Улар компьютер у ёқда турсин, оддий лингафон нималигини билмаган. Бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқат, дейилса-да, ёшлар учун бугун бир эртакдек туюлмоқда. Чунки биз давлатимиз раҳбарининг беқиёс ғамхўрлиги туфайли кўркам кошоналарда, кенг, ёруғ ва замонавий аудиторияларда таълим оляпмиз.

Президентимизнинг ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қарашлари ўтган қисқа вақт давомида қатор қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топиб, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчилик тизими тубдан такомиллаштирилди.

Ўтган тўрт йил вақт мобайнида ёш авлод камолотига қаратилган элликдан ортиқ ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, тўртта қонун, Президентимизнинг ўттиздан ортиқ фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг қирқдан зиёд қарори қабул қилинди. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Ривожланган давлатлари тажрибаси шуни кўрсатяптики, қайси мамлакатда ёшлар ҳуқуқлари тўлақонли таъминланса, ўз қобилиятини намоён этиши учун зарур имкониятлар яратилса, уларнинг юрт тараққиётига қўшадиган ҳиссаси ниҳоятда юқори ва самарали бўлади. Мамлакатнинг глобаллашув жараёнига кириб бориши тезлашади.

Бизнинг мамлакатимизда ҳам ёшларга, айниқса, уларнинг замонавий билим олишига эътибор кучайди. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ниҳоятда кенгайди. Табиийки, харажатлар миқдори ҳам шунга мутаносиб —жаҳон стандартлари даражасида билим олишимиз учун давлат бюджетидан катта маблағ сарфланмоқда. Бугун дунё мамлакатлари пандемия туфайли иқтисодий инқирозга, молиявий таназзулга учраган бир вақтда, нечоғлик оғир ва қийин бўлмасин, мамлакатимизда ёшлар таълими учун зарур маблағ ва манбалар излаб топилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу маблағни харажат эмас, балки келажак камолоти учун қўйилган энг самарали сармоя деб ҳисоблаб, таълим даражаси ва сифати давлатнинг истиқболини белгилаб берадиган муҳим омил эканини таъкидламоқда.

Юртимизда буюк мутафаккирлар, улуғ алломаларнинг бебаҳо меросини қадрлаш, уни ёш авлод онгига чуқур сингдириш, ўқувчиларнинг аниқ фанлар бўйича юксак марраларни забт этишига кўмаклашиш, иқтидорини аниқлаш ҳамда рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги “Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари бунга яққол мисолдир.

Зотан, Ўзбекистон тарихида аниқ фанларга оид тадқиқотларнинг илдизлари энг қадимги даврга бориб тақалади. Милоддан аввалги биринчи минг йилликда Ўзбекистон ҳудудида деҳқончиликнинг ривожланган тарихий-маданий марказларида Қуёш, Ой ва сайёраларнинг ҳаракатланиш қонуниятларига доир чуқур билимларга асосланган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишларини бажариш муддатларини белгиловчи тақвимлар ишлаб чиқилган.

Ўрта асрлар даврининг буюк мутафаккирлари Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райхон Беруний, айниқса, Мирзо Улуғбекнинг математика ва астрономия ривожига қўшган улкан ҳиссаси жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилган.

Мамлакатимизда аниқ фанларнинг келгусидаги тараққиёти, иқтидорли ёшлар орасидан ушбу соҳа бўйича малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг математика, астрономия ва аэронавтика соҳасидаги янги билимларни ўрганиши ва ўзлаштиришини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

БМТ маълумотларига кўра, бугун дунё бўйлаб 260 миллион бола мактабга бориш имкониятига эга эмас. Яна, 400 миллиондан ортиғи на ёзиш, на ўқишни билади. Агар бу ҳолатга қарши зарур чора-тадбирлар кўрилмаса, 2030 йилга бориб, ёш авлод вакилларининг 800 миллионга яқини ишга жойлашиш учун ўтказиладиган суҳбатларда оддийгина саволларга ҳам жавоб беролмайдиган даражага тушиши мумкин.

Нафақат олисдаги мамлакатлар, ҳатто ён-атрофимиздаги айрим қўшни давлатларда ҳам бу соҳада кўпгина оғир муаммолар ечилмасдан қолаётгани, болаларнинг катта қисми мактаб таълимини олиш имконига эга эмаслиги халқаро жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Бу борада Халқаро болалар ташкилоти — ЮНИСЕФ ва бошқа нуфузли тузилмаларнинг Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда эришилаётган салмоқли ютуқларни эътироф этаётгани бежиз эмас.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жаҳоннинг тараққий этган давлатлари тажрибасини ўрганиш имконияти тобора кенгайди. Улар тўплаган тажрибанинг биз учун мақбул жиҳатларидан фойдаланиш ҳам миллий дастурларимизда кўзда тутилган. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз таълим муассасаларининг чет эллардаги ўқув марказлари билан ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланмоқда. Чет эллик ўқитувчилар ва мутахассисларни хорижий тилда машғулот олиб бориш учун мамлакатимизга таклиф қилиш, чет эл ўқув ва илмий марказларида ўзбек кадрларининг малака ошириб қайтиши, шунингдек, иқтидорли талабаларнинг чет элларда таҳсил олиши қамрови кенгаймоқда.

Билим ва қобилиятини намоён этиб, танлов ва синовлардан муваффақиятли ўтган Ўзбекистон ёшлари Япония, Германия, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси, Буюк Британия, АҚШ, Франция ва бошқа ривожланган давлатларнинг энг яхши олий таълим муассасаларида таълим олиб, бакалавр ва магистр дипломларига эга бўлиши учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағ сарфланмоқда.

Шу билан бирга юртимизда жаҳоннинг машҳур етакчи университет ва институтлари филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Тошкент Халқаро Вестминстер университети, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Г.В.Плеханов номли Россия иқтисодиёт университети, Турин политехника университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Инҳа университети, Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси Миллий технологик тадқиқотлар университети, Пучон университети, ММФИ миллий тадқиқот ядро университети федерал давлат автоном олий таълим муассасаси, Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти олий мактаби, Аджу университети, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти федерал давлат автоном олий таълим муассасаси, Шарда университети, Вебстер университети, Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети филиаллари шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 августдаги “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада амалга оширилаётган ишларнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.

Мазкур қарорга биноан иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жонлантириш, мамлакат илм-фанининг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлигини таъминлаш, мавжуд илмий мактаблар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг инновацион салоҳиятини ривожлантириш учун, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили 26 декабрь куни Ўзбекистон ёшлари форумида “Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик — умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим — ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!” деб биз, ёшларга қимматли маслаҳатларини берди.

Мазкур форумда ёшлар ўртасида энг яхши илмий ишланмалар учун умумий қиймати ўттиз миллиард сўмдан ортиқ бўлган “Ёш олимлар” инновацион лойиҳалари танлови эълон қилингани қайд этилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлигига 2021 йилдан бошлаб мактаб ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Бўлажак олим” танловини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди. Бу орқали ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун эллик миллиард сўм маблағ йўналтирилиши маълум қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном беришни таклиф этиб, “Ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу сабабли биз ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларимизга таянамиз”, деб таъкидлади.

Нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш, улар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Шу муносабат билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони беш баробар оширилиши, бу дастур орқали илк бор бакалавр йўналишида чет элларга юз нафар йигит-қиз юборилиши, кейинги йиллардан уларнинг сони икки-уч баробар кўпайтирилиши маълум қилинди.

Президентимизнинг 2021 йил 3 февралдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида, биз, ёшларни қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб камол топишимиз учун зарур шарт-шароитлар яратишга оид қатор чора-тадбирлар белгилаб берилди. Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Бутунжаҳон ёшлар анжуманини ташкил этиш ва ўтказиш, “Йилнинг энг фаол ёшлар етакчиси”, “Йил сардори”, “Талабалар фестивали”, “Интеллектуал ўйинлар” ҳафталиги, “Йил талабаси” сингари кўрик-танлов ва мусобақалар ўтказиш, ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фанга кенг жалб этиш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш, соддалаштирилган тартибда ёшларнинг илмий лойиҳаларини молиялаштириш шулар жумласидандир.

Айниқса, ёшларнинг халқаро “IT” сертификатларини олиш харажатининг эллик фоизгача бўлган қисми бюджетдан қоплаб берилиши, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларни дастурлаш тилларини ўзлаштиришга қизиқтириш, халқаро таълим дастурлари (имтиҳонлар) бўйича энг юқори балл тўплаган иқтидорли ёшларга имтиҳон топшириш чиқимининг тўлаб берилиши каби имтиёзлар — биз, ёшлар учун чексиз имкониятлар эшиги очилаётганидан далолат.

Бундан ташқари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритаётган, ушбу соҳада муайян ютуқларга эришган истеъдодли ёшларнинг мазкур соҳада илғор тажрибага эга давлатлар томонидан ташкил этиладиган анъанавий ва масофавий курсларда иштирокини таъминлаш, йигит-қизларнинг хорижий тилларни ўрганиши учун янада кенгроқ имконият яратиш мақсадида бепул тил ўрганиш электрон платформасини яратиш, шунингдек, уларнинг Тошкент шаҳри марказида юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиш мақсадида алоҳида университет биносини барпо этиш бўйича чора-тадбирлар белгилангани эртанги кунимизга ишончимизни янада оширди.

Биз, ёшлар Ўзбекистонда яшаётган миллионлаб тенгдошларимизни соғлом ва эркин фикрлаш, янгидан-янги ташаббуслар билан чиқиш, маънавий-маърифий, маданий, ижтимоий-ҳуқуқий, ҳарбий ватанпарварлик, спорт-соғломлаштириш каби соҳаларда фаол бўлишга, шунингдек, бу борада энг мақбул лойиҳаларни ишлаб чиқиб ҳаётга татбиқ этишга чақирамиз. Чунки жонажон Ватанимизнинг эртанги тинч ва фаровон, тўкис ва барқарор ҳаётини барпо этиш бугунги саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ.

Аҳрор САИДОВ,

Тошкент Халқаро Вестминстер

университети талабаси