Ҳар бир ишнинг амалга ошиш вақти-соати бўлишини, одам зоти қанчалик истасин-истамасин буюрилган кунида юзага чиқишининг неча марталаб гувоҳи бўлганмиз. Ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу икки муҳташам асари – “Маҳбуб ул-қулуб” ва “Муҳокамат ул-луғатайин” таржима қилинмади, бир тилдан бошқа тилга ағдарилмади. Табдил ҳам қилинмади, яъни бир сўз ўрнига бошқа сўз қўйиб чиқилмади. Асарлар баёни ҳам эмас. Биздан узоқлашган отамизга юзимизни ўгирдик, бегоналашган тилимизга кўнглимизни ўгирдик. Ҳазратнинг ҳар бир сўзи тугул ҳар бир ҳарфи, товушини асрашга ҳаракат қилдик. Ҳазрат битиклари билан бегонадай эмас, балки ота-бола, катта ота ва невара гаплашгандай ўқишни неча бир авлод орзу қилиб ўтди. Ушбу асарлар биринчи марта тўлиқ ҳолда ҳозирги жонли тилимизга ўгирилди. Бу сўзсиз, юрт Мустақиллигининг, тил Мустақиллигининг кўркам кўринишидир.
Ушбу жавоҳир буюк шоир ва миллат фахри Алишер Навоийнинг 580 йиллик тўйига муносиб совға бўлишига ҳамда Президентимиз таъкидлаганидай, улуғ бобомизнинг кўнглини халқимизга янада яқинлаштиришга, бу қадрли меросни маънавиятимизнинг ҳаётбахш манбаи ва таркибий қисмига айлантиришга хизмат қилади, деган умиддамиз.
Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Республика бўйича ўтказилаётган “Китоб акцияси” тадбирларида, мактабларга, маҳаллаларга, “Меҳрибонлик уйлари”га, идора ва ташкилотларга совға қилинади.