Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги саммити тарихий аҳамиятга эгалиги ва юксак даражадаги муҳим халқаро тадбир экани билан ажралиб туради. У фақат ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг эмас, балки конструктив мулоқот ва ишончли ҳамкорлик қилиш истагидаги мамлакатлар вакилларининг ҳам учрашуви бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистоннинг мезбон сифатида олий даражадаги тадбирни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатлари кенг миқёсда э ътироф этилмоқда. Самарқанд саммити якуни ва мамлакатимизнинг ШҲТдаги раислиги натижаларини сарҳисоб қилар эканмиз,  Ўзбекистон нафақат мазкур ташкилот, балки бутун инсоният олдида турган долзарб масалаларни ўзаро мулоқот ва ишончга асосланган ҳамкорлик орқали ечиш борасида асосли таклиф-ташаббуслар билан чиққанини кўрдик.

Давлатимиз раҳбарининг ШҲТ кун тартибидаги долзарб ва келгусида муҳим аҳамият касб этиши кутилаётган масалалар бўйича таклифлари ташкилот миқёсида ижобий кутиб олинди. Уларнинг аксарияти ўзаро конструктив мулоқотни йўлга қўйиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда такомиллаштиришга қаратилгани билан диққатга сазовор. Бу жараёнда хавфсизлик соҳасидаги масалалар, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида транспорт логистикаси ва савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ташкилотнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш ҳамда ШҲТ миқёсида ривожланишнинг янги ўсиш нуқталарини топиш бўйича илгари сурилган таклиф ҳамда ташаббуслар ўзбек дипломатиясининг халқаро ва минтақавий тузилмалар фаолиятида янгича қараш ва ёндашувларга эгалигини намоён этди.

Конструктив мулоқот ва ҳамкорлик

ШҲТнинг Самарқанд саммити мазкур ташкилот тарихида биринчи марта 14 та давлат етакчилари ва 10 та халқаро ташкилот раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этгани билан ажралиб туради. Ўзбекистон Марказий Осиё, шунингдек, Шарқий ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ, Каспий денгизи минтақаси давлатлари раҳбарларини бир стол атрофида тўплади. Саммит давлатлар етакчилари учун минтақавий ва глобал кун тартибидаги қатор долзарб мавзуларни муҳокама қилишда самарали платформа бўлиб хизмат қилди.

“Бу пандемия синовларидан сўнг узоқ кутилган дўстларнинг юзма-юз учрашуви, шахсий мулоқот ва мамлакатларнинг келажагини белгилаб берувчи қўшма қарорлар қабул қилиш имкониятидир”, деди Ўзбекистон Президенти. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ташкилот фаолияти кенг ҳамкорликка йўналтирилган бўлиши ҳамда Марказий Осиё ШҲТнинг “географик ядроси” мақомини сақлаб қолиши лозимлигига урғу берди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, Президентимизнинг чиқиши ШҲТ фаолиятининг бир қатор концептуал жиҳатларини қамраб олган. Жумладан, ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва унинг очиқлигини сақлаб қолиш, хавфсизликнинг яхлитлик тамойилига қатъий риоя қилиш, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш бугун нечоғлиқ муҳим масалалар эканини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.

ШҲТ фаолиятининг асосий йўналишларидан бири

Ҳозир мамлакатимизнинг халқаро муносабатларида Афғонистон етакчи мавзуга айланган. Хусусан, сўнгги беш йилда Ўзбекистон етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг барча учрашув, форум ва йиғилишларида, албатта, Афғонистон мавзусига эътибор қаратиб келмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан Афғонистон мавзусида алоҳида халқаро даражадаги конференция ва учрашувларнинг ташкил этилаётгани ва юқори савияда ўтказилаётгани ҳам ўзбек дипломатиясининг катта саъй-ҳаракатлари натижасидир.

Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштиришни кучайтириш ШҲТнинг энг устувор йўналишларидан бири бўлиши ҳақида Самарқанд саммитида яна бир бор эслатилди. Президентимиз жорий йилнинг 25-26 июль кунлари бўлиб ўтган Тошкент конференциясини қўллаб-қувватлагани учун ҳамкасбларига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида афғон халқи яхши қўшничилик ёрдамига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтожлигини, Афғонистонни унинг муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслик ва  Кобул билан конструктив алоқаларни юритиш зарурлигини таъкидлади. Истиқболда Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасидаги фаолиятида катта аҳамият касб этувчи масалалардан бири, шубҳасиз, минтақа давлатларининг мавжуд халқаро транспорт логистикаси ва транзит салоҳиятидан унумли фойдаланиш бўлади.

Бу борада, айниқса, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий ўзаро боғлиқликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, бундай улкан лойиҳага, албатта, Афғонистонни ҳам жалб этган ҳолда, афғон заминининг иккита минтақани боғловчи кўприк сифатидаги ролини оширишга эришиш стратегик аҳамият касб этади. Бу борада давлатимиз раҳбари стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа — “Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўли коридори қурилишини ҳам қўллаб-қувватлашга чақирди.

Ушбу лойиҳа ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, савдо ва инвестицияларни кўпайтириш, умуман олганда, ШҲТ маконида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун кенг имкониятлар очиши мумкинлигига урғу берилди. Бундан ташқари, Президентимиз Термиз шаҳрида Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни биргаликда таъсис этишни таклиф этди. Мазкур фонд маблағлари афғон заминидаги ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилиши маълум қилинди.

Юқорида билдирилган фикрларни умумлаштириб, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги ҳамда Самарқанд саммитининг юксак даражада ташкил этилиши ва ўтказилишининг ўзига хос қатор  жиҳатларига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

Биринчидан, Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив мулоқот учун қулай майдон сифатидаги роли яққол намоён бўлди. Буни биз сўнгги йилларда мамлакатимизнинг халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга қатор учрашув ва форумлар ҳамда конструктив мулоқот ўтказиладиган ўзига хос платформага айланганида кўришимиз мумкин. Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамкорлик ва интеграция масалалари, қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда ушбу заминнинг келгуси тараққиёти билан боғлиқ масалалар юзасидан ўтказилган кўплаб тадбирлар шулар жумласидандир. ШҲТнинг Самарқанд саммити эса ана шундай тадбирларнинг энг нуфузлиси бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Иккинчидан, самарадорлик нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги ҳамда  Самарқанд саммити алоҳида ўринга эга бўлди. Хусусан, Самарқанд саммити доирасида жами 40 дан ортиқ ҳужжат имзолангани ушбу анжуманнинг самарадорлиги ва натижадорлигини кўрсатиб турибди. Мазкур ҳужжатларнинг аксарият қисмида Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган мақсад ва вазифалар мужассам бўлиб, ташкилот фаолияти учун катта аҳамият касб этади. Булардан 18 таси қарор, 4 таси халқаро шартнома ва 22 та бошқа ҳужжатдир.

Хусусан, стратегик ҳужжатлар сифатида ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс режаси, “Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой” темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича уч томонлама битим ҳамда Иқлим ўзгаришига муносабат бўйича ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг қўшма баёноти кабиларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Ўзбекистон ШҲТни 2040 йилгача ривожлантириш стратегиясини тайёрлашга киришиш таклифини ҳам илгари сурди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва ШҲТ оиласига кирувчи давлатлар ўртасида жами 36 та ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 15 та ҳамда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида 15 та ҳужжат имзоланди. Самарқанд саммити доирасида қабул қилинган муҳим ҳужжат ва қарорлар Шанхай ҳамкорлик ташкилотини келгусида тараққий топтириш ва ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини белгилаб беради. Шунингдек, ўзаро муносабатлар ва алоқаларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлайди.

Учинчидан, ташаббускорлик Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ёрқин хусусиятига айланди. Ушбу хусусият сўнгги йилларда ўзбек дипломатияси самарали фаолиятининг ажралмас қисми сифатида намоён бўлмоқда. Ўзбекистон дунёдаги халқаро ва минтақавий ташкилотлар фаолиятида ҳамда ҳамкор давлатлар билан муносабатларда минтақа ва дунё тараққиётининг долзарб масалалари ҳамда инсониятнинг барқарор ривожланиши, шунингдек, икки ва кўп томонлама муносабатларни юритиш ва мустаҳкамлаш юзасидан асосли таклиф ва ташаббусларни илгари сурмоқда. Айниқса, мамлакатимиз сўнгги йилларда ШҲТ доирасида 50 дан ортиқ таклиф ва ташаббус билдиргани ҳам фикримиз исботидир.

Тўртинчидан, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги ҳамда Самарқанд саммити халқаро илмий ва академик доираларда юксак эътирофга сазовор бўлмоқда. Шундай эътирофлардан бирига эътибор қаратиш ўринли бўлар эди. Жумладан, жаҳондаги илмий ва эксперт-таҳлилий доираларда юқори нуфузга эга мутахассис, Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми раиси Сиддхарт Саксена бундай дейди: “ШХТнинг Самарқандда бўлиб ўтган саммити бошқаларни сиқиб чиқариш ва босим ўтказиш орқали эмас, балки барчани бирлаштириш орқали кейинги ривожланиш позициясини белгилашда ҳал қилувчи роль ўйнади.

Айнан шу ерда Шавкат Мирзиёев ҳамжиҳатлик бўйича ажойиб ташаббусни илгари сурди. Марказий Осиёнинг ижобий тажрибаси бугун глобал Самарқанд ташаббусига айланмоқда. Хитой ва Ҳиндистондан тортиб Туркия ва Туркманистонгача турли сиёсий ва ижтимоий тизимлар вакиллари муштарак мақсад йўлида бирлашдилар. Бу инклюзивлик, мультилатерализм ва цивилизациялараро ўзаро ҳамкорлик руҳининг ҳақиқий намоёнидир”.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити чин маънода тарихий учрашув бўлди. ШҲТга Ўзбекистон раислиги давомида шаклланган “Самарқанд руҳи” узоқ йиллар давомида ташкилот фаолиятида акс этиб туради.