олис маҳалларига ҳам ташаббус шукуҳи кириб бормоқда.

ЛОЙИҲАЛАР ИЖРОСИ ҚАНДАЙ НАЗОРАТ ҚИЛИНАДИ?

Президентимизнинг қарорига мувофиқ, қўшимча ғолиб деб топилган лойиҳаларга жами 480 мингдан ортиқроқ овоз берилган. Уларнинг соҳалар бўйича тақсимотига кўра, 76 та умумтаълим мактабини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш, 23 та маҳаллада ичимлик суви тизимини яхшилаш, 13 та мактабгача таълим муассасаси ҳамда 5 та соғлиқни сақлаш ташкилотини таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилади.

Ушбу қарорнинг имзоланиши натижасида 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги "Ташаббусли бюджет" жараёнларида фуқаролар томонидан берилган жами 6 миллион 718 мингдан ортиқ овознинг 4 миллион 871 мингдан ортиғи ёки уларнинг 72,5 фоизини ғолиб таклифларга овоз берганлар ташкил этмоқда.

Ҳужжатда наинки қўшимча равишда киритилган, балки ҳар йили ҳолиб деб топилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатъий вазифалар белгиланган. Яъни:

– туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари — ҳар чорак якуни бўйича жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни ўз вақтида молиялаштирилиши ва бажарилишини баҳолаб боради;

– туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан ҳар ой якуни билан келгуси ойнинг 10-санасига қадар оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларнинг молиялаштирилиши ва бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни жамоатчиликка эълон қилиниши таъминланади;

– жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларнинг бажарилиши юзасидан ҳокимларнинг ҳисоботлари Олий Мажлис Сенатида ҳар чорак якунида эшитиб борилади;

– ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг бажарилишини Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳар йили якунларига кўра якуний назоратдан ўтказади.

— Ҳар бир ғолиб деб топилган таклиф учун туман ва шаҳар ғазначилик бўлимларида алоҳида ҳисобрақамлар очилади ва мазкур ҳисобрақамларга тегишли маблағлар ўтказиб берилади, — дейди Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азимжон Ҳасанов. — Жорий ойнинг ўзидан ишлар амалга оширила бошланади. Пудратчи ташкилотларни аниқлаш ва лойиҳа смета ҳужжатларини тайёрлаш ишларига киришилади.

“Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи босқичи шу йил июль ойида старт олади. Унда ҳам мамлакатимизда яшовчи ҳар бир фуқаро ташаббускор ва овоз берувчи бўлиб иштирок этиши мумкин. Биринчи мавсумда иштирок этган ва етарли овоз тўплай олмаган лойиҳалар долзарблигини йўқотмаган бўлса, иккинчи мавсумда такроран илгари сурилиши мумкин. Бундан ташқари, аҳоли ва тегишли ҳокимлик органлари томонидан долзарблиги юқори, деб топиладиган бўлса, мазкур ташаббуслар давлат ёки маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ҳам молиялаштирилиши мумкин.

Президентимиз томонидан қўллаб-қувватланган қўшимча 139 та лойиҳа ва республика бюджетидан ажратилган 85,4 миллиард сўм бунинг амалий тасдиғидир. Шу боис Молия вазирлиги фуқароларга мурожаат этар экан, “Ташаббусли бюджет” жараёнининг келгуси босқичларида ҳам фаол иштирок этган ҳолда, ўз ҳудудларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этилишига ҳисса қўшишга, ташаббус кўрсатишга даъват этади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

Акбар РАҲМОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбирлари