Хусусан, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси 1-котиби Ареф Саид, Ўзбекистонинг Ҳиндистондаги биринчи элчиси, шарқшунос олим Суръат Мирқосимов, профессор Улфат Муҳибова ҳамда бошқалар сўзга чиқиб, Тагор асарларининг бугунги кундаги аҳамияти бўйича маълумотлар беришди.
Тадбир давомида Рабиндранат Тагор ижодига оид ҳужжатли фильм намойиш этилди. Анжуманда буюк бенгал адиби шеърларидан намуналар ўқилди.
1861-1941 йилларда яшаб ижод этган шоир, Нобел мукофоти лауреати Рабиндранат Тагор Калкутта ва Лондон университетларида ўқиган. 1875 йилдан Англияда чиқадиган «Гянанкур» ва «Бҳарати» журналларида дастлабки шеър, достон ва мақолалари босилган.
Тагор 1884-1911 йилларда «Браҳма Самаж» диний-маърифий жамиятининг котиби вазифасида ишлаган. Ҳиндистон Миллий Конгрессининг 2-конгресси ишларида фаол қатнашган. Унинг «Читра» (1896), «Лаҳза» (1900) шеърий тўпламлари, «Ража ва Раний» (1889), «Қурбонлик» (1890), «Читрангода» (1892), «Малини» (1895) фалсафий драмалари ва «Ҳисоблар» (1891), «Жазо» (1893) каби ҳикояларида ҳинд халқининг инглиз мустамлакачиларига қарши кураши тасвирланган. «Кўзга тушган чўп» (1902), «Ҳалокат» (1905) романлари ва «Бузилган уя» (1903) қиссаси билан бенгал адабиётида маиший-психологик роман жанрини бошлаб берди.
Унинг «Халқ қалби» номли қўшиғи Ҳиндистон Республикасининг, ватанпарварлик ҳақидаги «Менинг олтин Бенгалиям» қўшиғи эса Бангладеш Халқ Республикасининг миллий гимнига айланган. «Гитанжали» («Бахшида қўшиқлар», 1910) шеърий тўплами учун унга нуфузли мукофот берилган.
Тагор 30 йилларда бадиий асарлар билан бир қаторда кўплаб дарсликлар, фалсафа ва дин бўйича илмий рисолалар ёзди, миллий озодлик ҳаракати масалаларини адабиётда янада кенгроқ ёритишга катта эътибор берди, ҳинд шеъриятида янги сиёсий жанрни яратди («Африка», «Будда ихлосмандлари», 1937). Тагор ижоди, ҳозирги бенгал адабий тилининг шаклланишида, шеъриятнинг янги шакл ва мазмун билан бойишида ҳал қилувчи роль ўйнаган. У ўз шеърларига мусиқа басталаб, оммавий қўшиқлар яратган. Асарлари жаҳоннинг кўп тилларига таржима қилинган.
Тагорнинг «Ҳалокат» романи асосида тайёрланган «Ганг дарёсининг қизи» драмаси ва «Почта» пьесаси Ўзбек миллий академик драма театрида саҳналаштирилган. «Ўзбекфильм» киностудиясида «Ганг дарёсининг қизи» фильми яратилган. Шоирнинг 8 жилдли асарлар тўплами ўзбек тилида нашр этилган.
М. Мўминова