Ўзбекистон президенти фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизимини рақамли технологиялар асосида такомиллаштириш чоралари назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, 2028 йил 1 январдан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ҳар бир маҳаллада хавф индикаторларини автоматик равишда таҳлил қилиш тизими жорий этилади. Натижаларга кўра маҳаллалар уч даражага ажратилади:
яшил — хавфсиз, режали назорат етарли;
сариқ — эҳтиёт чоралари талаб этилади;
қизил — хавф юқори, техник-профилактика кўриклари ва кучайтирилган назорат зарур.
Шунингдек, маҳаллаларда фавқулодда вазиятларни барвақт олдини олиш мақсадида аҳоли хонадонларида техник-профилактика кўрикларини ташкил этиш, газ ва электр жиҳозларининг техник регламентларга мувофиқлигини мониторинг қилиш ҳамда аниқланган камчиликлар бўйича тегишли идораларга электрон маълумот юбориш механизми йўлга қўйилади.
Ҳар бир маҳалла бўйича хавфсизлик паспорти шакллантирилиб, хавф даражалари мунтазам қайта баҳолаб борилади. Фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлар сонининг камайиши, аҳолининг тайёргарлик даражаси ҳамда тезкорлик индекси каби самарадорлик кўрсаткичлари асосида таҳлил амалга оширилади.
Қарор лойиҳаси, шунингдек, соҳани 2028–2030 йилларда сунъий интеллект ва геоахборот тизимлари асосида рақамли трансформация қилишни ҳам назарда тутади.