Бу ҳақда ДХХ маълум қилди.
Маълум қилинишича, Термиз туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги “MAN” русумли юк автомашинаси Афғонистондан “Термиз-автомобиль йўли” халқаро ўтказиш пункти орқали кириб келган вақтда текширувдан ўтказилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган кўрик давомида автомашина юкхонасида картошка маҳсулотлари борлиги аниқланган.
Бироқ синчков текширув натижасида картошка кўринишида махсус яширилган 222 дона бўлакдан иборат, жами 72 кг 300 грамм “гашиш” моддаси фош этилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур гиёҳвандлик воситалари Россия Федерациясига олиб чиқиб кетилиши режалаштирилган бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Фуқаролардан шубҳали ҳолатларга дуч келганда ДХХнинг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилиш сўралди. Шахс сир сақланиши кафолатланади.