Мамлакатимизда Давлат бюджети, деган ибора охирги йилларда тез-тез тилга олина бошлади. Одатда, сиёсатчилар, иқтисодчилар орасида қўлланиладиган бу атама ижтимоий ҳаётга, одамлар тилига кўчгани ижобий ҳолат. Чунки давлат бюджети маблағларининг шакллантирилиши ва сарфланиши аҳолини энг кўп қизиқтирадиган масалалардан бири. Аслида ҳам, давлат бюджети ўз номи билан мамлакатнинг иқтисодий фаолиятини белгиловчи омил бўлсада, асосида халқ ва унинг манфаатлари ётади. Шундай экан, фуқаролар мазкур йўналишдаги барча саволларига жавоб олишга тўла ҳақли.

Аммо илгарилари давлат бюджети тўғрисидаги маълумотлар оддий одамлардан сир сақланиб, фақат масъул давлат идораларигагина маълум бўлган. Мамлакатимизда кейинги йилларда бошланган очиқлик сиёсати туфайли мазкур йўналишда ҳам аҳолига барча маълумотларни очиқ-ошкора етказиш йўлга қўйилди. Ҳатто, иқтисодий лойиҳаларни шакллантириш ва жорий этишда халқ фикри, таклиф ва ташаббуслари инобатга олинмоқда. Яқин йилларда ўзига хос тажрибага айланган биргина “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бунинг ёрқин мисоли.

Соҳа мутахассислари томонидан тайёрланган “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ҳам шу мақсадда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга қўшимча тарзда юртимизнинг 2024—2026 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ҳамда давлат бюджети сарфининг назоратига қаратилган Бюджетнома ҳам ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳаси 17 та модда ва 11 иловадан иборат бўлиб, ундан келгуси йилда мамлакатимиз Давлат бюджетининг асосий параметрлари жой олган. Юртимизнинг яқин йиллардаги барча иқтисодий амалиётлари, даромадларидан тортиб, харажатларигача келтирилган. Ушбу таҳлилларга асосланиб, мутахассислар мамлакатимизнинг иқтисодий кўрсаткичлари кейинги йилларда ўсишда давом этишини прогноз қилмоқда. Хўш, бунинг учун қандай чора-тадбирлар белгиланган? Умуман, давлат бюджети қайси мезонлар асосида ишлаб чиқилди ва нималарга сафланади? Шу каби саволлар билан мутасаддиларга юзландик. 

Илҳом НОРҚУЛОВ,

Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари:

— Давлат бюджети мамлакатнинг пул даромадлари ва харажатлари рўйхатини ўзида ифодаловчи асосий молиявий ҳужжат бўлиб, унинг очиқ ва шаффоф бўлиши юрт ривожи, жамият қурилишини такомиллаштириш, ислоҳотлар самарадорлигига эришишда муҳим ўрин тутади. Шу боис, уни ишлаб чиқиш ва назоратини йўлга қўйиш соҳа вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди. Иқтисодий таҳлиллар, кўрсаткичлар эса аниқ рақамлар, ҳисоб-китобларга асосланади. Яъни, биз ижтимоий ҳаётда кўп тилга оладиган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳалари ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устуворликлари, молия йилига мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг муҳим йўналишлари асосида тузилади. Мамлакатимизнинг Давлат бюджети ҳам шунчаки шакллантирилмаган, ҳар бир иқтисодий кўрсаткич, фоиз ва суммалар ўз асосларига эга.

Масалан, кейинги йилда ҳам бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолиниб, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, фан, маданият ва спортни ривожлантириш, муҳтож аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий тадбирлар учун жами Давлат бюджети харажатларининг 48 фоизи ёки 151,4 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Инсон капиталини ривожлантириш харажатларига 102,5 триллион сўм, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш жами харажатлари учун 18,6 триллион сўм, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларига мувофиқ қабул қилинган Давлат дастурлари ва тадбирларни амалга ошириш учун эса 53,1 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Сир эмас, жаҳонда кечаётган ҳозирги геосиёсий вазиятлар шароитида иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини ошириб бориш осон эмас. Бунинг учун, аввало, макроиқтисодий кўрсаткичларни ишлаб чиқиш, бюджет параметрларини шакллантиришда тизимли вазифаларни амалга ошириш зарур. Бу сентябрь ойида қабул қилинган Ўзбекистон — 2030 стратегиясида ҳам назарда тутилган. Хусусан, 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш учун ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ёки аҳоли жон бошига 4 минг долларга етказиш, келгуси етти йилда 250 миллиард доллардан ортиқ инвестицияларни иқтисодиётга йўналтириш учун шароит яратиш, йиллик экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш ва шу каби бошқа асосий вазифалар асосида аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Шу мақсадлардан келиб чиқиб 2024—2026 йилларга учун макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозини ҳам ишлаб чиқдик.

Бунда биринчи вазифамиз макроиқтисодий барқарорликни таъминлашдан иборат. Яъни, иқтисодий тақчилликни босқичма-босқич пасайтириб, ўсиш кўрсаткичларини ошириб боришимиз лозим. Хусусан, 2024 йилда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми 2,5-2,7 минг доллар атрофида бўлиб, 2026 йилда 2,8—3 минг долларга етказилади. Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 6 фоиз, қурилиш ишлари 6,3 фоиз, инвестициялар 6,1 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4 фоиз, бозор хизматлари 14,9 фоиз ва экспорт ҳажми 15 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.

Шу ўринда, иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ниманинг ҳисобига таъминланади, деган савол туғилиши табиий. Албатта, тизимли ислоҳотларни янада фаол давом эттириш ҳисобига. Асосий йўналишлардан биринчиси, иқтисодий тармоқ ва соҳаларнинг барқарор ривожланиши учун зарурий шароитларни яратиш билан боғлиқ. Хусусан, давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш кўзда тутилган.

Иккинчи йўналиш, келаси йилда саноат тармоғида ишлаб чиқариш ҳажмини 6 фоизга оширишдан иборат. Бунда ҳисоб-кистобларимизга кўра, ўтган йилларда бошланган 319 та йирик лойиҳаларни ўз вақтида ишга туширишни вазифа қилиб олганмиз. Учинчи йўналиш бўлса, қишлоқ ва сув хўжалиги тармоғида унумдорликни оширишга қаратилган ислоҳотларни давом эттириш ва соҳадаги муаммоларни бартараф этиш чораларини амалга оширишга қаратилган. Хусусан, ҳудудларнинг салоҳиятини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги ўсиш суръатини 2024 йилда 4 фоиз, кейинги йилларда 4,5-5 фоизга етказиш бўйича чоралар белгиланган.

Тўртинчи йўналиш хизматлар бозорини ривожлантириш орқали 2024 йилда бозор хизматлари ўсишини 14,9 фоизга етказиш билан боғлиқ. Гап шундаки, ҳозирги вақтда хизматлар соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг энг катта салоҳиятга эга йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, янги шаклланиб келаётган йўналишлар, жумладан, алоқа ва ахборотлаштириш, молия хизматлари, транспорт хизматлари ўсиб бориши прогноз қилиняпти. Бунинг учун олдимизда янги имкониятларни очиб бериш вазифаси турибди. Шу боис, келаси йили ўрта ва йирик шаҳарлар, аҳолиси 300 мингдан кўп бўлган туманларда 7,2 мингта савдо сервис объектлари, 2200 та бўш майдонларда кўчма савдо фаолиятини йўлга қўйиш, 600 та янги меҳмонхона, меҳмон уйларини ташкил қилиш кабилар белгиланган. Хизматлар сифатини оширишда транспорт масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилади. Транзит юкларни ташиш ҳажмини 13,7 миллион тоннага, электрлаштирилган темир йўллар улушини 65 фоизга етказиш ишлари кўзланган.

Ниҳоят, бешинчи йўналиш 2024 йилда бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиздан ҳамда келгуси йилларда 3 фоиздан оширмаслик бўйича бюджет интизомини кучайтиришга қаратилган. Жорий йил 9 ойи маълумотларига кўра, мамлакатимизда давлат бюджети тақчиллиги 6 фоизга яқинлашган. Бу аҳолининг ижтимоий қатламини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча маблағлар сарфланиши ва бошқа омилларга боғлиқ бўлиб, бу йил охирида ҳам шундай кўрсаткич сақланиб қолади, дегани эмас. Чунки харажатлар ва даромадлар мавсумий характерга эга ва бюджет тақчиллиги ҳам ўзгариб туради.

Бироқ буни ўз ҳолича ташлаб бўлмайди, назоратга олиш лозим. Бюджет маблағлари самарадорлигини ошириш учун, биринчи навбатда, уларни режалаштириш чоралари кўриляпти. Жорий йилда натижага йўналтирилган бюджет тизими асосида мақсадли индикаторлар шакллантирилиб, Бюджетнома эълон қилинди. Унда барча вазирлик ва идораларга ажратилган маблағлар нималарга йўналтирилиши бўйича аниқ рақамлар келтирилган. Масалан, соғлиқни сақлаш тизимида ажратилаётган бюджет маблағлари ҳисобидан нечта бемор даволанади, нечта фуқарога ёрдам кўрсатилишигача келтирилади. Йил давомида ушбу кўрсаткичларнинг самарадорлиги ва натижаси бўйича ҳисоботларни олиб, жамоатчиликка эълон қилиб бориш режалаштириляпти.

 (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 03.11.23 й, 229-сонида эълон қилинган)