Ҳозирги ахборот-коммуникация технологиялари замонида ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қила олмаймиз. Айниқса, икки йилдан бери давом этиб келаётган пандемия туфайли интернетга эҳтиёж янада ортди. Бу пайтда интернет фирибгарлиги кўпайганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Бугун “ўргимчак тўри”нинг инсонлар ҳаётига кўпроқ кириб бориши натижасида, айниқса, онлайн буюртмалар кўринишидаги киберфирибгарлик сони ҳар қачонгидан-да кўпаймоқда.
Фирибгарликнинг бу тури ҳар хил усул ва шаклларда содир этилиши мумкин. Улар орасида энг кенг тарқалгани фишинг, кардинг ва фармингдир. Фишинг “балиқ ови” маъносини билдиради ва банклар, тўлов тизимлари номидан электрон хатлар юборади. Фойдаланувчини банк ва тўлов тизимлари билан бир хил кўринишда бўлган махсус сайтга киришга ундайди ва фойдаланувчи унда шахсий маълумотларини қолдириш орқали киберфирибгар тузоғига тушиши мумкин.
Кейингиси кардинг бўлиб, у фишинг сайтлар яратиш ва унда арзон нархдаги товларларни жойлаштириш ҳамда ундан харидорлар ўзининг шахсий маълумотларини (пластик картаси ҳақидаги маълумотларни) киритиш орқали киберфирибгарга пластик карта ҳақида маълумот берувчи, аммо бирор олди-сотдини амалга ошириш имконини бермайдиган киберфирибгарлик туридир.
Фарминг ҳам фирибгарликнинг фишинг сайтлар орқали содир этиладиган кўриниши бўлиб, унда фойдаланувчи сайт номини тўғри қайд этса ҳам сохта сайтга кираверади ва шу орқали шахсий маълумотини ўзи билмаган ҳолда киберфирибгарнинг қўлига топширади.
Бундан ташқари, ушбу жиноят бошқа усуллар билан ҳам содир этилиши мумкин. Ҳозир кўплар қўлидаги валютани интернет тармоғи орқали тегишли банк сайтларига кириш йўли билан онлайн тарзда алмаштиришга ҳаракат қилади. Курслар орасидаги тафовут бирмунча арзонроқ бўлган платформада пул алмаштиришга уриниб кўриши ва шу йўл билан бор маблағидан ажралиши кўп учрамоқда. Ёки сохта рекламага учиб, алдамчи фрилансерга чув тушиши мумкин.
Статистикага кўра, онлайн буюртма орқали фирибгарлик қилишнинг энг кўп тарқалган усули харид учун ҳақ тўланиб, харид қилинган буюмнинг харидорга етказиб берилмаслиги натижасида мулкдорга етказилган зарар ҳисобланади.
Ушбу жиноят барча давлатларда, хусусан, мамлакатимизда ҳам кўп учрамоқда. Статистик маълумотларга қараганда, фирибгарлик жинояти Ўзбекистонда транспорт воситалари ҳаракати ва улардан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлардан кейин иккинчи ўринда туради. Жумладан, Республика процессинг марказининг маълумот беришича, Uzcard брендидан киберфирибгарлик мақсадида расмий сайт интерфейси кўчириб олиниб, бонуслар олиш учун карта рақамини киритиш таклиф қилинган. Натижада шу орқали киберфирибгарлик амалга оширилган.
Шунингдек, “Киберхавфсизлик маркази” ДУК маълумотига кўра, 2021 йилда интернет тармоғининг миллий сегменти манзил майдонида 17 миллион 97 минг 478 та зарарли ва шубҳали ҳолат, жумладан, 1 354 106 та киберҳужум аниқланган.
Бундай жиноятни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик ёшини белгилаш ҳақида дунё давлатлари турлича ёш цензини таклиф қилади. Агар жиноят Ўзбекистон ҳудудида содир этилган бўлса, ушбу шахсга нисбатан ёш цензи 16 ёш деб белгиланган. Мазкур шахс Жиноят кодексининг 17-моддаси ва 168-моддасининг иккинчи қисми “в” бандига асосан, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб фирибгарлик жиноятини содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилади.
Шу ўринда савол туғилади: бундай жиноят кўпайишига нима сабаб бўлмоқда ва унинг олдини олиш мумкинми?
Ҳа, албатта, мумкин. Онлайн буюртмага асосланган фирибгарлик жинояти содир этилишига аксарият ҳолларда шахснинг ўзи сабабчи бўлади. Мисол учун, доимий фойдаланадиган онлайн дўконнинг домени номига жабрланувчи етарлича эътибор қаратмайди ва домен номидаги ўхшаш ҳарф ёки белги, рақамлар орқали сохта фишинг сайтга кириб кетади. Синалмаган сайтлар орқали онлайн буюртма қилиш ва пластик карта ҳақидаги маълумотни ўзи билмаган ҳолда фирибгарга бериб юбориш ҳам унинг тузоғига илинишга сабаб бўлади.
Онлайн буюртма вақтида пластик картани суратга олиб онлайн буюртма олувчи шахсга бериш ва ушбу шахс жабрланувчининг ишончига кириб, унинг пластик картасидаги маблағни ўзлаштириб олаётганини жабрланувчи билмай қолади. Ёки турли алдов рукнидаги сайтларга кириш ва унда назарда тутилган кетма-кет амалларни бажариш ортидан ҳам ўз мулкидан ажралиб қолиши мумкин. Мазкур ҳолатда онлайн буюртма фойдаланувчилари ҳеч қачон ўзига берилаётган қулайликдан воз кечиши керак эмас, фақат эҳтиёт бўлиш учун қайси ахборот тизими ёки платформа орқали нарса-буюм харид қилаётгани, эҳтиёжи учун назарда тутилган ахборот тизимига тўғри кираётгани ёки кирмаётганига эътибор қаратиши лозим. Шунингдек, ҳар хил алдовларга ишонмай, ҳар бир рекламанинг асосига эътибор қаратиши, ўз эҳтиёжи учун харид қилиши мақсадга мувофиқ.
Бундан ташқари, баъзи ҳолларда харид вақтида онлайн суҳбатдан унумли фойдаланиш орқали ҳам фирибгарлар тузоғидан қутулиш мумкин. Жабрланувчи онлайн харид вақтида савдо амалиёти қайси ҳудудда ўтказилаётгани ва имкони бўлса, офлайн сотиб олишга эҳтиёжи борлиги, нарса-буюм сотилаётган жой манзилини сўраш орқали ҳам фирибгар тузоғидан халос бўлиш мумкин. Агар сотувчи ҳалол шахс бўлса, учрашувга рози бўлади, аксинча ҳолатда юзлашишдан воз кечади.
Онлайн харид орқали фирибгарликка учраган ёки шундай вазият қурбони бўлаётган шахс, биринчи навбатда, зудлик билан платформани тарк этиши, пластик картаси ёки электрон тўлови ҳақидаги маълумотларни киритиб қўйган бўлса, операцияни тўхтатиши талаб этилади. Имкони бўлса, дарҳол тегишли банкка мурожаат қилиб, пластик картасидаги пул маблағларини музлатган ҳолда бошқа пластик карта ёки бошқа ҳисоб рақамга ўтказиши, рўй берган кўнгилсизлик хусусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши мақсадга мувофиқ.
Бундан ташқари, картадаги пулни зудлик билан мобиль иловалардаги банк омонатига жойлаштириши ёки ҳар бир банк операцияларини бажараётган пайтда тўлов амалга оширилаётган ахборот тизимига тўғри кирганига ишонч ҳосил қилиши керак.
Баъзи ҳолларда шахснинг эътиборсизлиги, электрон тўлов воситаларига кирувчи имкониятнинг хавфсизлиги таъминланмагани онлайн буюртма орқали фирибгарлик содир этилишига сабаб бўлади. Шу боис, харид имкониятини берадиган ахборот тизими ҳақида дастлаб батафсил маълумотга эга бўлиб, сўнг харид қилиш, тизимга киришнинг идентификация ва аудентификация ёки faсe (қиёфа) назорати усулларидан фойдаланиш тавсия этилади.
Онлайн харид бугун хусусий сектордан ташқари давлат секторига ҳам кириб борди. Электрон тижорат учун мавжуд имкониятдан давлат органлари ва идоралари хизматчилари ҳам фойдаланаётгани ижобий ҳолат. Бироқ яратилаётган ва жорий қилинаётган ахборот тизимларининг ахборот ва киберхавфсизлиги етарлича таъминланмагани ислоҳотларнинг пировард натижасига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу сабабли ахборот ва киберхавфсизлик талаб ларидан келиб чиқиб, нафақат давлат секторида, балки хусусий секторда ҳам лицензияланган дастурий маҳсулотлардан фойдаланишга ўтиш ва уни мажбурий қоида сифатида белгилаш бугуннинг долзарб масалалардан. Айнан лицензияланган дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш орқали шахс, жамият ва давлатнинг киберхавфсизлиги таъминланади. Лицензияланган дастурий маҳсулотларга келтирилган зарар қопланишини олдиндан аниқ билган ҳолда ундан фойдаланувчилар сони кўпаяди. Бунинг учун эса “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонун, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни кўриб чиқиш тавсия этилади.
Бундан ташқари, бугун тегишли ахборот-коммуникация технологиялари етарли эмаслиги ҳар томонлама ноқулайликни вужудга келтирмоқда. Шу сабабли рақамли иқтисодиёт бўйича ваколатли орган ташаббуси билан IT marketга ўхшаган платформа яратиш орқали тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақобат муҳитини ошириш мумкин. Шунингдек, давлат буюртмачиси бўлган идоранинг ахборот-коммуникация технологиялари билан боғлиқ шартномавий муносабатларга киришишига тақиқ ушбу соҳада ҳам рақобат муҳити такомиллашувига сабаб бўлади.
Юқоридаги таклифларнинг инобатга олиниши нафақат онлайн харид билан боғлиқ, балки бошқа ахборот тизимлари ва ахборот-коммуникация технологияларининг ахборот ва киберхавфсизлиги таъминланишига замин яратади. Қолаверса, барча фойдаланувчиларнинг дастурий маҳсулоти лицензияланиши ва лицензияланган ахборот тизимларига келтирилган зарарнинг ўрни қопланиши натижасида рақамлаштирилган жамиятда фойдаланувчиларнинг давлат органлари ва идораларига бўлган ишончи янада ортади, хусусий секторда ҳам лицензиял анган дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш амалиёти кенг йўлга қўйилади.
Абдулазиз РАСУЛЕВ,
юридик фанлар доктори, профессор,
Амириддин АНОРБОЕВ,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.