Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Эшқобил Шукур, филология фанлари номзоди Олим Тошбоев сўзга чиқиб, Шукур Холмирзаевнинг инсонийлик фазилатлари, теран мушоҳадали асарлари ҳақида гапириб ўтишди. Унинг ҳикоялари, қиссаларида ёшликнинг бетакрор гўзаллиги, Бойсун табиатининг турфа кўриниши ўзининг бадиий талқинини топди, дея таъкидлашди. Кейинчалик Бойсун ва бойсунликлар ҳаёти адибнинг асосий мавзуси даражасига кўтарилиб, ёзувчи ижодида реалистик тасвирнинг устувор йўналишга айланишида муҳим омил бўлгани ижодий мисоллар билан келтирилди.

Шукур Холмирзаев асарларида воқеликдаги мураккаб ҳаётий жараёнлар ва кишиларнинг зиддиятлардан иборат руҳий оламини кашф этиб борди. Дарҳақиқат, адибимиз жуда катта дунё эди. Унинг оламига ҳикоялари, қиссалари орқали кириб борганмиз. “Қария” “Бодом қишда гуллади” ҳикояларини, “Ўн саккизга кирмаган ким бор”, “Тоғларга қор тушди” қиссаларини, “Қора камар”, “Зиёфат” драммаларини ўқимаган ўқувчи бўлмаса керак. Қаҳрамонларининг оддий тили, характерлардаги самимийлик, табиийлик китобхонни гўёки жонли мулоқотга чорлагандек бўлади.

– Шукур Холмирзаев адабиётда шеър ёзмади холос, – дейди Профессор Қозоқбой Йўлдошев. – Балки ёшлик чоғида ёзгандир, аммо ҳикоя, қисса, драма, роман жанрларида баракали ижод қилди ва уларда турфа мавзуларни акс эттирди. Ёзувчи ижоди орқали ўзбекнинг ўзбеклик туйғуси қандай намоён бўлишини жудаям жўн, содда йўсинда кўрсатиб берди. У одамни билиш нуқтаи-назаридан жудаям буюк ижодкор эди. Буни “Олабўжи” романида кўриш мумкин. Унда шахс ва жамият муаммосини яққол очиб берган.

Ёзувчи ўз ҳикояларида Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор каби ўзбек ёзувчиларининг энг яхши анъаналарини давом эттириш билан бирга ўзбек ҳикоянавислигини рус ва Европа ёзувчиларининг бадиий тажрибалари билан ҳам бойитди. Айтиш керакки, Шукур Холмирзаевнинг энг яхши ҳикоялари қаҳрамон образининг янги ва ёрқинлиги, композициясининг ўзига хослиги, қаҳрамонлар тилининг ранг-баранглиги билан ажралиб туради.

– Шукур ака, ўзбек адабиётида афсонавий адиб эди, – дея сўз бошлади Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Эшқобил Шукур. – У киши билан боғлиқ хотираларимни ёдга олсам, “Ҳикоя ёзиш нима эканлигини энди билдим. Ҳикоя – бу ҳасратингни айтиш экан. Бундан кейин нима ёзсам, васиятимни ёзгандек ёзаман, нима ёзсам сўнгги асаримни ёзаётгандек ёзаман”, деган эди суҳбатларимизнинг бирида. Ҳақиқатдан ҳам, шундан кейин Шукур ака нима ёзсалар охирги асаридай, васиятидай ёзди. Ҳар бир ҳикояси, унинг ҳасратидир. Бир ҳикояни битиргунча ўн беш кун бутун дунёдан узилиб ижод қилар эди. Бу ҳам бўлса, ижодкорнинг адабиётга бўлган меҳри, фидойлигидан далолатдир.

– Асл деҳқоннинг қўллари кетмондан қавариб кетса, Шукур Холмирзаевнинг бармоқлари ёзув машинкасига урилавериб қавариб кетган эди, – дея таъкидлади тадбирда сўзга чиққан филология фанлари номзоди, доцент Олим Тошбоев. – Адиб асарларининг халқчиллиги, тилининг равонлиги бетакрор эди. Шукур ака шеъриятни жуда нозик тушунган. Шунинг учун ҳам ҳикояларидаги ички оҳангни назмга, поэзия асосига қурар эди.

Ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар, ёш ижодкорлар, ёзувчининг оила аъзолари иштирок этган тадбирда Шукур Холмирзаев билан боғлиқ илиқ хотиралар ёдга олинди, у қолдирга адабий меросга яна бир бор назар ташланди.

– Отамиз Шукур Холмирзаев вафот этганларига 15 йил тўлибди. Ўзбек миллатига, ўзбек адабиётига хизмат қилган бир адибнинг хотирасини абадийлаштиришга бу давр ичида вақти келди, деб ўйлайман, – дейди ёзувчининг қизи Сайёра Холмирзаева. – Ҳикоя, қисса, роман, мақолаларини чоп эттириш, таржима қилиш, Шукур Холмирзаев туғилиб ўсган маҳалланинг кўчасига, ўқиган мактабига унинг номини бериш лозимдир. Бугунги кунда давлатимиз томонидан адабиётга, ижодга кенг эътибор бериляпти. Албатта, отамизнинг қолдирган ижодий меросини қайта жамлаш, нашр қилиш, унинг номидаги ижод мактабини ташкил қилиш учун барча эшиклар очиқлигига, барчамиз гувоҳмиз.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар аъзоси, шоир Шодмонқул Салом Шукур Холмирзаев хотирасига бағишланган шеърини ўқиб берди. Адабиёт мухлислари адибнинг асарларини таржима қилиш, унинг ижодини кенг тарғиб қилиш борасидаги таклифларини баён қилишди.

Зулайҳо Аҳмаджонова,

журналист