XIII асрда бутун жаҳон харитасининг ўзгаришига сабаб бўлган мўғул босқини даврида ўзбек халқининг миллий қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди ҳам 1221-1224 йиллар давомида ҳозирги Покистон ҳудудларида ҳукмронлик қилиб, ўлканинг сиёсий, ижтимоий-маданий ҳаётига таъсир кўрсатди. Султон Жалолиддин томонидан минтақада барпо қилинганлиги айтилаётган Самарқанд қалъаси, Карачи яқинидаги масжид ўша даврдаги Султоннинг фақатгина сиёсий ҳукмдор эмас, бунёдкор шахс сифатида ҳам гавдаланишиги хизмат қилади. Карачидаги қадимги Дебал шаҳри ўрнида барпо қилинган Султон Жалолиддин масжиди Жанубий Осиёнинг жанубидаги энг биринчи мусулмон масжиди эди. Бу албатта Покистонда истиқомат қилувчи 200 миллиондан ортиқ мусулмон аҳоли учун Жалолиддин Мангуберди сиймосига нисбатан катта қизиқиш ва ҳурматнинг тарихий асосларидан биридир.
Покистонда биргина Жалолиддин Мангуберди тарихига оид ўнлаб тадқиқот ишлари қилинган, Насим Ҳижозийнинг “Сўнгги қоя” асари эса 100 000 дан ортиқ нусхада чоп қилинган. Икки минтақанинг ҳамкорлик тарихи шу билан чекланиб қолмайди. Жанубий Осиёга Заҳириддин Муҳаммад Бобур бошчилигидаги темурийларнинг кириб келиши Марказий Осиёнинг Жанубий Осиё ҳаёти билан боғлиқликни янада оширган. Ваҳоланки, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари урду тилига бир неча маротаба таржима қилиниб, Покистонда севиб мутолаа қилинувчи китобга айланган. Бундай асарлардан яна бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қизи Гулбаданбегим қаламига мансуб “Хумоюннома” асаридир.
Марказий Осиёнинг, хусусан, Ўзбекистоннинг Покистон билан умумий илдизи шунчалар чуқурки, бу уйғунлик халқнинг номдошлигида ҳам, қондошлигида ҳам акс этиши мумкин. Зотан, покистонлик олим Муҳаммад Изҳор ул-Ҳақ айтганидек, “Покистон халқининг аксарият кўпчилик қисми ўзбек халқининг тўғридан-тўғри авлодлари ҳисобланадилар. Уларнинг кўпчилик қисми уламо, дин арбоблари, сўфий, сипохий ва савдогарларнинг наслидан бўлиб, замоннинг зайли билан Покистонга кўчиб келганлар ва қўним топганлар. Миллионлаб покистонликлар ўз исми ва насабларини Бухорий, Самарқандий, Термизий, Ўзбек, Бег, Мирзо, Чиғатой, Барлос номлари билан атаганлар. Кўплаб покистонликларнинг аждодлари мўғуллар даврида ва ундан кейин шу ерларга келиб қолганлар. Ўзбеклар уруғининг дастлабки негизи Жалолиддин Мангберди Синд дарёсидан ўтган даврга тўғри келади. Ушбу уруғларнинг аъзолари Панжоб туманининг шимоли-ғарбий қисмида, ҳозирги Атток шаҳри ҳудудида ўрнашиб қолганлар. Улар ажойиб жангчи ва бошқарувчи саналиб, ўз ҳудудларини намунали бошқарганлар” (Муҳаммад Изҳор ул-Ҳақ. Жалолиддин Мангуберди - Ватан ва юрт ҳимоячиси мавзусидаги халқаро конференция материаллари. Урганч. “Фан” нашриёти. 1999 й. 36-40 бб.).
Покистон зиёлиларининг асосини қурган аксар олимларнинг келиб чиқиши ҳам ўзбекистонликдир. Масалан, Покистон адабиётига энг катта таъсир ўтказган Мирзо Бедил (1644-1721 йй.) ва Мирзо Ғолиб (1797-1869 йй.) аслан Ўрта осиёликдир. Мирзо Ғолибнинг “Девон”и Покистонда энг кўп харид қилинувчи китоб ҳисобланади.
Икки минтақа ўртасида савдо йўлларининг тарихи ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Жанубий ва Шарқий Осиё оралағи табиий тўсиқ – Ҳимолай тоғ тизмалари билан ёпилганлиги сабабли бу икки минтақа савдогарлари Марказий Осиё орқали Буюк ипак йўлидан фойдаланар эди. Мазкур ҳолат эса бу савдо йўлларининг аҳамиятини янада оширади. Ибн Баттутанинг хабар беришича, ўрта асрларда Ўрта осиёлик савдо карвонларининг Ҳинд водийсига қатнови доимий тус олган. Айниқса, Марказий Осиё отлари, Хоразм қовунлари каби товарлар Ҳинд водийсида қиммат баҳоланган.
Умумийликни икки халқнинг ошхонасида ҳам кузатиш мумкин. Зеро, Покистон миллий таомлари маданиятига ўзбекона турмуш тарзи ҳам беқиёс таъсир қилган. Палов, сомса, ҳолва, шир ҳурмо, телдег, кабоб ва бошқа кўплаб таомлар аслида ўзбек таомларидир. Мазкур таомлар маҳаллий озуқаларга аралаштирилиб кейинчалик Ҳайдаробод, Лакнау, Лаҳор ва Пешавор мусулмонлари томонидан ривожлантирилган. Энг диққатга сазовор жиҳати шундаки, Покистоннинг миллий тили бўлган урду ва бошқа барча минтақадаги тиллар ўзбек тили билан оҳанг ва мазмун жиҳатдан ниҳоятда яқин. Ҳатто, 2021 йил Тошкентга ташриф буюрган Покистон Бош вазири Имрон Хон “Президент дўстим Шавкат Мирзиёев билан суҳбатимиз узоқ давом этганидан, мулоқотимиз охирига бориб мен у жаноб сўзлаётган сўзларни тушуна бошладим. Чунки урду ва ўзбек тиллари бир-бирига яқин. Яна кўпроқ мулоқот қилсак, таржимонга ҳожат қолмас экан”, дея таъкидлаган эди.
Юқоридаги мисоллар орқали икки минтақа тарихида бугунги чамбарчасликнинг асл илдизларини кўриш мушкул эмас.
Бу илдизлар илмий-маърифий, маданий муносабатларимиз ривожланиши учун катта замин мавжудлигини билдириши билан бир қаторда, ўзаро дўстлик, ҳамкорлик йўлининг аждодларимиз томонидан минг йиллардан буён ёритиб келинаётганини ҳам англатади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилаётган прагматик ташқи сиёсатнинг мазмун-моҳияти акс этган “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини амалга оширишда устувор аҳамият касб этадиган вазифалардан бири сифатида қўшни Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилишига амалий ёрдам кўрсатиш, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этишнинг белгиланишига жуда катта аҳамият берилаётгани бежиз эмас.
Дарҳақиқат, ўтган йиллар давомида бу борада бир қатор амалий ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, 2018 йил декабрда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Афғонистон ва Покистон темир йўл компаниялари раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтган эди. Унда “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилиши бўйича қўшма ишчи гуруҳ ва молиявий консорциум ташкил қилиш ҳақида келишиб олинганди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа 5 миллиард долларни, темир йўл узунлиги эса 573 километрни ташкил қилиши белгиланганди. Янги темир йўлдан йилига 20 миллион тоннагача юк ташиш мумкин бўлади. Ушбу лойиҳанинг амалга ошиши Марказий ва Жанубий Осиёнинг янада мустаҳкам ва шахдам қадамлар билан тараққий этишига хизмат қилади, албатта.
Шунингдек, 2021 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси Давлат раҳбарининг Тошкентга ташриф буюрган Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлари натижасида икки мамлакат, икки минтақа ўртасидаги тарихий ришталар қайта жонланиб, яна бир поғонага кўтарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан покистонлик олимлар билан кенг миқёсда ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Ушбу ҳамкорлик натижаси ўлароқ ўтган йил уч тилда – ўзбек, инглиз, урду тилларида нашр қилинган Марказнинг Хоразм вилояти бўлими раҳбари Бекзод Абдиримов ва покистонлик Васим Сажжадлар ҳаммуаллифлигидаги “Султон Жалолиддин Мангуберди Покистонда” асари икки мамлакат дўстлиги тарихининг ёрқин тимсоли бўлди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан келгусида ушбу мамлакатга илмий сафарлар уюштириш, Абу Райҳон Беруний, Жалолиддин Мангуберди ва бошқа аждодларимиз тарихининг ўрганилмаган саҳифаларини тадқиқ қилиш режалаштирилган.
Бу билан икки давлатнинг ўзаро дўстлигини мустаҳкамлаш, халқларни янада яқинлаштириш, минтақалар ривожига ҳисса қўшиш барчамизнинг мақсадимиздир.
Бекзод АБДИРИМОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Хоразм вилояти бўлими раҳбари.
Васим САЖЖАД,
Исломобод Фан ва технологиялар
университети тадқиқотчиси