Мен санъатни, хусусан қўшиқчилик санъатини шундай тушунаманки, у инсониятни ҳеч қачон ёмонликка элтмайди. Масалан, дунёнинг энг буюк қўшиғи “АЛЛА”ни олинг. Бу муқаддас қўшиқнинг эзгуликка йўғрилган матнида гўдакни яхшиликларга чорловчи, ёмонликлардан асровчи даъваткорлик устувор. Мен бир қўшиғимда “Она алласидан бошланган куйлар” деб айтганман. Зеро, гўдак қулоғига эшитилган илк оҳанг, илк куй бу – алла.
Қўшиқ, энг покиза ғоялар дастёри. У хоҳ ватанни улуғловчи, хоҳ эзгулик, яхшиликка чорловчи, хоҳ ишқий, хоҳ жанговор бўлсин, бари покиза ғоялар, яхши ниятлар билан суғорилмоғи шарт.
Президентимизнинг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини ўқиётиб, иккита сўзнинг тагига қалинроқ чизиб қўйдим. Уларнинг бири — “Маданият карвони”, иккинчиси — “Маҳорат дарслари” деган сўзлар. Дарҳақиқат, маданият улуғ карвон. Инсоний туйғулар, одамий фазилатлар карвони. Аждодлардан ўтиб келаётган жами қадрият, анъана, уроф-одат, миллий ўзлик, ор-номус, аҳлоқ, қўйингки, ҳазрати инсонга хос, мерос, бойлик маданият карвонига юкланган, жойланган бўлади.
Бу хосиятли карвон йўлининг давомийлигини таъминлаш, уни турли таҳдидлару тўсиқлардан омон сақлаш эса, бениҳоя шарафли вазифа. Ана шу йўлдаги юксак фидойилик, изчиллик қаторида маҳорат сабоқлари ҳам ғоят зарур. Бугун ҳар бир соҳада ишончимизга кириб бораётган, юрт байроғини адл тутишга қодир, шахди баланд ёшларимиз юксак маҳорат эгалари этагидан тутиб, уларга эргашишга ҳақли. Давлатимиз раҳбарининг ушбу тарихий қарори билан улар бу имкониятга янада кенгроқ эга бўладилар.
Бундай ёшлар, янги-янги истеъдод эгаларининг “Маданият карвонлари” сафида бардавом бўлиши, бунинг учун улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ҳам соҳада дастуруламал бўлажак ҳужжатнинг нуфузини янада оширади. “Маданият карвонлари” тиним билмаслиги, пойтахтга йиғилган аққлли интеллектуал қатлам ҳудудлар билан чамбарчас алоқада бевосита ва билвосита ишлаши керак. Карвонларда муносиб сарбонлар, уларнинг ортида эса, эл-юрти номусини ўзининг ори билгувчи карвон дадил одимлаб борса, уларнинг узоқ-узоқ манзилларга етажаги шубҳасиз.
Юрган дарё дейдилар. Маданият, унинг ҳар бир жиҳати дарё бўлсин, юрсин, тўхтамасин. Қақраган, эҳтиёжманд манзилларга оби маърифат тарқатсин. Бинобарин, илғор маданият, илғор санъат ўз қобиғида қолиб кетса, ҳаёт чашмасидан, халқдан узилади, сунъийлашади. Шунинг учун мен қарорда илгари сурилган ғоялар қаторида маданий ҳозиржавоблик, маданий изчилликка алоҳида эътибор берилишини истайман. Ваҳоланки, биз, табиат фарзанди сифатида қишлоқлар, овулларимизнинг маданий даражаларига ҳам тўла жавобгармиз. Тараққиёт, савия, маданий юксаклик, бадастр турмуш шаҳаргагина эмас, қишлоқларимизга ҳам жуда ярашади, ва айни пайтда жуда ҳам зарур.
Шерали Жўраев,
Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти,
“Ватандошлар” жамоат фонди васийлик кенгаши раиси