Бу йил маҳаллаларга ажратилаётган маблағлар кўлами 25 триллион сўмга етказилиши,. «Ташаббусли бюджет» дастури доирасида 8 триллион сўм йўналтирилиши кўзда тутилган. Шундан 2 триллион сўм «Ташаббусли бюджет» жараёнлари учун туман ва шаҳар бюджетларида режалаштирилган, 320 миллиард сўм «Менинг йўлим» лойиҳаси доирасида туман ва шаҳар бюджетларидан ажратилиши, 4 триллион сўм «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилиши мўлжалланган бўлса, маҳаллий бюджетлар томонидан ажратилган қўшимча пулларнинг 30 фоизи ҳисобига 1,7 триллион сўм миқдоридаги маблағлар Фуқаролар ташаббуси жамғармаларига ўтказилиши белгиланган.

Жорий йилнинг биринчи мавсумида 55 970 та таклиф илгари сурилди. Уларнинг 33 680 таси ҳудудий ички комиссиялар томонидан саралаб олиниб, овоз бериш босқичига ўтказилди. Энг кўп овоз олган 1666 та лойиҳа ғолиб деб эълон қилинди.

Агар таққослайдиган бўлсак, 2021 йилда ўтказилган овоз бериш жараёнида 1,1 миллион фуқаро қатнашган бўлса, 2022 йилнинг дастлабки мавсумида уларнинг сони 6,7 миллиондан зиёдроқ бўлган эди. Жорий йилнинг мос даврида иштирокчилар сони 16 миллиондан ошди. Яна бир муҳим жиҳати, илк маротаба «Ташаббусли бюджет» дастурида республиканинг барча маҳаллалари ўз лойиҳаси билан иштирок этди.

Бу жараёнда энг фаол иштирок этиб келаётган Фарғона вилояти мисолида оладиган бўлсак, 1 062 та маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси томонидан 2 450 та таклиф илгари сурилиб, уларнинг 1 990 таси овоз бериш босқичига ўтказилди. Овоз бериш жараёнида билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлашда 2 миллион 222 минг фуқаро иштирок этди. Бу вилоят умумий аҳолисининг 57 фоизи ташкил қилади.

Натижалар таҳлилига кўра, умумий қиймати 141,3 миллиард сўмлик 133 та энг кўп овоз тўплаган лойиҳа ғолиб деб топилди. Булар ички йўллар, пиёдалар йўлакчалари, йўл ўтказгичларни таъмирлаш, умумтаълим ва мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ичимлик суви ва оқава тизимини яхшилаш, электр таъминоти сифатини ошириш, маҳалла гузари ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган мезонларга мувофиқ бошқа тадбирларни амалга оширишга доир лойиҳалардан иборат.

— Аҳоли кундалик ҳаёт тарзи учун керакли бўлган масалалар ечимида бевосита фуқаролар иштирок этаётгани. маҳаллий бюджет маблағларини холис ва шаффофлик асосида аниқ мақсадлар сари йўналтириш имкониятини бермоқда, — дейди вилоят молия бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳайитбой Хайруллаев. — Бу жараёнда ғолиб деб топилган таклифлар ижроси бўйича буюртмачи корхоналар лойиҳа-смета ҳужжатларини шакллантириш ҳамда уларни амалга ошириш учун «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали лойиҳачи ва пудратчи корхоналарни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Учкўпик туманидаги «Машад» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ички йўлларни таъмирлаш, транспорт ва аҳоли ҳаракати учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш борасида қилган кўплаб мурожаатлари йиллар давомида эътибордан четда қолди. Хусусан, ўз ҳолига ташлаб қўйилган ички йўллар ёзда чанг, ёғингарчилик кунларида лойга беланиб кетарди. Фуқаро Нормуҳаммад Носиров ҳамда Ойбек Абдураҳимовнинг Машад ва Бойтумор қишлоқ йўлларини таъмирлаш бўйича билдирган таклифлари «Очиқ бюжет» порталига жойланиб, 43 мингдан ортиқ овоз тўплади ва ғолиб бўлди. Тез орада умумий узунлиги 5 километрдан ортиқ, эни 4 мерт бўлган ички йўллар 2 миллиард 400 миллион сўм ҳисобига таъмирдан чиқарилади.

— Маҳалламизда 3 минг 700 нафар аҳоли яшайди. Бўлиб ўтган «Ташаббусли бюджет» дастурида барча ички йўлларни асфальтлаш юзасидан билдирган таклифимиз ғолиб бўлгани ҳаммамизни қувонтирди, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мирзоҳид Хўжаматов. — Ички йўлларни таъмирлаш борасидаги таклифлар билан аввалги мавсумларда ҳам иштирок этганмиз. Лекин керакли миқдорда овоз тўплай олмагандик. Бу гал ҳамма ушбу мақсад йўлида бирлашди. Эътиборлиси, одамлар ўз ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган масалалар ечимида ҳар жиҳатдан фаол бўлди, бир-бирини қўллаб-қувватлади. Мана энди узоқ йиллардан буён абгор ўиб ётган йўлларимиз павон бўлади, одамлар узоғини яқин, оғирини енгил қилишга хизмат қилади.

Ҳар бир маҳалланинг ўзига хос катта-кичик муаммолари бор. Ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви тортиш, электр ва газ таъминотини яхшилаш, мактаб, боғча, тиббий хизмат сифатини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалалари ҳамиша долзарб бўлиб келган. Аммо бугунга келиб вазият том маънода тубдан ўзгаряпти. Тўрт йилдан буён мавжуд масалалар амалий ечимини ўзида мужассам этган янги тизим, камчиликларни аниқлаш билан бирга, уларнинг ҳал этилишига камарбаста бўлмоқда .

Бағдод туманидаги 3-сонли умумтаълим мактаби йиллар давомида эътибордан четда қолиб келарди. Барча синфлар ва маъмурий хоналарни замон талаби асосида таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, компьютер билан таъминлаш, фаоллар залида керакли шароитлар яратиш зарур эди. Мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган мурожаатлар турли баҳоналар билан орқага сурилиб келинарди. Фуқаро Баҳромжон Абдусаминовнинг мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан билдирган таклифи «Ташаббусли бюджет» орқали фуқаролар томонидан қизғин қўллаб-қувватланиб, 14 минг 151 та овоз жамланди. Яқинда бу ерда умумий қиймати 1,1 миллиард. сўм бўлган қурилиш, ободончилик ишлари амалга оширилади.

— Аҳоли сони ва тадбиркорлик субъектларининг кўпайиб бораётгани электр энергиясига бўлган талабни ошириб боряпти, — дейди Қўштепа туманидаги «Ғиштмон» маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Оятилло Қодиров. — Электр таъминотини яхшилаш учун маҳалла ҳудудига яқин нуқтадан тармоқ тортиш, Ғиштмон ва Фидоий кўчасига 2 та, Жавоҳир, Янгиариқ, Оҳанг ҳамда Ибн Сино кўчаларига 1 тадан трансформатор ўрнатиш ва барча эски симёғочларни янги таянч устунларига алмаштириш, замонавий ёпиқ кабеллар тортиш, ёритиш чироқларини ўрнатиш юзасидан билдирган таклифим «Ташаббусли бюджет» жараёнида энг кўп овоз тўплаб ғолиб бўлди. Қувонарлиси, фуқаролар томонидан билдирилаётган таклиф очиқ, шаффоф тарзда тўпланган овозлар орқали аниқланаётгани айни муддао бўляпти.

Ҳақ гап. «Ташаббусли бюджет» орқали мамлакатимизда ижтимоий инфратузилмадаги камчиликлар манзилли ҳал этилмоқда. Энг муҳими, бу лойиҳалар аҳолининг талаб ва таклифлари асосида шакллантирилмоқда.

Ўтган куни Президентимиз аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан ўтказилган йиғилишда ана шу жиҳатларни алоҳида эътироф этар экан, «Ташаббусли бюджет» дастурида ғолиб бўлмаган кўплаб лойиҳаларга ҳам маблағ ажратилиши бўйича кўрсатмалар берди. Ғолиб лойиҳаларни сифатли бажариш билан бирга, илгари сурилган бошқа таклифларга ҳам эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.

— Масалан, 1 минг 300 та лойиҳага 2 мингдан ортиқ аҳоли овоз берган бўлсада, ғолиб бўлмаган. Бу — 4 миллиондан ортиқ аҳоли кўтарган масала ечимини топмади, дегани. Шунинг учун аҳолининг бу хайрли таклифларини қўллаб-қувватлашимиз зарур, — деди давлатимиз раҳбари.

Мазкур дастурда қатнашган 34 мингта лойиҳа келгуси йил бюджетини шакллантириш учун тайёр таклиф ҳисобланади. Масалан, маҳаллалардаги тиббиёт муассасаларини таъмирлаш бўйича мингдан ортиқ, мактабларни парта ва компьютер билан жиҳозлашга 5 мингдан зиёд лойиҳа таклифи келиб тушган.

Президентимиз кўрсатмасига биноан. «Ташаббусли бюджет»да 1 минг 500 дан ортиқ овоз тўплаган лойиҳаларни 2024 йилги бюджетни шакллантиришда инобатга олинади.

— Давлатимиз раҳбари 10 апрель куни имзолаган «Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида тизимга оид бир қатор вазифа ва қоидалар белгиланди, — дейди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азим Ҳасанов. — Жумладан, 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 1 309 та лойиҳа учун ҳам қўшимча равишда 1,3 триллион сўм маблағ ажратилади.

2023 йил биринчи мавсумда ғолиб деб топилган 2 975 та лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши қатъий назоратга олинади. Бунда жиҳозлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш сўнгги муддати этиб жорий йилнинг июль ойи, қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳаларни бажаришнинг сўнгги муддати этиб август ойи белгиланди.

Ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари доирасида бюджет ташкилотларининг раҳбар ходимлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ беришлари тақиқланади. Мажбурий овоз йиғишга мажбурлаш тегишли ташкилот ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланади. «Ташаббусли бюджет» жараёнида овоз тўплаш ва ғолибларни аниқлаш механизмини танқидий кўриб чиқиш, бу борада кенг жамоатчилик билан муҳокама қилган ҳолда, таклифлар ишлаб чиқишни назарда тутувчи чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

Расулжон КАМОЛОВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбирлари