Йиғилишда «Йўл харитаси»нинг 1 ва 5-бандлари ижросини таъминлашда Ташқи ишлар вазирлигининг ҳисоботи эшитилди.

Хусусан, Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги БМТ халқаро Кодекси ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси лойиҳаларини аъзо давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ишлаб чиқилиши ва келишишининг ҳолати ҳамда мазкур ташаббусларни илгари суришдаги долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, тадбир давомида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда юқорида қайд этилган БМТ Кодекси муҳокамасига бағишланган юқори даражадаги халқаро конференцияни ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида Ишчи гуруҳ аъзоларига аниқ топшириқлар берилди, вазифалар тақсимоти ва ижро муддатлари белгиланди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.