Айтилса ҳам “Ҳеч ким билмасин”, “Бировнинг хабари бўлмасин”, “Тағин тарқалиб кетмасин” , “Тилингга маҳкам бўл” тарзидаги гаплар айтилади. Сир бўлса, нега уни ҳамма билади? Чунки бу дунёда ҳар банданинг иши бошқасига тушади.

Қопчиғингни бўшатиб, чўнтагингни йиғлатса ҳам ўзингни югуртирмай ишингни битирадиган нарса айнан шу бўлгани учун унинг борлигидан ҳамма хабардор. Кимдир “соққа”, яна кимдир “шапка”, “қалпоқ” деб номлайдиган (бундан ҳам бошқа номлари бор, қизиғи шундаки, ҳар бир соҳа ўзидан келиб чиқиб, унга турли-туман ном қўяди) бу нарсанинг пора (турк қардошларимиз узримизни қабул қилишар, чунки улар муомалаларидаги пулни шундай атайдилар) эканини аллақачон сездингиз. Қайсидир эътирозчи дўстимиз: “Ёв қочса, ботир кўпаяр” қабилида иш қиляпсиз. Бугун мамлакатимизда коррупцияга қарши бутун бир тизим ишлаяпти. Коррупцияни жиловлайдиган қонунларимиз орқамизда тоғдай бўлиб турибди”, дея гапимни оғзимдан олишга ҳаракат қилаётганига ҳам шубҳа йўқ. Аслида ҳам шундай. Гапимнинг авваллари кўпроқ ўтган замонга тегишли. Лекин яқинда бир жанобнинг радио тўлқинлари орқали берган интервьюси қулоғимга тушди.

 У юртимиздан узоқда туриб: “Беш-олтита иморат, беш-олтита йўл қурилгани билан Ўзбекистон янги Ўзбекистон бўлиб қоладими?”, дея кўр-кўрона айтиб юборди. Майли, биз кейинги йилларда қурилганларини ва бу қурилганлар йиллар давомида елкаси офтоб кўрмаганларнинг юзларини кулдирганини санаб ўтирмайлик. Бу ҳақиқатни фақат биз эмас, олис-яқинлар ҳам кўриб, тан олиб турибди. Ўтган кун билан бугунни қиёслаб ишонарли хулосалар чиқариш учун биттагина тушунча доирасида фикрласак ҳам, бу жанобга ҳақли раддия бўлишга арзирли кўп нарса аён бўлади. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтсак, Ўзбекистоннинг нима учун янги Ўзбекистонга айланиб бораётганини тушунмаганларга тушунтириб қўйса бўлади. Масалан, юқорида сўз бошлаганимиз коррупция соҳасини олайлик. Ўтган асрнинг охирларига келиб бу иллат шу қадар илдиз отиб, томир ёзиб кетдики, ҳатто бу борада норозиликлар бўлганида (енг ичида, албатта) катта минбарлардан баъзи инсонлар томонидан “Қайси давлатда пора йўқ экан? Қани, менга шундай бир мамлакатни кўрсатинглар-чи” тарзидаги гаплар ҳам янгради.

Бундай гаплар порахўрликка “оқ йўл”дай туюлди, шекилли (аслида бу минг бир сабабнинг бири, холос), бу мараз иллатнинг қаноти ёзилиб кетди. Айниқса, олий ўқув юртларига кириш бозордаги савдо-сотиқ кўринишини олди. “Манави институтнинг ставкаси бунча экан, бунисиники эса бунча”... Абитуриент билан (тўғрироғи, ота-онаси билан) домлалар орасида олди-берди масаласида воситачилик қиладиган олғирлар пайдо бўлди. Уларнинг ўз жаргонлари ҳам туғилди. Биттаси — “Ўқчи”... Мияси зўр ишлайдиган талаба ёки ўз калласи билан диссертация ёзаётган аспирант (нимага “ўз калласи билан” деганимни мақоланинг давомида изоҳлайман) беш-олтита талабгор билан шартлашади. Улар билан бирга ўқишга кириш учун ҳужжатларини топширади. Кимлардир уларнинг бир гуруҳга тушишини (бекорга эмас, албатта) таъминлайди. “Ўқчи” ўзига тегишли тест варақасига қўлини ҳам теккизмайди, чунки бунга улгурмайди ҳам. Гарданига олганларни эса ишлаб чиқади. Бахти чопиб, ўқишга кириб кетса, мандатдан сўнг “ўқчи”лар пулини олади.

Иш шунгача етдики, кириш учун белгиланган пулни тўлаган абитуриентларнинг баъзилари ҳатто имтиҳонга ҳам кирмай қўя қоладиган бўлди. Унинг ўрнига ўша “ўқчи”лар кириб ишни битириб чиқадиган бўлди. Натижада олий ўқув юртлари талабалари орасида саводсизлик шу қадар авжга чиқдики, бир гал: “Ўзбек мактабини битирган бола қандай қилиб еврогуруҳда ўқияпти, тағин бу олийгоҳда қийиндан-қийин фанлар ўқитилса”, деб ажабланганимда, суҳбатдошларимдан бири: “Э, опа, ҳозир битта қуриган ёғочни стулга михлаб, “шу ўқийди” десангиз, пули бўлса ўқийверади. Ҳеч ким уни “Бу — ёғоч, одам эмас”, деб кесиб ташламайди”, деган эди.

Талабаларни бир четга қўйиб турайлик, диссертациясини бировга пул эвазига ёздирадиган ясама “олим”лар ҳам пайдо бўлди. Ўша “олим”лар бир амаллаб мансаб курсисига миниб олгач, диссертация ёқлашнинг ўзи — тақриз ёзиб бериш, ҳимоя пайти оппонентлик қилиш — ҳаммасини пулга чақадиган бўлишди. Ўз кучи билан миллий ғоя мавзусида номзодлик диссертациясини ёзган бир синглимиз ёқлаш арафасида киноя билан гапирган эди: “Нуқул келиб-кетаверибман, Қарши — Тошкент орасида қатнайверибман, домлам, “унингизни тузатинг”, деб бир қайтаради, “бунингизни ўнгланг”, деб икки қайтаради. Ахийри мендан олдин ҳимоя қилган бир дўстимдан маслаҳат сўрадим. “Шунча ёшни қаерда яшаб юрибсиз, ойдан тушганмисиз, нима бало? “Қистир-қистир” ашуласини айтиб кириб бормайсизми домлангизнинг ҳузурига, битмаган ишларингиз томоқдан сариёғ ўтгандек силлиқ битиб кетади”, деди. Айтганини қилгандим, уч йил судралган ишим икки ҳафтада битди”.

Мана шу икки оғиз гапданоқ номзодлик, докторлик учун ёзилган илмий ишлар ҳимоясида нималар тош-тарозу қилиб баҳоланганини бемалол билиб олса бўлади.

Пора ўраб, чирмаб ташламаган бирорта соҳа қолмади. Ўқишни тугатгач, ишга кириш — пора. Хизмат вазифасидан кўтарилиш ҳам шу. Мукофот, унвонларга сазовор бўлиш “соққа” билан. Болангни тузукроқ боғча ёки мактабга беришнинг ҳам енг ичида тўлови бор. Шифохона, туғуруқхоналар... Кўзи ёришга кираётган жувонлар навбатчи шифокор гўдагини эсон-омон дунёга келтириб бериши учун атаганини рўмолчага тугиб билагига боғлаб кирадиган бўлди.

— Билагида бойланган рўмолчаси бўлмаса, навбатчи шифокорнинг энсаси қотарди. “Савобга экан, сен бора қол”, деб мени дард тутаётган аёлнинг ёнига йўлларди, — деган эди бир пайтлар пойтахтдаги номдор туғуруқхоналардан бирида ишлаётган доя-ҳамшира.

 Хуллас, ўша йиллари касбим тақозоси билан қайси касб эгалари билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳаётига чуқурроқ кирсам, порахўрлик масаласи бир тоғора балчиққа ўхшаб чиқиб келаверарди. Янги машина олиш учун гараж мудирига пора, узатаётган қизига хориж мебелини харид қилишга дўкон мудирига пора... Ҳатто пахта, пилласини яхшироқ навга ўтказиш учун пунктдаги тегишли шахсларга узатмаса, маҳсулотининг қиймати кўтарилмайди...

“Сиз ўша пайтда ҳам журналист эдингиз, қўлингизда қаламингиз бор эди, нуфузли бир журналда ишлар эдингиз, нимага бу иллатни фош қилиб ташламагансиз?” дегингиз келиб турганини ҳис қиляпман. Ўзимни жудаям оқламоқчи эмасман-у, лекин уриниб кўрганман. Бир ёзганим манзилсиз, исм-фамилиясиз бўлиб чоп этилган. Шундаям ҳамкасбларимдан яхшигина олқишлар эшитганман. Яна бир уринганимизда — таҳририятга юборилган ёзма шикоятни текшириб, тилхат олиб, имзо тўплаб юрганимизда, устидан шикоят қилинган судьянинг одамлари биз икки аёл журналистни итга талатмоқчи бўлган. Бир кекса муаллимнинг қўрасига кириб жон сақлаб қолганмиз. Жон учун, оила учун, айниқса, ­фарзандлар учун қўрқув туйғуси ҳеч кимга бегона эмас, шу жумладан, менгаям. Яна ўзимга қайтиб ўтлаб кетмадимми? Аслида, ёзмишларим янги Ўзбекистон майдонига тобора бегоналашаётган, узоқлашган сари мамлакатимиз ҳавоси мусаффо бўлиб бораётган порахўрлик деган балои азим ҳақида эди.

Икки-уч йилдан буён ўғил-қизлари мактабни битираётган ота-оналар қалбида “Яхши ўқиса, албатта, олийгоҳга киради”, деган ишонч пайдо бўлди ва бу ишонч йилдан-йил мустаҳкамланиб боряпти.

Чунки порахўрликка қарши қудратли қонунларнинг ишлай бошлагани бу иллатнинг томирига болта ураётган бир омил бўлса, яна бир омил (бу — асосийси) фуқароларнинг меҳнатига яраша ҳақ тўланаётгани. Маошлар салмоқли даражада ошаётгани. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари, маориф, маънавият соҳалари, тиббиёт ва бошқа йўналишларда иш ҳақининг бир неча бор кўтарилгани жамиятимиз об-ҳавосини тозалаётгани, поклаётгани, ҳатто нафси ҳакалак отган бандаларнинг ҳам нафсини жиловлаётгани бор гап. Коррупциянинг йўлига тўсиқ қўяётган асосий омиллардан яна бири — яратилаётган шароитлар туфайли турли ёш, турли касбдаги аҳолининг тафаккур тарзи юксалаётгани. Дейлик, мактабларда ўқиш сифати яхшиланяпти, демак, ўз кучига ишониб олийгоҳга ҳужжат топширган абитуриент кириш учун тугунига пул тугиб югурмайди. Жуда бали пастлик қилса, суперконтракт деган гаплар бор, пулини очиқ-ошкор, ҳеч кимдан паналанмай давлатга тўлайди. Ҳомиладор аёл ҳам туғруққача бир неча бор тиббий ­текширувдан ўтиб, керак бўлса даволаниб, (агар шу текширувлардан ўтиб, зарур бўлса, муолажа олмаса, шифокори унга туғуруқхонага йўлланма бермайди) ўзи дунёга келадиган чақалоғининг соғломлигига ишонгач, нима учун билагига рўмолча танғисин? Дўконларимизда ўзимизникилардан тортиб исталган давлатнинг мебеллари тиқилиб ётган бўлса, ким мудирнинг кўнглини олиш учун ортиқча харажат қилади? Қайтага ҳозир дўкондорлар харидорлар атрофида парвона. Мактабларда ҳам вундеркинд болалар талаш: чунки ҳамма илм даргоҳларига сон ва сифат бўйича баланд рейтинг керак, рейтинги тушиб кетса, мактаб иқтисодига салбий таъсир қилади.

Яқинда набирасини боғчага жойлаштиришга борган бир дугонамиз гапириб берди:

— Келиним билан “Ягона дарча”га бордик. Навбатимиз етмаган экан, секингина “Бирор йўли йўқми?” деб сўраган эдик, “Ягона дарча”да ишлаётган аёл: “Ҳеч қанақа йўли йўқ. Йўллар бекилиб кетганига анча бўлди. Қачон навбатингиз етса, ўша аризангиздаги боғчага жойлашади набирангиз, навбатингиз етганда ўзимиз қўнғироқ қилиб чақирамиз”, деди. Рости, қувонганимдан кўзларимга ёш келди. Келиним, “Ойижон, ишимиз битмади-ку, нимага суюняпсиз?” деб ҳайрон бўлган эди, “Бу жавобларга етгунимча бу дунёсида эллик йил яшадим, қизим”, дедим. Барибир келиним менинг юрагимдан ўтганларни тушунмади...

Майли, ҳақ-ҳуқуқини таниб, ўзини ўзи ҳимояга шайлаб ўсаётган авлодга бизнинг “боламга яхши қарасин”, дея боғчага совға кўтариб чопган кунларимиз, бирор ташвишимизга ечим топиш учун амалдорларнинг қабулхонасида конверт ушлаган қўлларимиз титраб ўтирган пайтларимиз (қандай берар эканман, олармикин, олса, оз кўрмасмикин, деб, албатта) бутунлай тушунарсиз бўлсин. Улар “Мамлакатимизда одил қонунлар ишлайди ва биз ҳимояланганмиз”, деган ишонч билан яшасин. Охирги кунларини ўтказаётган, жон таслим қилаётган порахўрлик сарқитлари уларнинг тиниқ шуурларига соясини солмасин...

 Она диёримизнинг чиндан ҳам янгиланаётганига ишончсиз қараган ва бу ҳақда ўйламай гапириб юборган жаноб ҳақида ҳам “Ит ҳурар, карвон ўтар” қабилида муносабат билдиришни хоҳламаяпман, балки билиб-билмай гапириб юборгани учун уялишини, хижолат тортишини истайман. Бир киши ҳақида фикр айтишнинг қанчалар масъулияти бор. Бутун бир мамлакат ҳаётига муносабат билдириш жавобгарлиги эса ундан минг, миллион карра ортиқроқ. Ҳар ким шу ҳақиқатни теран ҳис қилиб яшагани яхши.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими