Ҳозирги кунда олий таълим муассасамизда 8 та факультет ва 63 та кафедра фаолият олиб бормоқда. Уларда 64 та бакалавриат йўналишида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида, шунингдек, 71 та магистратура мутахассисликлари бўйича, жами 20848 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улар учун 1100 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар асосий штатда ва ўриндошлик асосида республикамизнинг етакчи ташкилотлари, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг малакали ходимлари машғулотлар ўтказади.
Университетимиз ана шундай салоҳиятга эга. Лекин, иқтисодиёт шиддат билан ривожланиб бораётган бир пайтда ҳар қандай олий ўқув муассасаси замон билан ҳамқадам бўлмаса, меҳнат бозоридаги таркибий ўзгаришларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлай олмаса, тараққиётдан чеккага чиқиб қолиши мумкин. Айниқса, саноат ишлаб чиқаришининг “драйвер” корхоналарига борадиган университетимиз ёшларида инновацион технологияларнинг “юрак уриши”ни ҳис этиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш кун тартибидаги бош масалага айланмоқда.
Президентимиз ўтган йил декабрь ойи охирларида Қашқадарё вилоятидаги “Uzbekistan GTL” заводининг очилиш маросимидаги нутқида Янги Ўзбекистон ёшлари миллий саноатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, бу йўлда “олтин фонд”имизга айланишини таъкидлар экан, нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берган эди. Улар ижроси соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этишга, унинг фаолиятини замонавий стандартлар даражасида ташкиллаштиришга замин яратади. Шу боис айни пайтда Тошкент давлат техника университети, Тошкент кимё-технология институти, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти мазкур мажмуа билан ўзаро интеграциясини янада такомиллаштириш бўйича ишларни бошлаб юборди.
Маълумки, мамлакатимизда ЮНЕСКО томонидан жорий этилган “Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси” ҳамда “ТХСК: Таълим ва касбий тайёрлаш соҳалари” асосида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим стандартлари қайта ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Айни кезда академик эркинликни жорий этиш ва ортиқча меъёрлаштиришни қисқартириш мақсадида олий таълимнинг 26 та таълим соҳаси бўйича давлат таълим стандартлари бекор қилинди. Айни пайтда тизимида фақат “Олий таълимнинг давлат таълим стандарти. Асосий қоидалар” ва “Олий таълимнинг давлат таълим стандарти. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори” деб номланган стандартлари қолдирилди. Кўрилаётган бундай чоралар олий таълимнинг меъёрий-услубий тизимини халқаро стандартларга мувофиқ шакллантиришга ва пировардида унинг жаҳон таълим маконига тўлиқ интеграция қилинишига йўл очади.
Мамлакатимизда олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги рўйхатига киритиш ва тизимда ўқув жараёнининг 85 фоизини кредит-модуль тизимига ўтказиш вазифаси қўйилган.
Нега айнан кредит-модуль тизимини жорий этишга катта аҳамият қаратиляпти? Чунки, таълимни ташкил қилишнинг ушбу жараёни дарс машғулотларини нафақат ўқитишни инновацион таълим технологиялари асосида олиб боришни, балки талабадан мустақил ўқиб-ўрганиш, таълимга янгича муносабатда бўлиш, меҳнат бозори талабидан келиб чиқиб, зарурий ва чуқур назарий билимларни эгаллашга, амалий кўникмаларни ўзлаштиришга ўргатишни тақозо этади.
Ана шу жараёнларни шакллантириш бўйича Тошкент давлат техника университетида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Университетда кадрлар буюртмачилари бўлган ишлаб чиқариш корхоналари ва иқтисодиёт тармоқларининг талаблари инобатга олинган ҳолда, охирги 3 йилда янги 18 та бакалавриат таълим йўналиши ва 12 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Бу борадаги барча меъёрий ҳужжатлар (ўқув режа, малака талабалари ва фан дастурлари) кредит-модуль тизимида тайёрланди ва ва ўқув жараёнига татбиқ этиляпти. Ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларида мутахассислик кафедраларининг 52 та филиали ҳам ташкил этилиб, уларда ҳам дарс жараёнлари янги тизимда олиб бориляпти. Шу ўринда қайд этиш жоизки, ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган.
Халқаро ҳамкорликка келганда, Хитой Халқ Республикаси, Беларусь Республикаси, Россия Федерацияларининг 5 та ОТМлари билан жами 11 та таълим йўналиши ва 4 та магистратура мутахассислиги бўйича қўшма лойиҳа йўлга қўйилганлигини қайд этиш жоиз бўлади. Уларда 200 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
Такомиллаштирилган фан дастурларига таянган ҳолда, охирги 3 йилда 500 номдаги янги ўқув адабиётлари (дарслик, ўқув қўлланма, ва ўқув-услубий кўрсатмалар) яратилди. Университетда моддий техника базасини яхшилаш мақсадида 11 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар ҳисобига 27 номдаги лаборатория жиҳозлари харид қилинди. Дарс жараёнларининг самарадорлигини ошириш мақсадида 15 дан ортиқ ўқув аудиториялари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида жиҳозланди. Талабаларнинг замонавий лабораторияларда машғулотлар олиб боришида университет ҳудудида ташкил этилган технопарк ҳам катта таянч бўляпти.
Жаҳон банкининг “Халқаро ривожланиш ассоциацияси ва Олий таълим вазирлиги билан йўлга қўйилган ҳамкорликкка асосан, 2018 йилдан буён “Ички сифатни таъминлаш (Internal Quality Assurance)” йўналиши бўйича Shbeeman consulting агентлиги томонидан республикамиздаги 6 та олий ўқув муассасаси танлаб олинган. Улар томонидан хорижий етакчи экспертлар кўмагида мутахассислар малакасини ошириш ва ички таълим сифатини таъминлаш бўйича мастер-класслар, семинарлар ташкил этиб келиняпти. Тошкент давлат техника унвиверситети ҳам улар сафида бўлиб, бу ерда Бельгиянинг Гент университети профессори Люсиен Боларт сифатни таъминлаш масаласига бағишланган онлайн-тренинглар ўтказиб келмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида танлаб олинган олий таълим муассасалари 2022 йилда ички аттестациядан ҳамда келгусида халқаро аккредитациядан ўтиши режалаштирилган.
Университетимизда ректор маслаҳатчиси ва проректор лавозимида Япониянинг Нагоя университети профессори К.Нишияма иш олиб боряпти. Хорижлик мутахассис мавжуд таълим йўналишларидан 5 тасини танлаб олган. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, чет эллик мутахассисларни жалб этган ҳолда, талабаларнинг тил билиш даражаси ва математика фанидан билим, кўникмаларини синовдан ўтказиб, уларнинг100 га яқинига Нагоя университети ўқув дастури бўйича таълим бермоқда. Бу университетимизда ёш ва билимли мутахассисларга Япония тажрибаси асосида сабоқ бериш учун қўшма факультет ташкил этиш имконини беради.
2017-2021 ўқув йиллари давомида Тошкент давлат техника университетидан жами 247 нафар профессор-ўқитувчи ҳамда 265 нафар талаба ривожланган ва жаҳоннинг ТОП-1000 талигига кирган олий таълим муассасаларида малака ошириш, стажировка ва академик алмашинув дастурларида иштирок этди. Шу даврда 341 нафар чет эллик профессор-ўқитувчи ва мутахассислар онлайн ҳамда офлайн тарзда университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-магистрларига маҳорат дарслари ўтди ва маърузалар ўқиди. Сўнги 2 йилда 104 та илмий-тадқиқот ишлари, жумладан: 2020 йилда 48 та (42 PhD, 6 DSc) ва 2021 йилда 56 та (48 PhD, 8 DSc) илмий даражалар учун диссертациялар ҳимоя қилинди.
Яқинда “Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари олий таълим муассасаларининг (QS World University Rankings: Emerging Europe and Central Asia) 2022 йилги рейтинги” эълон қилинди. Қувонарлиси, Ўзбекистонда QS минтақавий рейтингида қайд этилган университетлар кетма-кет иккинчи йил ўз ўрнини янада мустаҳкамлади ва юқорироқ поғоналарга кўтарилди. Университетимиз ҳам QS рейтингида академик сўровнома, иш берувчиларнинг баҳоси ва илмий салоҳияти, нуфузли хорижий нашрлардаги мақолалари, уларга бўлган иқтибослар каби мезонларда ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари олий таълим муассасалари ўртасида ижобий натижаларни қайд этиб, 351-400 ўринлар оралиғидан жой олди.
Агар 2021 йилда QS рейтинг агентлиги томонидан олий ўқув муассасаларимиз фақатгина 2 та мезон бўйича баҳоланган бўлса, 2022 йилда барча мезонлар (10 та) асосида эътироф этилди. Бу эса университетнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.
Ҳозирги кунда республикамизда фаолият юритаётган техника соҳасидаги олий таълим муассасаларининг асосий мақсади ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотлари учун юқори салоҳиятга эга бўлган рақобатбардош кадрларни тайёрлашдан иборатдир. Тошкент давлат техника университети ҳам ўзининг бу борадаги устувор вазифаларини белгилаб олган, таълим тизимидаги ислоҳотлар ва трансформация жараёнида самарали натижаларга эришиш мақсадида дадил одимламоқда.
Орифжон ЗАРИПОВ,
Тошкент давлат техника университети проректори,
техника фанлари доктори, профессор