Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари мазкур мурожаатни ўрганганида, фуқаро авиачиптани Қува туманида жойлашган “OMADLI YURT FAROVONLIGI” МЧЖга қарашли авиачипталарни сотиш шохобчасидан 4 миллион 50 минг сўмга харид қилгани маълум бўлди.
2022 йилнинг 22 март куни "S7 Airlines" авиакомпанияси борти билан Наманган халқаро аэропортидан Россиянинг Иркутск шаҳрига амалга оширилиши керак бўлган парвоз истеъмолчига номаълум сабабга кўра қолдирилгач, у чипта учун тўланган пулни қайтариб олиш ҳаракатига тушган, лекин шу кунга қадар ҳаракатлари самарасиз кетган.
– Мурожаатни ўрганиш доирасида “OMADLI YURT FAROVONLIGI” МЧЖ раҳбар ва масъул ходимларига Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари бўйича тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Ўрганиш ишлари якуни билан эса амалга оширилмаган авиарейс чиптасининг пули истеъмолчига тўлиқ қайтарилишига эришилди, – деди Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Адҳамжон Ҳамидов.