Давлатимиз раҳбари судларда ишларни кўриб чиқиш сифатини ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш зарурлигига яна бир бор эътибор қаратганлиги, шубҳасиз, суд ҳокимиятининг обрўсини оширишга ва унинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш билан бир қаторда Фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратураси ва Адвокатлар палатасининг суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш ҳақида жиноят-процессуал қонунчиликка янги тартиблар жорий этилди.

Албатта, процессуал қонунчиликни ўзгартириш тўғрисидаги бундай муҳим қарор дарҳол пайдо бўлмади. Авалги жиноят-процессуал қонуни бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тартиби бир неча бир бирини такрорлаётган босқичлардан иборат бўлганлиги, ушбу ҳолат нафақат фуқароларни сарсонликка олиб келиши, балки замонавий талаблар ва халқаро стандартларга жавоб бермаслиги билан изоҳланди.

Мисол учун, жиноят-процессуал қонунчилигида, ҳукм чиқарилганидан сўнг, манфаатдор томонлар ҳукм устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят қелтиришлари мумкин эди. Кейинчалик қонуний кучга кирган ҳукмга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Бош прокурор, уларнинг ўринбосарлари назорат тартибида протест киритиб, жиноят иши бўйича барча суд қарорларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси номидан чиққан ҳукмини ҳам бекор қилишлари мумкин эди. Кўриниб турибдики, суд ҳукми қонуний кучга кирганига қарамай, жиноят иши юқори инстанция судларда бир неча бор кўриб чиқилгандан сўнг, умуман қарама-қарши қарор қабул қилиниши мумкин.

Янги қонунда суд қарорларини қайта кўриб чиқиш институти юзасидан қўйидаги тартиблар жорий қилинган:

туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш тартиби жорий қилинган.

Шубҳасиз, Президент томонидан илгари сурилган "бир суд - бир инстанция" тамойилини одил судловни самарали таъминлаш, суд қарорларини мустаҳқамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш учун асосли ҳисобланади.

Суд томонидан  чиқарилган ҳукмининг қонунийлигини тан олиб, уни қайта кўриб чиқиш босқичларини камайтирсак, бизлар ҳақиқий суд ҳокимиятини таъминлашга, фуқароарнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга эришамиз. Президентимиз таъкидлаганидек, “суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак!”

                                                                                           Дилбар СУЮНОВА,

Тошкент давлат юридик университети

Жиноят процессуал ҳуқуқи 

кафедраси профессори в.б., юридик фанлар доктори