Ривожланаётган мамлакатлар олдида турган энг муҳим мақсад ва вазифалардан бири давлат сиёсатини қайси модел ва усуллар билан амалиётга жорий этишдир. Мазкур масаланинг ечими бир қарашда енгил ва осон кўринса-да, хорижий давлатлар тажрибаси ва реал ҳаёт бунинг аксини тасдиқлайди. Юртимизда мазкур масалалар, жумладан, ривожланишни қайси йўл билан амалга ошириш вазифаси сўнг ги йилларда тобора долзарб тус олган.
Бунинг сабаби жамият ҳаётидаги туб ижобий ижтимоий-сиёсий ўзгариш лар, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг янги босқичи, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти ошиши, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини англаши ҳамда талаб қилишидир. Сўз эркинлиги, халқ ҳокимиятчилиги, давлат органларининг аҳоли билан ишлашда мутлақо янги тамойиллар асосида ташкил этилиши ва амалга оширилиши, улар фаолиятида очиқлик ва шаффофликнинг кенг таъминланиши ҳам мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий сиёсатнинг янги даражага чиққанини яна бир карра кўрсатмоқда.
Бошқача айтганда, юқоридаги омилларнинг юзага келиши мамлакатнинг ҳуқуқий сиёсатга эътиборини жиддий равишда кучайтирди. Ҳуқуқий сиёсат ўзи нима, деган саволга илмий ва мураккаб таъриф беришдан йироқлашган ҳолда, унинг фуқаролар учун аҳамиятли бўлган реал жиҳатларига тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Таъкидлаш жоизки, “сиёсат” сўзи ўзининг узоқ йиллик тарихига эга бўлиб, асосан, юнон файласуфи Арасту сабабли ушбу атамадан кенг фойдаланиш бошланади.
Олим мулоқотнинг энг муҳим ва олий даражаси — сиёсий мулоқот ҳақида гапиради. Ҳақиқатан, ҳар бир инсоннинг — мутахассис, олим, корхона бошқарувчиси, давлат идораси раҳбари, сиёсий партия етакчисидан тортиб, давлат раҳбаригача — ўз сиёсати мавжуд. Яъни ҳар бир инсоннинг ўз бошқарув услуби ва индивидуал таъсир ўтказиш шакллари бўлади.
Содда қилиб айтганда, сиёсат деганда ижтимоий жараёнларни бошқариш санъати тушунилса, ҳуқуқий сиёсат моҳиятида ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида давлат олиб бораётган фаолият стратегиясини тушуниш мумкин. Худди шундай уни давлат сиёсати ва ҳуқуқий ривожланишининг тактик ёндашуви ва алгоритми сифатида ҳам қабул қилинади. Ҳуқуқий сиёсат ўз ичига давлат сиёсатининг барча йўналишларини қамраб олади. Чунки ҳар қандай сиёсий ислоҳот Конституция, қонун, Президент имзолайдиган қонунчилик ҳужжатлари орқали амалга оширилади.
Шунинг учун ҳам мазкур масалага қаратиладиган эътибор бошқа йўналишларнинг ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир ўтказади. Ҳуқуқий сиёсатнинг мақсади ҳуқуқий тартибга солишнинг самарали механизмини яратиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлиқ таъминлаш учун қонуний воситалардан самарали фойдаланиш, қонун устуворлиги ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий давлатчиликни шакллантириш ҳамда жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тарихан минг йилликлар давомида у ёки бу кўринишда мустақил сиёсатини турли шаклларда амалга ошириб келган. Ватанимиз мус тақилликка эришгач, янги миллий давлатчилик ва ижтимоий адолатли жамиятни барпо этиш, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва пировардида, “Аввал — инсон, кейин — жамият ва давлат” ғоясини татбиқ этишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилди.
Мустақиллик даврида ҳуқуқий сиёсат ривожланишини шартли равишда тўрт босқичга бўлиш мумкин. Биринчи босқич (1989–1995 йиллар)да якка партиявийликка асосланган тизимдан воз кечилди, янги давлатчилик ва сиёсий тизим асоси яратилди, ҳокимиятнинг учга бўлиниши тамойили расман белгиланди.
Иккинчи босқич (1996-1999 йиллар)да илк бор сиёсий плюрализм ва кўппартиявийлик тизими шакллантирилди. Ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари белгиланди, таълим, божхона ва солиқ, қонун лойиҳаларини умумхалқ муҳокамасига қўйиш масалалари тартибга солинди.
Учинчи босқич (2000–2015 йиллар)да парламентга сайловлар якунланиб, Президент сайловлари бўлиб ўтди. Асосан, маъмурий-ҳуқуқий ва демократик институтларнинг мувозанатли ва барқарор фаолият юритишига эътибор қаратилди. Ушбу даврда ҳуқуқий сиёсатнинг ривожланиши ўтиш даврини бошдан кечирди, деса ҳам бўлади.
Тўртинчи босқичда (2016 йилдан ҳозирга қадар) мамлакатни янада ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар Ҳаракатлар стратегияси (2017-2021 йиллар) ва Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси асосида давом этмоқда. Жумладан, бугунги кунда инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш бўйича давлат сиёсати амалга оширилмоқда.
Айнан тўртинчи босқич доирасида ҳуқуқий сиёсатнинг долзарблиги апогеяга, яъни ўзининг энг юқори чўққисига чиқди, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Адлия вазирлиги ҳузурида ҳуқуқий сиёсат учун алоҳида масъул ташкилот — Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ташкил этилгани фикримиз тасдиғидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан мазкур институт тугатилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор бўлган давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасаси мақомидаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ташкил этилди. Институт олдига салмоқли вазифалар қўйилди.
Жумладан, институт Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш бўйича фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши белгиланди. Шунингдек, у қонун лойиҳаларини Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқишнинг барча босқичларини мониторинг қилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилаётган қонун ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан экспертлик фикрлари ва хулосаларини тақдим этади.
Ҳуқуқий сиёсат давлат сиёсатини амалга ошириш ва бошқариш шакли ҳисобланар экан, замонавий шароитда муносабатларнинг жадал ривожланиши мамлакат бошқаруви тизимига туб ўзгартиришлар киритаётганининг гувоҳи бўламиз. Жумладан, Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномасида бошқарувнинг мутлақо янги модели, яъни ўз самарасини йўқотган “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага эришишга қаратилган тизимли бошқарувга ўтиш ҳақида сўз юритилди.
Гарчи “қўл бошқаруви” тезкорлик билан ноанъанавий усуллар орқали қарор қабул қилиб, масала ечимига қаратилган бўлса-да, қайсидир йўналиш ёки соҳага салбий таъсир кўрсатиши ва ушбу оқибатлар билан кейинчалик курашиш эҳтимолини пайдо қилади. Яъни “қош қўяман деб кўз чиқариб қўйиш” мумкин. “Қўл бошқаруви”ни буюк француз мутафаккири, миллий маъмурий ҳуқуқ асосчиларидан бири Никола Файоля ҳазиломуз тушунтириб берган. Жумладан, у “Агар раҳбар бир кун ишга келмаса, билингки, айнан ўша унинг барча режалари барбод бўлган кун ҳисобланади”, деган.
Бу билан олим қуйи даражадаги айрим ходимларнинг “қўл бошқаруви”га ҳаддан ташқари мойиллиги, бу эса ташаб бускорликнинг сўниши ва юқоридан топшириқ кутиш ҳолатларига олиб келиши, раҳбар йўқ пайтда ишнинг тизимли давом этмаслиги ҳамда ходимларнинг доимо фавқулодда режимда ишлашига эътибор қаратган. Кўпчиликни ҳуқуқий сиёсат оддий фуқарога нима учун керак, деган савол ўйлантириши мумкин.
Айнан жамоатчилик манфаати нуқтаи назаридан ҳуқуқий сиёсат қатор омилларни таъминлайди.
Биринчидан, ҳуқуқий сиёсат орқали ҳуқуқий майдон (ҳуқуқий олам) юзага келади. унда фуқаро кундалик ҳаётида ҳар қандай ноқонуний аралашув ва хатти-ҳаракатлардан, мансабдор шахслар ва бошқа фуқароларнинг ўзбошимчалиги ҳамда зўравонлигидан ҳимояланади. Барча низо ва можаролар фақат ҳуқуқий йўл ва механизмлар орқали ҳал этилади. қонунда назарда тутилмаган усуллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Иккинчидан, ҳуқуқий сиёсат жамиятни ўзгартиришда муҳим воситадир. Масалан, жамият ривожланиши учун зарур бўлган қонунлар аниқланади ва уларни қабул қилиш бўйича ташаббус кўрсатилади ёхуд бирор-бир ишлаб турган қонун нормаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилади.
Учинчидан, чиқарилаётган қонунларни жамиятда оғриқсиз қабул қилиш ва қўллаш имконини беради. Масалан, бирор-бир муносабатни тартибга солувчи қонун дабдурустдан қабул қилиниши оқибатида аҳолининг муайян тоифаси орасида саволлар пайдо бўлиши мумкин. Бошқача айтганда, айрим қонунларни жамият тайёр бўлмасдан туриб қабул қилишнинг олди олинади. Қонунчилик ҳужжатларининг жамият ҳаётига, орзу-истакларига ҳамоҳанг бўлиши таъминланади.
Тўртинчидан, ҳуқуқий сиёсат ҳуқуқий давлат, жумладан, Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилади. Бунда қонунлар фақат халқ манфаатини кўзлаб қабул қилиниши ва “қонун ҳукмронлиги”га асосланган бошқарувнинг амалиётга татбиқ этилишига эришилади. Бешинчидан, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалаларини ҳал этишда фуқароларнинг бевосита ва билвосита иштироки таъминланади.
Гарчи қонунларни қабул қилиш учун қонунчилик ташаббусига (қонун лойиҳасини Олий Мажлисга киритиш ҳуқуқига) эга бўлган субъектлар рўйхати (Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Бош прокуратура ва бошқалар) Конституцияда қатъий белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳуқуқий сиёсатни шакллантиришда фуқаролик жамияти институтлари (сиёсий партиялар, ҳаракатлар, жамоат бирлашмалари ва ҳоказо) ва фуқаролар (олимлар, турли соҳадаги экспертлар, оддий фуқаролар) кенг иштирок этади.
Ҳуқуқий сиёсат умумдавлат сиёсатининг муҳим таркибий қисми бўлиб, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти билан биргаликда давлат раҳбари томонидан шакллантирилади ва амалга оширилади. Бу жараёнда ҳар қандай сиёсат ҳуқуқий база асосида олиб борилиши, яъни унинг ҳуқуқийлиги таъминланиши керак. Қонуний асосга эга бўлмаган сиёсатнинг қўлланиши эса унинг кучсиз ва заиф бўлишига олиб келади. Шунинг учун ҳам ҳуқуқий сиёсатнинг мавжуд бўлиши давлат ва жамият ривожланиши учун ўта муҳим аҳамият касб этади.
Аниқ стратегик концепциясиз давлат ва жамият муваффақиятли ривожлана олмайди. Кўпгина ривожланган мамлакатларнинг тажрибаси ҳам буни тасдиқлайди. Ҳуқуқни шакллантирувчи ва қўлловчи органлар билан биргаликда ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ўз ўрнига эга бўлади.
Давлатимиз раҳбари олиб бораётган ҳуқуқий сиёсатнинг ўтказгичи сифатида кўплаб ишларни қилиши лозим. Бунда асосий эътибор амалдаги ислоҳотлар учун ишончли ҳуқуқий асос яратиш, мустақил одил судловни кучайтириш, қонунга итоаткор жамиятни шакллантириш ва ҳуқуқий нигилизмни бартараф этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда хусусий мулк дахлсизлигини самарали таъминлаш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш учун самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқишга қаратилади.