“Инсоният ҳар йили 2 миллиард тоннадан ортиқ қаттиқ маиший чиқиндилар чиқармоқда. Чириган озиқ-овқат, пластик идишлар, кимёвий моддаларга тўла электроника ва бошқа кўп нарсалар бизнинг сувимиз, еримиз ва ҳавомизни ҳисобга олмасдан чиқиндихонага ташланмоқда.
Чиқиндиларнинг парчаланиши оқибатида атмосферага иссиқхона газлари чиқарилади, бу эса глобал исиш, сув ва тупроқни заҳарланиши, соғлиққа зарар етказилиши, бутун дунё бўйлаб касалликлар ва ҳатто ўлимга олиб келади”, дейилади Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг “Чиқиндисиз дунё учун” халқаро куни муносабати билан йўллаган мурожаатида.
Чиқиндилар билан боғлиқ бундай рақамлар, глобал экологик муаммолар дунё ҳамжамиятидан бу борада кечиктириб бўлмайдиган чорларни кўришни, замонавий ёндашувларни ҳаётга татбиқ этишни тақозо этмоқда. Бироқ, ҳамма давлатлар ҳам мазкур муаммони ҳал қилиш учун етарли даражада иқтисодий, ва техник имкониятларга эга эмас. 2,7 миллиард одам бундай чиқиндиларни йиғиш хизматларидан фойдалана олмайди. Мазкур чиқиндиларнинг атиги 61-62 фоизи махсус объектларда қайта ишланади, холос.
Чиқиндининг “умри узоқ”
Чиқиндиларнинг экологияга етказадиган салбий таъсирини тасаввур қилиш учун аввало уларнинг қанча вақтда парчаланиши ҳақидаги маълумотларга эътибор қаратайлик. Кўпчилик одамлар чиқиндилар қанча йиллар давомида парчаланишини ва улар табиатга қандай тиклаб бўлмас зарар етказишини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайди. Ҳолбуки, айрим чиқиндиларнинг парчаланиши учун минглаб, ҳатто миллионлаб йиллар талаб этилади. Сараланмаган чиқиндиларни чиқиндихонага ташлаб, инсон ўзининг муаммосини ҳал қилади яъни уйидаги чиқиндидан халос бўлади. Аммо бу экологияга жиддий хавф солади.
Бугунги кунда дунё бўйлаб пластик буюмлар жуда кенг тарқалган. Пластик парчаланиши жуда кўп вақт талаб қиладиган чиқинди турларидан биридир. Одатда, пластик буюмларнинг парчаланиш муддати 1000 йилгача етиши мумкин. Кундалик ҳаётимизда тез-тез ишлатиладиган елим пакетлар 100 йилдан 1000 йилгача, елим идишлар эса 450 йил ва ундан ортиқ вақтда парчаланади.
Альюминий идишлар 500 йилдан ортиқ вақт ичида емирилади. Ҳозирги кунда бу турдаги чиқиндилар сайёрамизда кенг тарқалган. Альюминий идишлар заҳарли бўлиб, парчаланиш жараёнида содир бўладиган оксидланиш оқибатида зарарли моддалар ажралиб чиқади.
Шиша, одатда, қайта ишлаш учун жуда қулай материал ҳисобланади, чунки у табиий хомашё – қумдан тайёрланади. Шиша буюмларни эритиш орқали янги шиша ишлаб чиқариш мумкин. Аммо ҳайратланарлиси шундаки, агар шиша чиқиндилар полигонларига ташланса, у миллион йил давомида парчаланади.
Озиқ-овқат чиқиндиларининг парчаланиш вақти маҳсулот турига боғлиқ. Улар тахминан бир ой давомида парчаланади.
Бу қайта ишлашга юборилмаган чиқиндилар қуруқлик ёки сув ҳавзаларига тушиб, атроф-муҳитга узоқ йиллар зарар етказишини, экологик фалокатни юзага келтириши мумкинлигини англатади.
Океанларда қанча пластик чиқинди бор?
Ҳар йили 19 – 23 миллион тонна пластик чиқиндилар сув экотизимларига кириб, кўллар, дарёлар, денгизлар ва океанларни ифлослантирмоқда. Пластик чиқиндилар муаммоси яшаш жойлари ва табиий жараёнларни ўзгартириши, экотизимларнинг иқлим ўзгаришига мослашиш хусусиятини камайтириши, миллионлаб одамларнинг турмуш тарзи, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва ижтимоий фаровонлигига бевосита таъсир қилиши мумкин.
Бугунги кунда платик чиқиндилар нафақат сайёрамизнинг қуруқлик қисмида, балки сув ҳавзаларида ҳам экологик мувозанатнинг бузилишига олиб келяпти.
Австралиянинг CSIRO миллий илмий агентлиги ва Торонто университети (Канада) олимлари дунё океани тубида қанча пластик чиқиндилар тўпланганини аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказди. Натижалар чиқиндиларнинг умумий миқдори 11 миллион тоннага етиши мумкинлигини кўрсатди.
Ҳар дақиқада бир юк машинаси ҳажмидаги пластик океанга ташланади. 2040 йилга келиб дунё бўйлаб ишлаб чиқариладиган пластик маҳсулотлар миқдори икки баравар кўпайиши кутилмоқда, бу эса ифлосланиш муаммосини янада кучайтиради.
Олимларнинг таъкидлашича, пластик чиқиндиларнинг катта қисми қитъалар атрофида тўпланади. Чиқиндиларнинг тахминан ярми (46 фоиз) 200 метрдан камроқ чуқурликда жойлашган. Қолган 54 фоизи эса 200 дан 11 минг метргача чуқурликда тўпланган.
Ривожланган мамлакатлар тажрибаси
Германия чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича 68 фоизлик кўрсаткич билан дунёда етакчилик қилмоқда: ҳосил бўлган 52,8 миллион тонна чиқиндиларнинг 35,9 миллион тоннаси қайта ишланади, 31 фоизи энергия ишлаб чиқариш учун ёқилади, фақат 1 фоизи чиқиндихонага ташланади. Германия бундай натижага қандай эришмоқда, деган савол туғилиши табиий. Гап шундаки, мамлакатда 1991 йилдан буён чиқиндиларни турига қараб 6 та контейнерда (органик чиқиндилар, қоғоз, рангли шиша, пластик/металл, умумий чиқиндилар) алоҳида йиғиш тизими жорий қилинган. Аҳолининг бу борадаги иштироки 82 фоизни ташкил этади. Ўша йилдан бери “Der Grüne Punkt” тизими амал қилмоқда – ишлаб чиқарувчилар қадоқларни қайта ишлаш учун маҳсулот қийматининг 1-2 фоизи миқдорида тўловни амалга оширишади. Мамлакат катта инфратузилмага эга: 98 та чиқиндиларни ёқиш заводи, 1850 та чиқиндиларни саралаш мажмуаси, 12 400 та чиқиндиларни қайта ишлаш компанияси фаолият юритади. Қайта ишлаш саноатига йилига 18 миллиард евро инвеститция жалб қилинади. 280 000 киши мазкур соҳада ишлайди.
Қоидабузарликлар учун катта миқдордаги жарималар қўлланилиши ва саралаш учун солиқ имтиёзлари, юқори даражадаги қайта ишлаш кўрсаткичларига эришилаётгани чиқиндихоналарга қамроқ чиқинди ташланишига имкон бермоқда. Кўрилаётган чоралар ўз самарасини бераётгани учун Германия модели бошқа давлатлар томонидан фаол ўрганилмоқда.
Дунё бўйлаб бошқа мамлакатлар ҳам чиқиндилар муаммосига ечим изламоқда ва улар чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш борасида ўзига хос ёндашувларга эга. Дейлик, АҚШда ҳар йили тахминан 82 миллион тонна чиқинди қайта ишланади. Бу мамлакат бўйлаб йиғиладиган чиқиндиларнинг учдан бир қисмидир. Қолганлари полигонларга кетади ёки ёқилади. Сўнгги 10 йил ичида қайта ишлаш ҳажми икки баравар ошди. Маҳаллий ҳокимият органлари махсус лойиҳаларни молиялаштирмоқда. Аҳолига қайта ишланиши мумкин бўлган материаллар рўйхати тақдим этиляпти. Масалан, одамлар қоғоз, картон, шиша, альюминий, пластикни ўзлари саралаб, махсус идишларда қолдиришади. Каттароқ нарсалар, масалан, мебель ва қурилиш материаллари учун алоҳида йиғиш пунктлари мавжуд. Америкаликлар, шунингдек, маиший техника, лампалар, шиналар ва поябзалларни хайрия қилишлари мумкин. Кийим-кечак кўпинча хайрия ташкилотларига топширилади. Бироқ, баъзи шаҳарларда турли хил тизимлар мавжуд. Мисол учун, Сан-Франсискода аҳоли чиқиндини сараламайди. Бу заводдаги ишчилар ва машиналарнинг иши. Замонавий технологиялар йиғилган чиқиндиларнинг 90 фоизини қайта ишлатиш имконини беради.
Жанубий Корея чиқиндиларни, айниқса, озиқ-овқат чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича дунёда етакчилардан ҳисобланади. Мамлакатда чиқиндиларни саралаш бўйича қатъий тизим мавжуд: одамлар пластик, шиша, қоғоз, металл ва озиқ-овқат чиқиндиларни алоҳида саралаб олишади. Қоидани бузганлар 50 доллардан 1000 долларгача жаримага тортилади. Ҳар бир фуқаро чиқиндини ташлашдан олдин уни тарозига тортади ва қайта ишлаш учун оғирлигига қараб пул тўлайди. Бу одамларни чиқиндиларни камайтиришга ундайди. Бугунги кунда Жанубий Корея ўз чиқиндиларининг 60 фоизга яқинини қайта ишлайди ва 10 фоиздан камроғи чиқиндихоналарга юборилади. Бироқ, мамлакатда чиқиндилар ҳажми ортиб бормоқда ва қайта ишлаш қуввати етарли бўлмаяпти. Шу боис, расмийлар бу борада янги ечимлар изламоқда.
Францияда ҳам АҚШдаги каби узоқ вақтдан бери чиқиндиларни алоҳида йиғиш амалиёти йўлга қўйилган. Чиқинди қутилари ранг билан ажратилади: шиша оқ қопқоқли контейнерга, қайта ишланадиганлари сариқ контейнерга ва оддий сараланмаган чиқиндилар жигарранг қутига ташланади. Чиқиндиларни ажратиш қоидаларини бузганлик учун жарима солинади: ҳар хил турдаги чиқиндиларни битта чиқинди қутисига ташлаш 80 доллар, мебель ёки жиҳозларни белгиланмаган жойда қолдириш 175 долларгача жарима қўлланилишига сабаб бўлиши мумкин. Қайта фойдаланиш маданияти ҳам ривожланмоқда: Парижда жиҳозлар, кийим-кечак, ўйинчоқлар ва бошқа товарларни қабул қиладиган, таъмирлайдиган ва қайта сотадиган марказлар очилди. Мамлакатда 2 миллион тоннадан ортиқ қайта ишланадиган материаллар ишлаб чиқарадиган 300 га яқин завод мавжуд. Кўрилган чоралар туфайли сўнгги ўн йилликда чиқиндихоналар сони 6000 тадан 230 тагача камайди.
“Беш қўл баравар эмас”
Бир марталик товарлар ишлаб чиқариш, чиқиндиларни бартараф этишдаги самарасиз ёндашувларнинг мавжудлиги, айниқса юқори даромадли мамлакатларда иқтисодий ўсиш ва аҳоли сонининг ошиб бораётгани туфайли ортиқча ишлаб чиқариш катта ҳажмдаги маиший ва саноат чиқиндиларининг юзага келишига олиб келмоқда. Қолаверса, чиқиндиларни қайта ишлаш имконияти барча мамлакатда бир хил эмас. Мамлакатларнинг иқтисодий салоҳияти, инфратузилмаси ҳар хил. Ривожланган давлатларда чиқиндиларни қайта ишлаш саноати ривожланган. Камбағал давлатлар бу борада мақтана олмайди. Табиийки, мазкур мамлакатларда чиқиндиларнинг аксарият қисми қайта ишланмай, чиқиндихоналарга ташланмоқда. Бу эса экологик муаммоларга сабаб бўляпти.
Масалан, Либерияни олайлик. Мамлакат пойтахти Монровияда вазият жуда оғир. Кўчалар, соҳил бўйлари ва канализация тизимлари чиқиндилар билан тўлган. Чиқинди уюми чивинларнинг кўпайиши ва безгак тарқалишига олиб келмоқда. Қирғоқдаги пластик чиқиндилар океанни ифлослантиряпти. Чиқинди ташиш машиналари етарли эмас, чиқиндилар тартибсиз йиғилади ва уларни қайта ишлаш заводлари йўқ. Либериядаги чиқиндилар муаммоси қашшоқлик, инфратузилманинг йўқлиги ва ҳал қилинмаган санитария муаммоларининг оқибатлари билан боғлиқ бўлган мураккаб инқироз бўлиб, тизимли ечимларни талаб қилади.
БМТ атроф-муҳитнинг чиқиндилар воситасида ифлосланишига қарши курашиш учун глобал миқёсда дадил чоралар кўришга ундамоқда, бунда айланма иқтисодиётга ўтиш, ишлаб чиқаришда инновациялар, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш ва чиқиндиларга муаммо сифатида қарамасдан, уларни қимматли ресурсга айлантириш учун ишлаб чиқарувчиларнинг масъулиятини оширишга чақирмоқда.
“Корхоналар ишлаб чиқараётган маҳсулотларига бўлган ёндашувини қайта кўриб чиқиши, тўғри чиқиндихонага борадиган қадоқлаш материалларини минимал даражага тушириши ҳамда маҳсулотларнинг чидамлилиги ва фойдаланиш муддатини имкон қадар ошириши керак. Истеъмолчилар эса сотиб олаётган товар ва буюмлари ҳақида жиддий ўйлаб кўриши ва имкон қадар уларни қайта ишлашга топшириши ёки қайта фойдаланиши лозим. Ҳукуматлар барча даражаларда ресурсларнинг тугаб бориши ва уларни бошқариш муаммоларини ҳал этиш имконини берувчи айланма иқтисодиётни ривожлантириши, шунингдек, чиқиндиларни қайта фойдаланиш, қайта ишлаш, тиклаш ва чиқиндилар ҳосил бўлишининг олдини олишни қамраб олган замонавий чиқиндиларни утилизация қилиш дастурларига сармоя киритиши шарт. Шу билан бирга, жаҳон ҳамжамияти бирлашиб, пластик билан ифлосланишга барҳам беришга қаратилган, ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий кучга эга бўлган халқаро шартномани тайёрлаш устида иш олиб бориши зарур”, дея муаммога ечим бўла оладиган таклифларни илгари сурди Антониу Гутерриш.
Ҳа, чиқинди муаммоси бутун инсоният келажагига дахлдор глобал муаммодир. Афсуски, дунё миқёсида чиқиндилар ҳажми кескин ошиб бормоқда, улар керакли миқдорда утилизация қилинмаяпти. Бу эса атроф-муҳит ифлосланиши, иқлим ўзгаришига сабаб бўлиб, одамлар саломатлигига жиддий зарар етказмоқда. Мазкур муаммони ҳал этиш учун жаҳон ҳамжамияти ҳамжиҳат ҳаракат қилиши, тез фурсатда замонавий ёндашувларларни ҳаётга татбиқ қилиши, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ривожлантириши талаб этилади.
Шаҳзод Ғаффоров,
“Yuz.uz” шарҳловчиси