Пандемия барча мамлакатлар иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатаётган бир пайтда қайсидир тармоқларда пастлаш, бошқа бирларида эса инқироз ҳолатларининг кузатилиши табиий. Юртимизда бу борада кўрилган қатъий чора-тадбирлар ана шундай жиддий йўқотишларнинг олдини олишга хизмат қиляпти. 2021 йилнинг дастлабки уч ойида ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизга ошиши бунинг амалий тасдиғи ҳисобланади.

Бу ҳақда жорий йилнинг 12 май куни Президент иштирокида макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди. Шунингдек, мазкур даврда саноат — 3,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги — 3,1 фоизга ўсгани ҳам таъкидланди.

Биринчи чоракнинг макроиқтисодий таҳлилларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти кучли ўсиш траекториясига қайтмоқда. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши кузатилди. Дастлабки уч ойда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотлари кўрсаткичлари 2020 йил биринчи чорагига нисбатан бироз пастлаганига қарамай, 3,1 фоиз ўсиш билан якунланди.

Бунда қайта ишлаш соҳасидаги 4,6 фоиз юқорилаш, электр энергияси, газ, буғ ва кондиционерлик соҳасидаги ишлаб чиқаришнинг 2020 йилнинг биринчи чорагидаги 7,9 фоиздан жорий йилнинг мос даврида 10,1 фоизни ташкил этганлиги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 3,8 фоизга ошишига хизмат қилди.  

Мазкур даврда қурилиш сектори 0,5, хизмат кўрсатиш соҳаси 5,8, транспорт соҳасида юк айланмаси 2,8 фоизга ўсиши кузатилди. Йилнинг дастлабки уч ойида чакана савдо ҳажми ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан (3,8 фоиз) бироз пасайган ҳолда, 2,8 фоизга юқорилади.

Барча имкониятлар яратиб берилаётганига қарамай, айрим тармоқларда етарли кўрсаткичга эришилмагани ҳам кўзга ташланмоқда. Хусусан, биринчи чоракда “Ўзавтосаноат”да ишлаб чиқариш ҳажми 40 фоизга, “Ўзбекнефтгаз”да 4,7 фоизга, чарм маҳсулотлари 10 фоизга пасайган. Давлатимиз раҳбари йиғилишда мутасаддиларга “сўнгги бир йилда дори-дармон ва тиббиёт буюмларига эҳтиёж кескин ошса-да, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш 22 фоизга камайишини қандай изоҳлаш мумкин?”, дея савол берди. Вазирлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, тармоқ ва банк раҳбарларига май-июнь ойларида биринчи навбатда асосий энергоресурслар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Ҳамкор мамлакатларда аҳвол қандай?

Бугун мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиши узоқ-яқиндаги бошқа давлатларнинг тараққиётига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. Бу барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари натижасида мамлакатга кириб келадиган пул маблағларида яққолроқ кўзга ташланади. Пандемия қўшни мамлакатлар ҳамда йирик савдо шерикларимиз иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Хусусан, Қозоғистон ЯИМ биринчи чоракда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 фоизга камайган бўлса, Қирғизистон иқтисодиётидаги турғунлик давом этаяпти. Россия ЯИМда эса, мазкур даврда тахминан 1,8 фоизга пасайиш кузатилган. Бу борада Хитой иқтисодиётида рекорд даражада ўсиш суръати (18,3 фоиз) қайд этилди. Мамлакатда 2020 йилнинг тўртинчи чорагида ЯИМ ўсиши 0,6 фоизни ташкил этган эди.

Дунёдаги вазият юртимиз иқтисодиётига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаяпти. Пандемия сабабли хорижий сармоялар камайишда давом этмоқда. Бироқ, бу пасайиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада — 11,2 фоиздан 3,5 фоизгача секинлашди. Бунда асосан марказлаштирилган инвестициялар камайиб бормоқда.

Aксинча, марказлаштирилмаган инвестициялар улушида 13,6 фоиз ўсишга эришилди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 30,6 фоизга, аҳоли ҳисобидан инвестициялар 20 фоизга ошди.

Ташқи савдодаги ҳолатлар динамикаси

Жиддий инқироз ташқи савдога ҳам таъсир кўрсатишда давом этяпти. Таҳлилларга кўра, юртимизда биринчи чоракда ташқи савдо айланмаси ҳажми 11,6 фоизга камайиб, 7,1 миллиард долларни, импорт эса 1,3 фоизга пастлашиб, 4,7 миллиард долларни ташкил этди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йилнинг биринчи чорагида олтин 1 миллиард долларга сотилиб, экспорт таркибининг қарийб 30 фоизини ташкил этган бўлса, жорий йил бошида олтинсиз экспорт ҳажми 2,4 миллирд долларга етди. Демак, олтинни ҳисобга олмаганда, товар ва хизматлар экспорти биринчи чоракда 6 фоизга ошган.

Экспорт таркибида озиқ-овқат маҳсулотларини хорижга етказиб бериш ҳажми 18,4 фоиз, кимёвий маҳсулотлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар 21 фоиз, рангли металлар 58 фоиз, машиналар ва ускуналар 58 фоиз, тўқимачилик ва тўқимачилик маҳсулотлари 37,8 фоизга ўсиши кузатилди. Шунинг баробарида, энергия ва нефт маҳсулотлари экспорти 53,1 фоиз, қора металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар 22,7 фоиз, хизматлар 25,7 фоизга пасайгани қайд этилди. Шу боис, йиғилишда биринчи ярим йилликда экспорт ҳажмини 5,2 миллиард долларга етказишни таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Импорт борасида ҳам сезиларли тафовутлар кўзга ташланмоқда. Хусусан,  хорижий мамлакатлардан озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш 48,4 фоиз, кимёвий маҳсулотлар 13,3 фоиз, қора металлар ва улардан ишланган маҳсулотлар 13,3 фоизга ўсган бўлса, машина ва ускуналар импорти 16,1 фоиз, энергия ташувчилар ва нефт маҳсулотлари 2,2 фоиз, хизматлар 20,4 фоизга камайди.

Шундай қилиб, биринчи чорак якунларига кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига глобал инқирознинг таъсири сезилмоқда. Лекин  ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан иқтисодиётнинг қатор тармоқларида ўсиш суръатлари бўй кўрсатяпти. Мураккаб шароитга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти инқирозгача бўлган динамикага қайтишга фаол интилмоқда.

Руслан AБАТУРОВ,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти